Музейлар фаолиятини такомиллаштириш — муҳим вазифа

0
78

Картинки по запросу O'zbekiston muzeylari

Музейлар ўтмишни бугунги ҳаёт билан боғловчи маскан. Халқимиз уни бежизга тарих кўзгуси демайди. Айниқса, музейларда сақланаётган осори атиқалар ўтмиш ва бугунни таққослашда кони фойда.

Президентимиз раҳнамолигида музейлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш, музейларда сақланаётган ноёб экспонатларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастурил­амал бўлмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Термиз шаҳар кенгаши Термиз археология музейи ҳамкорлигида ташкил этилган “Музейларни ривожлантириш асослари: ҳолати ва истиқболлари” мавзуидаги давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

“Музейлар тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 февралдаги “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда ЎзМТДП дастурий вазифалари ижросига бағишлаб ўтказилган тадбирда партиянинг шаҳар кенгаши масъуллари, депутатлик гуруҳи аъзолари, вилоятдаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тарихчи ва археолог олимлар, музейлар ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида юртимиз тарихи ва маданияти, халқимизнинг бой маънавий мероси ҳақида тушунчага эга бўлиш, ундан бугунги авлодни хабардор этишда музейлар алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Шу боис мамлакатимизда мазкур муассасалар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг замон талаблари даражасида иш олиб боришини таъминлаш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда.   Музейлар тўғрисида қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазкур маърифат масканларининг моддий-техника базасини янада яхшилаш, уларнинг фаолиятини давр руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйиш, айниқса, ўқувчи-ёшларни музейларга тобора кенгроқ жалб этиш имконини бермоқда.

Маълумки, 2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинган бўлиб, унда давлат музейларини ривожлантиришнинг янги концепциясини тайёрлаш, музей ашёларини ишончли сақлаш, ташриф буюрувчилар, хусусан, имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, туристларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш, архитектура-режалаштириш каби қатор вазифаларни амалга ошириш белгиланган эди. Мазкур дастур доирасида ўтган йили Термиз архео­логия музейи қайта реконструкция қилинди — унинг ташқи кўриниши бутунлай ўзгача кўриниш касб этди.

— 2017-2027 йилларда музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мус­таҳкамлаш комплекс чора-тадбирлари дастури ижроси доирасида Термиз археология музейи моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда замонавий шарт-шароитлар яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди, — дейди музей директори Зебунисо Алимардонова.  — Бугунги кунда 100 мингдан ортиқ экспонатлар сақланаётган муассасанинг ҳар жиҳатдан мукаммал ва замонавий кўриниш касб этишини таъминлаш, фондни асраш, бугунги кунга мос равишда хизмат кўрсатиш орқали мухлислар эътиборини қозониш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.  ЎзМТДП Термиз шаҳар кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу давра суҳбати мутахассислар иштирокида музейшуносликка оид таълимни тубдан такомиллаштириш, кадрларнинг билим ва маҳоратини юксалтириш, ашёларни сақлашда илғор технологияларни кенг жорий этиш, ёш авлодни музейларга жалб этишга оид маърифий лойиҳаларни кенгайтириш тўғрисида фикр алмашиш имконини яратди.

Тадбирда таъкидланганидек, 2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлари дастурида кенг кўламли вазифалар белгиланган. Музейларда халқимизнинг бой тарихи, маданияти, миллий урф-
одат ва анъаналари, бугунги ҳаёт манзаралари, юртимиз машҳур кишиларининг сиймолари, уларнинг орзу-интилишларини ҳар томонлама акс эттирадиган бадиий фотокўргазмалар, экспозициялар ташкил этиш, тасвирий, амалий ва халқ ҳунармандчилиги намуналарини кенг тарғиб этувчи, анъанавий санъатимиз ва қадриятларимизга нисбатан юксак эҳтиром туйғуларини уйғотадиган кўргазмалар уюштириш шулар жумласидандир. Бу Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий вазифалари билан ҳамоҳанг ва муштаракдир.

Давра суҳбатида соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда депутатлик назоратини кучайтириш, музейларни замон талабларига мос, юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, уларда жаҳон музейшунослик таж­рибаларини қўллашга зарур ша­роитлар яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу, айниқса, маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари олдида турган муҳим вазифа экани таъкидланди.

Нигора ЖЎРАЕВА,
ЎзМТДП Термиз шаҳар кенгаши раиси:

— Мамлакатимизда халқимизнинг урф-одатлари, анъаналари, қадимий ёдгорликларни ўрганиш ва сақлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Давра суҳбатида музейлар тизимини янада такомиллаштириш, халқимизнинг маънавий-ахлоқий камолотида тутган ўрнини ошириш, музейлар фондида сақланиб келаётган бой тарихимизни акс эттирувчи нодир экспонатларни асраб-авайлаш, тадқиқ қилиш, бойитиб бориш, дунёга танитиш, улардан миллий ғурур ва ифтихор, истиқлол ва Ватанга садоқат туйғуларини кучайтириш йўлида кенг фойдаланиш хусусида
фикр-мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, “Музейлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракциясига тақдим этиш ташаббуси илгари сурилгани эътиборга молик. Бу, ўз навбатида, ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган тарихий ва маданий меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур меҳр-ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби мақсад-вазифаларнинг рўёбга чиқишини таъминлайди.

Наргиза ШАЙДУЛЛАЕВА,
ЎзМТДП Сурхондарё вилоят
кенгаши етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг