Энергетик ичимликлар: рекламаси ва савдоси юзасидан аниқ механизмлар ўрнатилади

0
34

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарган йиғилишда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Жумладан, Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари, шу жумладан, ЎзМТДП фракцияси аъзолари киритган “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Респуб­ликасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Фракция аъзолари қонун лойиҳалари муҳокамасига ЎзМТДП дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашдилар.

Акмал УМРЗОҚОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда ўсмир ёшлар орасида турли энергетик ичимликлар истеъмоли оммалашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин афсуски, бундай ичимликларни доимий равишда истеъмол қилиш вояга етмаганларда юрак хуружлари, ваҳима, кўриш қобилияти сусайиши ва ақлий нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлиши эътибордан четда қолиб келаётганди. Шу боис истеъмолчилар, хусусан, ёшларнинг қувват берувчи ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиши ёки суиистеъмол қилишининг олдини олиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш, айниқса, ёшларда  соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида фракциямиз аъзолари ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳасига кўра, энергетик ичимликларни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, ёши ва жинсидан қатъи назар барча шахсларга бепул тарқатишни маън этиш кўзда тутилмоқда. Ушбу турдаги ичимликларнинг рекламаси ва савдосини давлат ҳокимияти ва бошқарувчи органлари бинолари, жамоат жойлари, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари ҳамда спорт, ижтимоий ва маданий тадбирларда аудио, визуал ва мультимедиа воситалари, матн, кўргазмали қўлланмалар, баннерлардан фойдаланган ҳолда амалга оширишни чеклаш ҳамда белгиланган тартибни бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш каби масалаларни ўз ичига қамраб олади.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалдаги қонун хужжатларидаги мавжуд бўшлиқни тўлдиришга, қувват берувчи ичимликларни реклама ва реализация қилиш устидан самарали мувофиқлаштириш ва назорат қилиш механизмларини ўрнатишга хизмат қилади. Шунингдек, ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган жисмонан соғлом ва баркамол янги авлодни тарбиялаш учун янада қулай шароитлар яратишга кўмаклашиш сингари дастурий вазифалар ижросида муҳим ўрин тутади.

Азамат ПАРДАЕВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фракциямиз йиғилишида батафсил муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасига кўра Автомобиль йўллари давлат қўмитаси автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда. Унинг ваколатига умумий фойдаланишдаги 180 минг километр узунликдаги барча автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш жараёнига комплекс ёндашиш асосида йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни молиялаштириш, йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш имконини берадиган соҳадаги тўлақонли буюртмачи хизматини яратиш вазифалари юкланмоқда. Шунингдек, махсус ваколатли орган томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда хўжалик­лараро қишлоқ автомобиль йўлларидан, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларидан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига, шаҳар ва қишлоқларимиз йўлларининг янада равон ва обод бўлишига, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш ҳамда халқимизга янада қулай шароит яратилишига хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида белгиланган  йўловчиларга, жумладан, мамлакатимизнинг олис ва етиб бориш қийин бўлган жойлари аҳолисига транспорт хизмати тизимини яхшилашга кўмак­лашиш сингари дастурий вазифалар ижросига хизмат қилади.

Жамила НИЁЗОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизмини такомиллаштириш, йўловчиларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини
таъминлаш, тегишли давлат органлари томонидан амалга ошириладиган назорат тизимини такомиллаштириш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббуси асосида киритилган. Ушбу қонун лойиҳасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини фаолияти лицензияланадиган транспортда йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахснинг транспорт воситасига уч ойдан бир йилгача муддатга тузиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, суғурта шартномасига мувофиқ мукофот тўлангандан сўнг, унга киритилган транспорт воситасининг тури, маркаси, модели, рақамли (танитувчи) белгиси ва ишлаб чиқарувчи завод паспортлари бўйича йўловчи сиғими тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган суғурта полисини ҳар бир транспорт воситаси учун алоҳида бериш тартибини жорий этиш белгиланмоқда. Бундан ташқари, йўловчиларни ташиш чоғида транспорт воситасини бошқараётган шахс ёнида тегишли транспорт воситаси учун расмийлаштирилган суғурта полиси бўлиши шартлиги ўз ифодасини топмоқда.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида“ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида“ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида“ги, “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида“ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. Унга кўра, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини янада юксалтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан алоқасини мустаҳкамлаш, партияларнинг турли раҳбарлик лавозимларига кадрлар заҳирасини шакллантириш, туман ва шаҳарларда ижро ҳокимияти раҳбарларини лавозимга тайинлашда партия гуруҳлари иштирокини янада кенгайтириш, маҳаллий Кенгаш депутатлари масъулиятини янада кучайтириш масалалари ўз ифодасини топмоқда. Депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан алоқани узган депутатни чақириб олиш тартиби белгиланмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари ҳуқуқларини янада кенгайтириш, ҳудудларни ривож­лантириш дастурларида партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда электорат манфаатларини акс эттириш ва ҳимоя қилишга имкон яратади.

 Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг