Ортиқча дабдаба ва исрофгарчилик: миллий тараққиётимизга ғов бўлаётган иллатга айланди

0
77

Мамлакатимизда асрлар давомида шаклланган ва қарор топган ўзига хос маънавий қадриятлар, миллий анъаналар бугунги кунда жамиятимизнинг ажралмас бир қисми, турмуш тарзимизнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда ўтказиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар шулар жумласидандир.

Болажон халқмиз. Фарзандимиз улғайгани сари яхши ният билан тўй тараддудига тушамиз. Бироқ кейинги пайтларда тўй билан боғлиқ анъаналаримиз қаторига айрим бемаъни урф ва расм-русумлар қўшилдики, уларнинг миллий қадриятларимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ, аксинча, ҳаддан зиёд дабдаба ва исрофгарчиликдан иборат бўлаётир. Тўй ва маъракалардаги номақбул ҳолат ва сарф-харажатларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари қарорлар қабул қилган бўлса-да, лекин кутилган натижани бермаяпти.

Аксинча, замон талабларига, ўзбек халқининг юксак маънавияти ва ахлоқига тўғри келмайдиган одатлар тобора урчиб бораяпти. Тўйлар, оилавий тантаналар, турли маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, меъёридан ортиқ дабдаба, халқимизнинг асрий урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар камаймаяпти.

Миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаёт­ган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, сариштали ўтказиш ўрнига тўйдан олдин ва ке­йин маданиятимиз, менталитетимизга тўғри келмайдиган тадбирларни ўйлаб топиш, такаббурлик билан, тўй ошига минглаб меҳмонларни таклиф этиш, исрофгарчилик, манманликка ружу қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда.

Энг ачинарлиси, баъзи ҳолларда бундай тўйларни ўтказишга кундалик ҳаётида ўзини қийнаб, оддий, лекин зарур харажатларни рад қилиш орқали, ўғли ёки қизининг тўйига маблағ йиғиш, ҳали мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган, ташкил топаётган оилани моддий таъминлаш манбаига эга бўлмаган ёшларни никоҳлаш ҳолатлари ҳам мавжуд. Бундай ҳолатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига олиб келмоқда, ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, уларда боқимандалик, ортиқча ҳою-ҳавасга ҳирс қўйиш ва енгил-елпи ҳаёт кечиришга,  қадриятларга беписандлик, оилавий можароларга сабаб бўлмоқда.

Тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, балки мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор, ижтимоий аҳамиятга молик масала саналади. Чунки тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани айни ҳақиқат. Аксинча, бор-будимизни бир кунлик исрофгарчилик учун эмас, балки ўзимиз, оила аъзоларимиз, яқинларимизнинг соғлиғини тиклаш, фарзандларимизнинг илм олиши, ҳунарли бўлиши, эҳтиёжманд, муҳтож оилаларга ёрдам бериш учун сарфласак ҳам оилани, ҳам жамиятни мустаҳкамлашга хизмат қилган бўламиз.

Яқинда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг оилалар моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришда кенг жамоатчиликни, айниқса, аёллар ва ёшларни фаол иштирок этишга чорлайдиган Мурожаати қабул қилинди. Тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз, дабдабасиз ўтказиш юзасидан мамлакатимиз халқига Мурожаатда айтилганидек, тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу экан, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказайлик. Бу эзгу ишга ҳамма бирдай ҳисса қўшиши лозим, ҳеч ким ўзини четга олиши, менга бунинг дахли йўқ, деб лоқайд бўлиши мумкин эмас.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, айрим мамлакатларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда дабдага йўл қўймаслик масалаларини тартибга солувчи қонун амал қилмоқда. Шундай экан, бизда ҳам тўй-маросимларни тартибга солиш, ихчамлаштириш, ортиқча дабдабанинг олдини олишга қаратилган қатъий чоралар ишлаб чиқиш вақти етди.  Албатта, бу саъй-ҳаракатлар миллий маънавиятимизга зид бўлган турли урф-одатларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, бизнингча, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ҳам бу масала қонун билан мустаҳкамлаб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси халқимизнинг миллий ва маънавий қадриятлари, урф-одат ва анъаналарини сақлаш, оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий қадриятларни ардоқлаш, оилалар ҳаётида ҳамон сақланиб қолаётган нохуш ҳолатларга барҳам беришга қаратилган ишларда фаол иштирок этишни мақсад қилган. Партия ва депутатлар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Мурожаати асосида бу борадаги ишларини янада кучайтиради. Ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлашда бор имкониятни ишга солади.

Бир сўз билан айтганда, барчамиз ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этишимиз зарур. Бу борада одамлар билан суҳбатлашиш, айниқса, аёлларда тежамкорлик, ёшларда ушбу масалага масъулият ва дахлдорлик ҳиссини кучайтириш айни муддао.

Зумрад БЕКАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Оила ва аёллар масалалари бўйича
комиссияси раиси ўринбосари,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси


 

Оила саодати — жамият иқболи

 

Тараққиёт ғилдираги шиддат билан одимлаётган бугунги даврда одамлар онгида, руҳияти ва дунёқарашида ҳам жиддий ўзгаришлар бўлиши табиий. Вақт ўтиб, ҳаётга, ишга, оилага, урф-одату анъаналарга бўлган муносабатлар ҳам ўзгармоқда. Йилдан-йилга одамларнинг яшаш тарзида ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани, турмушимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлар, албатта, ҳаммамизни қувонтиради. Аммо, айниқса, сўнгги пайтларда миллий қадриятларимизга путур етказаётган, айрим оилаларда тўйни ортиқча дабдаба, исрофгарчилик билан кимўзарга ўтказиш ҳолларидан, тўйлардаги ортиқча урф-одатларнинг кўпайиб бораётганидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди.

Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг тўй-маросимлардаги дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг олдини олиш юзасидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Мурожаатида айни кўнглимиздаги гаплар айтилгани билан ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, десам янглишмаган бўламан.

Мурожаатда пул топиб, ақл топмаган, маънавий савия­си паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзлаётгани айтилган. Дарҳақиқат, бугун айрим оилаларда сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, ортиқча орзу-ҳавасга берилиш нафақат оила бюджетига, балки ёш оилалар маънавиятининг негизига ҳам жиддий путур етказмоқда.

Келинг, шу ўринда никоҳ тўйлари ҳақида бироз мулоҳаза юритайлик. Тўй аслида йиллар давомида яхши ният, эзгу орзу-ҳавас билан орқизиб кутиладиган, қавм-қариндошлар, ёр-дўстлар жам бўлиб, янги оилани қутлайдиган тадбир. Элга дастурхон ёзиб, никоҳни маълум қилиш гўзал удумларимиздан бири. Лекин, кейинги йилларда тўйларимизни дабдаба билан ўтказишга, янгидан-янги “кашфиёт”лар қилишга ўрганиб қолаётган эдик.

Мисол учун, сўнгги пайтларда тўйдан олдин бўлажак куёв билан келин турли сайрларга чиқиб, суратга тушиш­лари, “Севги тарихи” (“Love Story”) фотожамланмасини тайёрлатиб, тўй куни катта экранда намойиш этиши, келин бўлмиш дугоналарига бир хил либос кийдириш учун бемаъни харажат уюштириши, ёшларнинг тўйда вальс тушиши — халқимизга бутунлай ёт бўлган бундай одатлар тобора оммалашиб, одатий ҳолга айланиб бораётгани ачинарлидир. Энди ўйлаб кўрайлик: қуёв бўлмиш ҳали оила аталмиш муқаддас қўрғон остонасидаёқ бўлажак турмуш ўртоғини ҳаммага кўз-кўз қилиши шартмикин?! Ахир бу халқимизнинг ҳеч бир одоб-ахлоқ мезонларига тўғри келмайди-ку?! Бу билан айрим юртдошларимиз замонавийликни рўкач қилиб, ана шу каби “оммавий маданият” кўринишларини ўзлари англамаган ҳолда ҳаётимизга олиб кираётганини билармикан?!

Тўйларни ихчамлаштириш ҳақида сўз кетганда, гап кўпроқ аёллар ва орзуманд ёшларга бориб тақалади. Бу борада эркакларнинг қатъиятсизлиги, меъёр ва талабни ушлай олмаслиги, оиладаги нуфузидан ўринли фойдалана олмаётгани барча муаммонинг боши эмасми?!

Мурожаатда оилавий тадбирларда санъаткорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатиши лозимлиги, миллий урф-одатларимиз ва маънавиятимизга тўғри келмайдиган куй-қўшиқлар, рақс ва томошаларнинг олдини олиш, кўчалар, майдонлар ва бошқа жамоат жойларида турли замонавий техник ускуналар, жумладан, овоз кучайтирувчи воситалардан фойдаланилиши атрофдаги инсонларнинг ҳаловатини бузаётганига ҳам эътибор қаратилган.

Дарҳақиқат, бугун тўйларда қулоқни қоматга келтираётган мусиқалар янграётганига чидаб бўлмайди. Тиббиётда шовқин даражаси 70-90 децибелдан баланд бўлган мусиқа одамнинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиши исботланган. 100 децибелдан зиёд шовқин бўлган жойда узоқ вақт ўтириш одамнинг эшитиш қобилиятини заифлаштириши мумкин. Ваҳоланки, бугун тўйларимизда куй-қўшиқларнинг овози меъёр кўрсаткичидан анча юқори. Қолаверса, тўй оқшомида асосан хорижнинг енгил-елпи қўшиқлари янграмоқда. Бугун айрим “босар-тусарини” билмаётганлар никоҳ базмига бирваракайига 10-15 хонандани чақираётгани ҳам бор гап. Уларнинг ҳаммасига навбат етиши учун 5-10 дақиқадан вақт ажратилади. Хонандалар ҳам шунга мослаб, анчайин “тўйбоп” қўшиқларини ярим-ёрти қилиб, дискка ёзиб тайёрлаб қўйган бўлади. Ёки бўлмаса, тўйхона олдида қатор турадиган ҳашаматли замонавий машиналарни кўриб, ҳайратдан ҳам кўра уларнинг ярим кунлик хизмат ҳақи ҳақида ўйлайсан киши…

Бугун дабдабали тўй маросимларидан ўрнак олаётган, “менинг кимдан камим бор” қабилида иш тутаётганлар, афсуски, кўплаб топилади. Натижада бундай шуҳратпарастлар бир кунлик ҳою-ҳавасни деб қарзга ботаётир, уни тўлай олмай сарсон-саргардон бўлмоқда.

Сирасини айтганда, ҳар бир ота-онанинг энг катта орзу-нияти жондан азиз фарзандининг бахту иқболини кўришдир. Бунга фақат дабдабали тўй қилиш билан эришиб бўлмайди, бахт ортиқча сарф-харажат ёки дабдаба билан сотиб олинмайди. Унга фарзандларга берилган яхши таълим-тарбия бериш орқали эришиш мумкин. Шундай экан, мавжуд долзарб масалаларга барчамиз биргаликда оқилона ечим топсак, айни муддао бўлади, деб ўйлайман. Бу борада ишлаб чиқиладиган таъсирчан чора-тадбирлар, амалга ошириладиган янги ташаббуслар жамиятимиз равнақига, оилалар тотувлиги ва ёшларимиз бахт-саодатига хизмат қилади.

Зулайҳо КАМОЛХЎЖАЕВА,
Яшнобод тумани фуқаролик
далолатномасини ёзиш бўлими мудираси,
халқ депутатлари Яшнобод
туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг