Мавжуд имкониятлардан ким, қандай фойдаланяпти? Тошкент вилоятида туризм салоҳиятини ошириш истиқболлари юзасидан мутасаддилар ахбороти тингланди

0
41

Туризм мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш, жойларда янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутади. Кейинги йилларда ушбу соҳани жадал ривож­лантириш, юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туризмни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш, айниқса, ички сайёҳлик хизматини ривожлантириш борасида Тошкент вилоятида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш”  демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши ва халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи ташаббуси билан вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи вилоят кенгашининг йиғилишида шу ҳақда сўз борди. Унда ЎзМТДП фракцияси аъзолари, партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

— Вилоятда туризм ва туристик хизматлар экспорти ҳажмини оширишнинг манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган, — деди Тошкент вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Сайфиддин Низомов. — Унга кўра, туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривож­лантириш, туристик хизматларни ички ва халқаро сайёҳлик бозорларига таклиф этиш, вилоятдаги сайёҳлик объектларини реконструкция қилиш ва ободонлаштириш, хизмат кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини бугунги кун талаблари даражасига кўтаришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Туризмни ривожлантиришда, аввало, ноанъанавий тарғибот усулларидан фойдаланиш, энг муҳими, сайёҳлик йўналишларини қулай ва ҳар томонлама ихчам ҳолатга келтириш, ҳудуднинг ободлиги ва саришталиги, намунали хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш эътиборли жиҳатлар саналади.

Туризмни янада ривожлантириш учун халқаро тажрибадан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Бу борада Ўзбекис­тон Республикасининг Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Украина ва Покистондаги элчихоналари билан ҳамкорлик юзасидан келишув ва “йўл харита”лари тасдиқланган. Хусусан, миллий маданий меросимизни чет элларда оммалаштириш, юртимизга хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида жорий йилнинг 21-22 февраль кунлари Тошкент вилоятининг туристик фирмалари, маданият ва санъат вакиллари Татаристон Респуб­ликасининг Қозон шаҳрида ўтказилган йирик халқаро анжуманда иштирок этди. Қозон шаҳрида вилоятнинг савдо уйи очилди, ҳудуднинг табиат манзаралари акс этган фотокўргазма намо­йиш этилди. Анжуман доирасида сайёҳларни жалб этиш бўйича меморандум имзоланди. Шунингдек, Жанубий Кореянинг 30 дан, Туркиянинг 50 дан ортиқ йирик компания раҳбарларидан иборат делегация вакилларининг Тошкент вилоятига ташрифи чоғида ҳам шу йўналишда ҳамкорлик масалалари юзасидан келишувга эришилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда соҳага оид амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилнинг январь-февраль ойларида 7 мингдан зиёд хорижий, 120 мингдан ортиқ ички сайёҳлар вилоят ҳудудидаги зиёратгоҳлар, дам олиш масканлари, туризм манзилларига ташриф буюрган. Натижада туристик хизматлар экспорти 2,8 миллион АҚШ долларини, кўрсатилган хизматлар ҳаж­ми 11,6 миллиард сўмни ташкил этди. Бироқ вилоятдаги мавжуд турис­тик салоҳият бундан-да юқори  экани ҳеч кимга сир эмас.

Йиғилишда вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри, архитектура ва қурилиш, иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармалари, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳамда Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги мутасаддиларининг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2017 йил 22 ноябрда бўлиб ўтган XXVI сессияси қарорининг ижроси доирасида вилоятда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Қарор ижросини таъминлаш, дуч келинаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан  ЎзМТДП фракцияси аъзоси Элдор Туляков, ЎзМТДП вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Шуҳрат Насимов, халқ депутатлари вилоят Кенгашига партиядан сайланган депутат Марҳабо Қурбонова таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди. Вилоятда партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳудудда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича қонунчилигимизда белгиланган ваколат ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётгани танқид қилинди.

— Вилоятда халқимиз тарихини ўзида мужассам этган музейлар, тарихий обида ва ёдгорликлар, шунингдек, баҳаво ва хушманзара дам олиш мас­канлари, муқаддас зиёратгоҳлардан иборат юзлаб сайёҳлик объекти мавжуд, — деди Марҳабо Қурбонова. — Ушбу масканларнинг барчасида ҳам, айниқса, хорижлик сайёҳларга таклиф этилиши мумкин бўлган бир қатор зиёратгоҳларда ободонлаштириш, саёҳатчилар учун қулайликлар яратиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилган, деб бўлмайди. Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2017 йил 22 ноябрда бўлиб ўтган сессиясида ҳудуддаги Шоҳрухия ва Қанқа археологик ёдгорликларини асраб-авайлаш, кадастр рўйхатидан ўтказиш, уларнинг чегаравий ҳудудини шакллантириш масалалари бўйича қарор қабул қилинган эди. Аммо, афсуски, қарорда белгиланган вазифалар  ижроси ҳануз таъминлангани йўқ. Мазкур масала бўйича тегишли бошқарма ва ташкилотларнинг масъ­улиятини ошириш, қарор ижросини таъминлашда депутатлик назоратини кучайтириш, соҳада вужудга келаётган муаммоларни бартараф этишда фаол иштирок этишимиз лозим.

Шоҳрухия ёдгорлиги темурийлар маданияти ва санъатини ўрганиш, ҳудуд тарихини чуқур тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ёдгорликнинг мавжуд қисмини сақлаб қолиш, асраб-авайлаш, туристик манзилга айлантириш масаласи зудлик билан ҳал этилиши зарур. ЎзМТДП ва мутасадди ташкилотлар бу борада ҳамкорликда иш олиб бориши, қарор ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўймаслиги, ҳудуднинг туризм салоҳиятини оширишда ташаббускор бўлиши зарур. Бу ўз навбатида, сайёҳлар сонининг ортиши, энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлаш ва келажакда вилоятни сайёҳлар, тарихчи олимлар ва зиёратчилар кўп келадиган ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.

Йиғилишда туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари олдида турган муаммолар тингланиб, уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди. Туризм индустриясини жадал ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш, соҳа ривожи йўлида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг