Ахсикент қайта тикланмоқда

0
106

Мамлакатимизда мавжуд маданий мерос объектлари, хусусан, табаррук қадамжолар, шаҳарларнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда муҳим саналган тарихий-меъморий ёдгорликлар, қимматли осори-атиқаларни асраб-авайлаш ва қайта таъмирлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари, партиядан сайланган депутатлар ваколатлари доирасида фаол иштирок этишга интилмоқда.

2015 йил 26 май куни халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи ташаббуси билан вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига “Наманган вилоятидаги моддий маданий мерос объектларининг сақланиши ва улардан фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масала олиб чиқилиб, қарор қабул қилинишига эришилган эди. Унда Ахсикент шаҳристони атрофини ободонлаштириш, унга борадиган йўлда бир неча тилдаги ахборот стендлари ўрнатиш ҳамда мазкур масканда очиқ осмон остидаги музей ташкил этиш вазифалари белгиланганди. Ушбу саъй­-ҳаракатлар натижасида 2017 йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Ахсикент” археология объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳукумат қарори ижроси доирасида Тўрақўрғон туманида Наманган вилояти ҳокимлиги муассислигида давлат унитар корхонаси шаклидаги “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси иш бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган илмий-амалий анжуманда давлат ва жамоат ташкилотлари, ЎзМТДПдан сайланган депутатлар, тарихчи олимлар, тадқиқотчилар, ёзувчи-шоирлар, соҳа мутахассислари хамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда сўз олган Наманган вилояти ҳокими, Хайрулло Бозоров, тарих фанлари докторлари Абдулҳамид Анорбоев, Рустамбек Шамсутдинов, “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси раҳбари, тарих фанлари номзоди Тоҳиржон Қозоқов ва бошқалар ёдгорлик мажмуасининг илмий концепцияси, дирекция фаолияти, мақсад-вазифалари, келгусида амалга ошириладиган илмий тадқиқот йўналишлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Тадбир қатнашчилари анжуман дастурига мувофиқ кўҳна Ахсикент  ёдгорлиги бўйлаб саёҳат қилди.

Одилжон МАМАТКАРИМОВ, Наманган муҳандислик-технология институти ректори, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари:

— Мамлакатимизда миллий маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар ва осори-
атиқаларни асраб-авайлаб келгуси авлодларга етказиш, ёшлар тарбиясида уларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятидан самарали фойдаланиш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар дои­расида узоқ йиллар мобайнида эътибордан четда қолган Ахсикент археологик ёдгорлигини ҳам юзага чиқаришга киришилди. Партия вилоят ташкилоти ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи ҳам ҳукумат қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этиб, эзгу ишларнинг рўёбга чиқишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Янги ташкил этилган дирекциянинг асосий вазифаси — “Ахсикент” археология мероси объек­тини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасининг лозим даражада бут сақланишини таъминлаш ва белгиланган тартибда рухсатнома олган археологларнинг қидирувлари, қазишмалари ва назоратини ташкил этиш, чуқур илмий археология тадқиқот натижалари асосида мажмуанинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишдан иборат.

Дарҳақиқат, қадимий ёдгорлик мажмуасига оид манбаларни малакали мутахассис ва экспертлар, олимларни жалб этган ҳолда атрофлича тадқиқ этиш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, тарихий-илмий асослар бўйича қадимий Ахсикент  шаҳрининг макетларини тайёрлаш, археология ашёлари, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб, видео ва фото ҳужжатлар каби бошқа манбалар ҳисобидан музейлаштирилган экспозиция-кўргазма яратиш, юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс маркази фаолиятини самарали йўлга қўйиш, туристлар, илмий тадқиқотчилар ва меҳмонлар учун қулай шароит ҳозирлаш, тарихий кўринишни сақлаган ҳолда мажмуанинг муҳофаза ҳудудидан ташқарисида замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, мажмуанинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардандир.

Тоҳиржон ҚОЗОҚОВ,
“Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ
этиш дирекцияси раҳбари, тарих фанлари номзоди, ЎзМТДП фаоли:

— Қадимий шаҳар харобаси бўлмиш Ахсикент ёдгорлиги  Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Тарихий манбаларда айтилишича, Ахсикат шаҳри милоддан аввалги III-II асрларда вужудга келган, IX-X асрларда Фарғона водийсининг пойтахти ҳисобланган. Унинг вайрон бўлишига 1621 йилда юз берган зилзила сабаб бўлган. Ахсикентни археологик жиҳатдан ўрганишга XIX аср охири ва XX аср бош­ларида киришилган.

Ибтидоси узоқ мозийга бориб тақаладиган Ахсикент  замини остида тарихимизнинг ҳали очилмаган сир-синоатлари яширинган. Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг 2017 йил июль ойида Наманган вилоятига ташрифи доирасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ахсикентда илмий тадқиқот ишлари, археологик изланишлар давом этмоқда. Қолаверса, бу тарихий масканда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ўрнатилиб, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган меъморий ансамбль ташкил этиш, Ахсикентни очиқ осмон остидаги музейга айлантириб, халқаро сайёҳлик йўналишларига киритиш режалаштирилган.

Мухтасар айтганда, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Ватанимиз тарихини янада чуқур тадқиқ қилиш, ёшларнинг бу борадаги билимларини бойитиш, тарихий бой меросимизни халқаро даражада кенг тарғиб қилиш, пировардида, маънавият соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш ва туризм соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг