Автомобиль транспорти фаолиятидаги янги имкониятлар: энг аввало, аҳолига қулайликлар яратади

0
31

Сўнгги пайтда автомобиль транспорти соҳасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, фуқароларнинг автомобилларда  ташувларга бўлган эҳтиёжини имкон қадар тўлақонли таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида йўловчи ташиш йўналишлари тармоғи кўлами 1,4 бараварга ортди. Бугун Республика бўйича фаолият кўрсатаётган 117 та йўловчи автовокзали ва автостанцияси аҳолининг узоғини яқин қилишга хизмат қилмоқда. Соҳада олиб борилаётган ишлар билан бирга талай муаммолар ҳам мавжудлиги, автотранспорт хизматлари соҳасини жадал ривожлантиришнинг мавжуд имкониятлари ва захираларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланилмаётганлиги бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришни тақозо этади. Масалан, автотранспорт хўжаликларини модернизация қилиш замонавий талаблар даражасида эмас, соҳада ахборот-коммуникация технологиялари ва интеллектуал транспорт тизимлари етарли жорий этилмаяпти.

Бу каби масалаларни ҳал этишда 2018 йил 6 март куни қабул қилинган “Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг дарё транспорти соҳасидаги давлат бошқаруви бўйича ваколати Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилди. Агентлик Ўзбекистон автомобиль транспорти (“Ўзавтотранс”) агентлиги этиб қайта номланди, асосий вазифа ва фаолияти белгилаб берилди.Унинг зиммасига, автомобиль транспорти соҳасида ягона техника сиёсатини юритиш, меъёрий-ҳуқуқий ва методик базани такомиллаштириш, автомобиль транспортини ривож­лантириш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, хизматлар бозорида бозор муносабатларини ва рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида қулай шарт-шароитларни яратиш ва бошқа бир қатор вазифалар агентлик зиммасига юклатилди.

Қарорга кўра 2018-2021 йилларда 437 та янги йўналиш ташкил этилади. 84 та автовокзал ва автостанция қурилиб, реконструкция қилинади. Йўловчи автовокзаллари ва автостанциялари, умумий фойдаланишдаги йўловчи йўналишлари оралиқ бекатлари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинади ва таъмирланади. Бу эса аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш тизимини янада яхшилашга ҳисса қўшади. Шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, янги мунтазам халқаро йўналишларни очиш кўзда тутилган. “Ўзавтотранс” агентлиги зиммасига миллий ташувчиларнинг оғир юк ташувчи 3 минг 824 та автотранспорт воситаси паркини янгилаш вазифаси юклатилгани соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда муҳим ўрин тутади.

Соҳада кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни тизимли ташкил этиш муҳим ва долзарб масала ҳисобланади. Бу борада қарорда кўзда тутилган вазифалар келгусида ўз ижобий самарасини кўрсатиши шубҳасиз. Хусусан, автомобиль транспорти соҳасини ёш мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таркибидаги 3 та — Нукус автомобиль йўл хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи, Андижон транспорт ва хизматлар кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ҳамда Самарқанд автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи “Ўзавтотранс” агентлиги таркибига ўтказилмоқда.

Автотранспорт хизмати соҳасида ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаси саналади. Шундан келиб чиқиб, автотранспорт воситаларини харид қилиш ва автомобиль транспортини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш борасида кўзланган мақсад-вазифалар эътиборга молик. Бу ҳам соҳа ривожида, ҳам аҳоли учун қулайликлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Фармонга асосан 2022 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга соҳани янада ривожлантириш мақсадида имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, лизинг компаниялари ва халқаро ташувларни амалга оширувчи миллий ташувчилар Ўзбекис­тонга олиб кирилаётган ва мамлакатда ишлаб чиқарилиб харид қилинаётган юк автотранспорти воситаларини Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ундириладиган йиғимлар тўловидан озод этилди. Шунингдек,  асосий фаолияти автобусларда йўловчи ташишни амалга ошириш бўлган умумий фойдаланишдаги шаҳар йўловчи транспорти ташкилотлари энди ер солиғи тўламайди.

Ушбу қарор ижроси мамлакатимизда автомобиль транспорти тизимини  такомиллаштиришга, йўловчилар ташиш хавфсизлигини, уларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини юксалтиришга хизмат қилади. Жамоат транспорти йўналишларидаги транспорт воситалари ҳаракатининг белгиланган жадваллари ва оралиқлари маромига риоя этилишини таъминлайди, уларни масофадан онлайн тарзида кузатиш, йўловчилар транспортида йўл ҳақини нақд пулсиз тўлаш тизимини жорий этиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга кўмаклашади.

Мазкур қарорда кўзда тутилган мақсад-вазифалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида белгиланган  йўловчиларга, жумладан, мамлакатимизнинг олис ва етиб бориш қийин бўлган жойлари аҳолисига транспорт хизмати тизимини яхшилашга кўмаклашиш сингари дастурий вазифалар билан ҳамоҳанг ва уйғун. Бу эса унинг ижросини таъминлаш ва назорат қилишда ЎзМТДП депутатлик бирлашмаларидан фаол иштирок этишни тақозо этади.

Назир СОБИРОВ,
ЎзМТДП фракцияси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг