Суғурта тизими такомиллашмоқда

0
7

Бугунги кунда мамлакатимизда 11 суғурта ташкилоти мавжуд бўлиб, 2017 йилда ушбу бозорда йиғилган жами суғурта мукофотларининг 74,8 фоизи ихтиёрий, 25,2 фоизи мажбурий суғурта турларига тўғри келди. Мажбурий суғурта бўйича жами суғурта мукофотларининг 51,1 фоизини транспорт воситалари эгалари шакллантирган.

Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси ва Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси Миллий матбуот марказида ўтказган анжуманда маълум қилди.

2008 йил 21 апрелда “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Мазкур қонун ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган (айбдор ва жабрланувчи) шахсларнинг моддий манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган. Бунда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш орқали йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида зарар кўрган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш ва кафолатлаш мақсад қилинган.

— Бугунги кунда жамғарма томонидан кўрсатиладиган давлат интерактив хизматлари турлари ва сифатини ошириш, фойдаланувчиларга онлайн тарзда хизмат кўрсатиш ва уларни ривожлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси директори ўринбосари Ё.Мирзаев. — Аҳолига интерактив ва тезкор ахборот етказиш,  керакли маълумотларни тақдим этиш бўйича янги интерактив хизматлар жорий этилди. Ушбу хизматлар Ягона давлат интерактив хизматлар портали ҳамда жамғарма расмий веб сайти — www.tkj.uz да ишга туширилди.  Ягона интерактив давлат хизматлар портали орқали жамғармага мурожаат этиш, йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган шахслар компенсация тўловини олиш учун тегишли ҳужжатларни онлайн топшириш, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталанганлиги тўғрисидаги маълумотларга ҳам онлайн тарзда эга бўлиш мумкин.

Тадбирда мажбурий суғурта тизимига киритилиши режалаштирилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тизимини янада такомиллаштириш, суғурта қилдирувчилар ва ЙТҲда жабрланганларга тизимни янада қулайлаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар хусусида ҳам маълумотлар берилди.

Нигора НИШОНБОЕВА,
 “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг