Миллий қадриятлар — миллат ғурури

0
55

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Бухоро вилоят кенгаши партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда 21 март —  Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб “Миллий қадриятлар” фестивалини ташкил этди. Фестивалдан кўзланган мақсад — ёшлар ўртасида миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизни кенг тарғиб этиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, иқтидорли, ижодкор ўғил-қизлар ҳамда ёш олимларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборат. 

Айни кунларда мазкур фестивалнинг туман ва шаҳар саралаш босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят телерадиоканали, қатор олий ўқув юртлари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва халқ таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилаётган “Миллий қадриятлар” фестивалида асосан ёшлар иштирок этмоқда. Фес­тивалнинг Бухоро шаҳар, Вобкент ҳамда Қоровулбозор туман  босқичларида ўзаро уч гуруҳ — 14-16, 17-19 ҳамда 20-25 ёшгача бўлган партия ҳайрихоҳлари ўз маҳоратини синовдан ўтказди. “Миллий қадрият ва анъаналар — ғурур, ифтихоримиз” мавзусидаги мақолалар танлови, “Янги Ўзбекистон тарихи билимдони”, “Бухоро маданий мероси тарихи билимдони”, “Миллий қадриятлар куйчиси” ҳамда “Миллий ўйинлар” номинациялари бўйича иштирокчилар бой тарихимиз, ўзига хос урф-одат ва анъаналаримиз, юртимизнинг бугунги тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кенг хабардор эканликларини намоён этдилар.

Маълумки, вилоятда турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Фестивалда уларнинг  ҳам фаол қатнашаётгани юртимизда барча миллат ва элат бирдам эканлигини кўрсатади. Айниқса, Қоровулбозор туманида ўтган  фестивалда қозоқ миллатига мансуб йигитларнинг “Миллий ўйинлар” номинациясидаги иштироки тенгдошларининг олқишига сазовор бўлди.

Фестиваль номинациялари иштирокчилардан юксак билим, маҳорат ва истеъдодни талаб этади. Унда фаол иштирок этаётган билимли, салоҳиятли,  қалбида ғурур ва ифтихорни мужассам этган ёшларни кўриб, бу каби маърифий лойиҳалар ўғил-қизларнинг қизиқиши ва иштиёқи, иқтидорини намоён этиш йўлидаги интилишини орттиришда муҳим қадам бўлаётганига амин бўласиз.

— Мазкур анжуман воситасида кўплаб истеъдодли ёшларни кашф этяпмиз, — дейди ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши ёшлар масалалари бўйича етакчи мутахассиси Дилфуза Яҳёева. — Наврўз айёми арафасида илк маротаба ташкил этилаётган “Миллий қадриятлар” фестивали миллий анъана ва қадриятларимиз боқийлигини таъминлаш, асраб-авайлаш ва ёшларни миллий руҳда тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Фестивалнинг туман ва шаҳар босқичларида ҳар бир номинация бўйича ғолиблар аниқланмоқда. Ғолиблар Наврўз умумхалқ байрами арафасида бўлиб ўтадиган вилоят босқичида иштирок этиш имконига эга бўлади.

Ҳасан АБДУЛҲУСЕЙНОВ,
ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши
етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг