Ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши: ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка қарши туришни ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак

0
54

Халқимизнинг ўзига хос миллий қадриятларидан бўлган тўй ва маросимлар билан боғлиқ  удумлар бугун долзарб муаммога, таъбир жоиз бўлса, оғриқли нуқтага айланиб бораётгани сир эмас. Бу ҳатто маърифатпарвар бобомиз Беҳбудий даврида ҳам миллат ривожи ва тараққиётига тушов бўлган. Шу боис ҳам у 1915 йил “Ойна” журналида “Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да, обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирғи ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”, деб бонг урган эди. Қарангки, бир асрдан кўпроқ муддат ўтиб ҳам тўй-маъракалардаги ортиқча исрофгарчилик ва сарф-харажатларни бартараф этиш кўпчиликни қийнаётган муаммолардан бири сифатида давом этмоқда. Аксинча, янада “замонавий” тус олаётган тўйларимизга ота-боболаримизнинг тушига ҳам кирмаган исрофгарчилик, миллатимизга хос бўлмаган номақбул ҳолатлар дебоча бўлаётир.

“Оммавий маданият” унсурларини ўзида яққол ифода этаётган турли удумлар “ёшларнинг орзу-ҳаваси”, дея хас-пўшланаётир, катталарнинг эса “фалончидан қаерим кам…” қабилидаги ҳою ҳаваси-ю кимўзарга ҳаракат қилишининг “меваси” бўлаётир. Бу мавзуда кўп ва хўп гапирамиз, қадриятимизнинг иллатга айланмаслиги учун нима қилиш лозимлиги ҳақида таклифлар айтамиз, аммо амалга келганда бир-биримиздан гўё ийманамиз, одамларнинг “гап-сўзи”га қолишдан хижолат чекамиз…

Тўй-маъракаларни ўтказиш, келин-куёв, тўй бола ҳамда қуда-андаларга сарпо-суруқ беришда ҳаддан зиёд сарф-харажат қилиш, ҳою ҳавасга берилиш, афсуски, хурсандчиликдан кўра ортиқча асаббузарликка сабаб бўлаётир, яхшиликдан кўра кўпроқ кўнгилхираликни келтириб чиқармоқда.  Миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, сариштали ўтказиш, тўйдан олдин ва кейин бўладиган турли тадбирларни бартараф этиш, дабдабабозлигу ким­ўзарга от чоптиришнинг олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиз, зиммамиздаги масъулиятдир. Аслида ҳар бир эзгу амални ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак.

Яқинда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз, дабдабасиз ўтказиш юзасидан мамлакатимиз халқига Мурожаати эълон қилинди. Ушбу Мурожаат бугун ҳар бир идора ва ташкилотда, маҳаллада, аҳоли вакиллари иштирокидаги давраларда кенг муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ҳам партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирмоқда.

Зеро, партия халқимизнинг миллий ва маънавий қад­риятлари, урф-одат ва анъаналарини сақлаш, оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий қадриятларни ардоқлаш, оилалар ҳаётида ҳамон сақланиб қолаётган нохуш ҳолатлар — ортиқча сарф-харажат ва дабдабабозликка асосланган тўй-ҳашамларга барҳам беришга қаратилган ишларда фаол иштирок этишни мақсад қилган. Бу борада ўтган даврда муайян ишлар амалга оширилди ва изчил давом эттирилмоқда.

ЎзМТДПнинг бир гуруҳ фаоллари мавзу юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини баён қилди.

Феруза МУҲАММАДЖОНОВА,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари:

— “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз, дабдабасиз ўтказиш юзасидан мамлакатимиз халқига Мурожаати айни вақтида қабул қилинган ва зарур ҳисобланган мурожаат бўлди. Тўй-маъракалар эл-
юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини ўзида ифода этадиган муҳим омиллардан бири сифатида ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади. Аммо кўп ҳолларда оилавий тантана ва маросимларда ўзини кўз-кўз қилиш, шуҳратпарастликка берилиш каби иллатлар бўй кўрсатмоқда.

ЎзМТДП мазкур йўналишдаги дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилиши ҳолатини ўрганиш юзасидан назорат-таҳлил ишларини олиб бормоқда. 2009 йилда илк бор халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи тўй-маросимлар ўтказилишини тартибга солиш борасида Кенгаш сессиясига ташаббус-масала киритди. Натижада сессия қарори қабул қилиниб, бир қатор вазифалар белгиланди.

Умуман, бу борада ЎзМТДП гуруҳлари томонидан сессияларга 2009 йилдан 2016 йилга қадар жами 200 дан зиёд ташаббус-масала киритилди. Ўтган 2017 йил давомида ҳам партия гуруҳлари ташаббуси билан халқ депутатлари Косонсой, Чуст, Уйчи, Поп, Янгиқўрғон, Учқўрғон, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Норин туманлари ҳамда Наманган шаҳар Кенгашлари (Наманган вилояти), Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор, Деҳқонобод, Миришкор туманлари ҳамда Қарши шаҳар Кенгашлари (Қашқадарё вилояти), Қонликўл туман Кенгаши (Қорақалпоғистон Республикаси), Зарафшон шаҳар Кенгаши (Навоий вилояти), Музработ туман Кенгаши (Сурхондарё вилояти) сессиялари муҳокамасига жами 22 та ташаббус-масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида мазкур масала бўйича доимий равишда жамоатчилик назорати ўрнатилди. Натижада охирги икки ой давомида ушбу ҳудудларда партия ташаббуси билан 30 та намунали ихчамлаштирилган тўй ўтказишга эришилди.

Ҳамдам НИЁЗОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ижроия қўмитаси девони бўлим бошлиғи:

— Тўй ва оилавий маросимлардаги керакли-кераксиз сарф-харажат, дабдаба, ўзини кўз-кўз қилиш ҳолатлари, айниқса, ёшларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда. Шу боис “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Мурожаатида йигит-қизларга алоҳида эътибор қаратилиб, улар миллатимиз шаънига доғ туширадиган бундай салбий иллатларга қарши курашда ташаббус ва фаоллик кўрсатиши зарурлиги қайд этилган. Дарҳақиқат, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказишда, миллатимизга хос бўлмаган, менталитетимизга тўғри келмайдиган турли удумларга барҳам беришда ёш йигит-қизларнинг ўрни, ташаббуси муҳим. Бўлажак келин-куёвлар бир кунлик тўйга кетадиган ортиқча сарф-харажатни келажагига сармоя сифатида сарфлашса, нур устига нур бўлар эди.

Бугунги кунда ЎзМТДПнинг “Ёшлар қаноти” ҳамда “Аёллар қаноти” ўғил-қизларни ана шу руҳда тарбиялашга, уларни камхарж тўй ташаббускори бўлишга ундаш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқда, бўлғуси келин-куёвнинг оила, жамият, ота-онаси олдидаги бурчи, масъулиятини теранроқ тушунтиришга қаратилган “Энг ихчам тўй — менинг нигоҳимда” мавзуида жойларда очиқ мулоқотлар ташкил этмоқда. Мазкур жараёнда ҳудудларда ўтказилаётган ихчам тўйлар тажрибаси ўрганилмоқда. Айни кунда партиямизнинг Самарқанд, Андижон, Сурхондарё вилоят кенгашлари ихчам тўй ўтказиш бўйича тақдимотлар тайёрлаяпти. Ижтимоий тармоқларда мазкур тақдимотларнинг кенг муҳокамасини ташкил этиш режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсадимиз — ёшларни тизгинсиз хоҳиш-истак, худбинлик туфайли катта маблағ сарфлаб, дабдабали тўй қилишдан кўра ўз устида ишлашга, билим ва малакасини оширишга ундашдан иборат. Зеро, маърифий юксак оиланинг жамиятда ўрни баланд ва обрўли бўлади.

Умида АЗИМОВА,
халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман
Кенгашига 
ЎзМТДПдан сайланган депутат:

— Бугунги кунда тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минг­лаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келаётгани сир эмас. Аслида тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу сифатида ўзига хослигимизни, миллийлигимизни кўрсатиши керак. Аммо қадрият эмас, иллатга айланиб бораётган тўй удумлари ҳар биримизнинг ҳаётимизга бевосита дахлдор масала сифатида ҳушёрликка чорлайди. Билиб-билмай “оммавий маданият”нинг турли кўринишларини тарғиб этаётган бемаъни маросимларга чек қўйиш, дабдабали тўйларга барҳам беришга ҳар биримиз масъулмиз.

Миллий қадриятларимиз асосида ривожланишни мақсад қилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бу борада мунтазам ташаббус кўрсатишга интилаётир. 2017 йилнинг сентябрь ойида ЎзМТДП ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Аёл, оила ва жамият: қонун ҳужжатлари ва уларни янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси доирасида оилавий тантаналарни ихчамлаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилган эди. Хусусан, маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари ва таниқли шоира аёллар иштирокида  “Қизим, сенда гапим бор”, “Ажримларни тўхтатишнинг олтин қоидалари”, “Оила — энг олий қадрият” каби мавзуларда давра суҳбатлари ўтказиш,  янги қурилажак оила аъзолари учун оилавий мазмундаги психологик тренинглар ўтказиш каби таклифлар билдирилган. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Мурожаатидан келиб чиқиб, ушбу таклифларни янада бойитган ҳолда амалга оширишимиз лозим. Камтарона тўйлар ўтказиш, оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқотнинг самарали технологияларини йўлга қўювчи ижтимоий ҳамкорлик механизмини яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Сайфулла МАХМАТМЎМИНОВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ
депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари:

— Аслида одамларни бирлаштиришга, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар бугун ортиқча орзу-ҳаваслар, бемаъни одатлар оқибатида ўз маънавий мазмунидан узоқлашиб бораётгани, афсуски, ҳақиқат. Уларнинг ўз мазмун-моҳиятини, миллий қадрият сифатидаги ўрнини сақлаб қолишда, айниқса, ЎзМТДП ташкилотлари ва фаоллари алоҳида ташаббус кўрсатиши, фаол бўлиши лозим. Партиямизнинг бу борадаги дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, фаолиятимиз давомида ҳудудимиздаги тўй-маъракаларда ортиқча сарф-харажатларга чек қўйишга интиляпмиз. Хусусан, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят, Қарши шаҳар, Шаҳрисабз, Ғузор, Қамаши, Деҳқонобод, Миришкор туман Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз мазкур масалани Кенгаш сессияларига олиб чиқиб, муҳокама қилди ва қарор қабул қилинишига эришди. Қарор эса ижроси билан қадрли. Айни шу мақсадда жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилиб, тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ихчамлаштириш бўйича мунтазам тушунтириш­лар олиб борилмоқда. Натижада илгари бир тўйда 2 қозон ош бериш қарийб одат тусига кирган бўлса, ҳозирги кунда умуман ош бериш бекор қилинди ва бу орқали ортиқча исрофгарчиликка чек қўйилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Шаҳрисабз туманида лицензия, рухсатнома талаблари ва шартлари асосида маданий хизмат кўрсатилиши устидан назорат ўрнатилди. Қарор талабларига риоя қилмаган хонанда, созанда, овоз операторлари, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланадиган шахсларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилди. Бундан кейинги фаолиятимизда ҳам тўй-маъракаларни ихчам, камхарж ва камчиқим ўтказиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз, шу орқали ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишга ҳисса қўшишимиз лозим.

Ҳамиджон ОМОНОВ,
ЎзМТДП Андижон вилоят кенгаши раиси:

— ЎзМТДП Андижон вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ўз фаолияти давомида тўй, маърака, оилавий тантаналарни ихчамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келади. Масалан, ўтган даврда халқ депутатлари Олтинкўл туман Кенгаши депутати Мухтабар Аҳмедова тумандаги “Далварзин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Омадхон Дадажонованинг хонадонида ўтказилаётган тўйнинг ихчам, камчиқим, исрофгарчиликсиз ўтказилишига эришишда ўз ҳиссасини қўшди. Яъни ушбу хонадон фарзандининг никоҳ тўйи уч кунга режалаштирилган экан. Депутатнинг саъй-ҳаракати билан тўй маросими бир кунда ўтказилди. Шунингдек, ушбу никоҳ тўйида сарпо жўнатиш маросимларининг олди олиниб, тўй харажатлари икки баробарга қисқартирилди. Халқ депутатлари Улуғнор туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Арзихон Тўраева эса тумандаги “Тўрттол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Матлуба Абдулҳақова оиласидаги никоҳ тўйининг камтарона ўтказилишига ўз ҳиссасини қўшди. Тушунтириш-тарғибот ишлари самарасида келин-куёв ва ёшларнинг шаҳар айланиши, шунингдек, тўй дастурхонида спиртли ичимликларга сарфланадиган сарф-харажатларнинг олди олинди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг Мурожаати бу борадаги ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Ҳар биримиз ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз, тарғибот ва тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтиришимиз лозим. Зеро, тўйларимиз, яхши кунларимиз иллатга эмас, ҳаётимиз файзига айлансин.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг