Аёл ҳаётидан рози бўлса… ЎзМТДП фаолиятида хотин-қизлар муҳим ўрин тутади

0
43

Кўклам нафаси сезилиб, қир-адирларда бойчечак бўй кўрсатган, табиатга уйғун кўнгиллар ҳам янги уйғониш палласига қадам қўйган шу кезларда Халқаро хотин-қизлар куни мамлакатимизнинг барча гўшасида катта шодиёна билан қарши олинмоқда. Ҳар қандай байрам нафақат шодиёна, балки шу йўналишдаги фаолиятни сарҳисоб қилиш, келгуси режаларни белгилаб олишга ҳам ундайди.

Шу ўринда савол туғилади: мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ЎзМТДП қандай иштирок этмоқда? Партия ҳаётида хотин-қизлар қандай ўрин тутади? Улар мамлакатимизда кечаётган бугунги янгиланиш ва ўзгаришларга қай даражада ҳисса қўшмоқда? Жамиятимиз ҳаётидаги янгиланишлар партия “Аёллар қаноти” фаолиятида қанчалик акс этяпти?

Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида партиянинг бир гуруҳ фаол аёлларини суҳбатга тортдик.

Шаҳноза СУЛТОНОВА,
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия
қўмитаси девони бош мутахассиси:

— Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли, ўрни ва нуфузини мус­таҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бош қомусимизнинг алоҳида бобида оила, оналик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши масаласи мустаҳкамланган. Аёлларга бўлган юксак эҳтиромнинг амалий ифодаси сифатида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш, улар манфаатини ҳимоялашга қаратилган қатор миллий ва халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам ўз дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашиш, жамиятнинг асосий бўғини саналмиш оила институтини мустаҳкамлаш борасида муайян саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Айни пайтда ЎзМТДП аъзоларининг 48 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этаётгани ҳам партиямиз фаолиятида аёлларнинг ўрни ва роли ортиб бораётганидан далолат. ЎзМТДП сайловолди Платформасининг ҳар бир йўналишида белгиланган вазифалар бевосита хотин-қизлар, фарзанд тарбиясига дахлдорлиги, мунис оналар манфаати билан уйғунлиги партиямиз ғояларининг ҳаётий бўлиши ва хайрихоҳларимиз сафиниинг кенгайишига хизмат қилаётир.

Жамила НИЁЗОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

—  ЎзМТДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси вакили сифатида “Аёллар қаноти” ўтказаётган барча тадбирда фаол иштирок этамиз. Унда қабул қилинаётган қонунлар, Президентимиз фармон ва қарорлари ҳамда Давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини аҳоли жумладан, хотин-қизлар орасида кенг тарғиб қиламиз. Бу жараёнларда хотин-қизларнинг  билдираётган фикр-мулоҳазаларини тинглаб, тадбирларимиз ўз самарасини кўрсатаётгани, аҳолининг ҳуқуқий маданияти кундан-кун юксалиб бораётганига ишонч ҳосил қиляпмиз. Бугун мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар шиддати ҳар биримиздан ушбу янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этишимиз, бизга билдирилган ишончни оқлашимизни тақозо этади.

Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фао­лиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида хотин-қизлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ мавжуд ҳаётий муаммолар аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилган, уларни бартараф этиш юзасидан зарур амалий таклифлар белгиланган.  Фармонда жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларни рағбатлантириш, хусусан, улар учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этиш кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу ҳужжат мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра, хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини самарали ташкил этиш, умуман, бу соҳада олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш, опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бахтли ва ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Анора БОБОМУРОДОВА,
ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши
раиси ўринбосари:

— Ватанга, оилага, ҳаётга ва келажакка эҳтиром — аёлга, онага эҳтиромдан бошланади. Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади. Зеро, дунёдаги жамики буюк зотлар оқила ва доно аёллар бағрида ўсиб-улғайган. Шу боис ҳам аёлни азалдан муқаддас билиб, унга ҳурмат-иззат кўрсатилган. Ушбу ҳаётий ҳақиқат истиқлол йилларида амалда тўла ўз исботини топди.

Бугун аёлларимиз ҳар соҳада фаол, бахтли ва ҳаётдан маъно топиб яшамоқда, соғлом, баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказмоқда. Партиямиз сафида фаолият юритаётган аёллар ҳам ЎзМТДП ғояларини тарғиб қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган  кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этишга интилади. Улар фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган қатор лойиҳа, кўргазма ва кўрик-танловлар мунтазам ташкил этиляпти. Уларда оилада юксак маънавий-ахлоқий муҳитни ривожлантириш, давлат, жамият ва оиланинг фарзандлар тарбиясига эътибори ва ғамхўрлигини кучайтириш, ёш авлодни миллий анъаналар ва урф-одатлар асосида, қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, партиямизнинг асосий электорати — оилавий тадбиркор, ҳунарманд ва касаначилар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларига қаратилган қатор амалий тадбир ва кўргазмалар ЎзМТДПнинг дастурий вазифалари рўёбида муҳим аҳамият касб этаётир. Хотин-қизлар иштирокида ташкил этилаётган турли спорт мусобақалари, фестиваль ва акциялар партия атрофида юксак билимли, зукко ва ташаббускор ёшлар ва хотин-қизларни бирлаштиришга хизмат қилмоқда.

Севара ҲОШИМОВА,
 халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат:

— Хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга қулайликлар яратиш энг юксак қадриятларимиздандир. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, интилиш ва ташаббуслар­ни қўллаб-қувватлаш, ибратли анъана ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш йўлида изчил фаолият олиб бораётир.

Айни пайтда халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган 10 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Ўз фаолиятимиз давомида партиямиз сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, жойларда аҳолини ўйлантираётган айрим масала ва муаммоларни чуқур ўрганиб, улар ечимини ваколат доирасида ҳал қилинишига кўмаклашяпмиз. Хусусан, “Депутат билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида ҳудуд аҳолисининг таклиф ва мурожаатларини ўрганиш жараёнида, кўплаб хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилди, турмуш фаровонлиги яхшиланди, бандлиги таъминланди.  Шунингдек, ҳудуд ҳаёти учун долзарб масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларига ташаббус-масала сифатида киритилмоқда. Бу каби амалий саъй-ҳаракатлар жараёнида бизнинг ҳам муносиб улушимиз борлиги янада руҳлантириб, фаолиятимизни кучайтириш, ўз бурчимизни виждонан бажариш ва янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишга ундайди.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг