Шеър — сўзнинг меҳр-муҳаббатга айланган шакли

0
52

Қийғос очилган гуллар ёлғиз ғунчаларнинг ёруғ кулгусигина эмас. Улар ҳаётнинг боқийлиги-ю, тирикликнинг неъмати, ёруғликнинг ғаниматлиги ҳақидаги қўшиқдир. Ўткинчи фаслларнинг файзи-ю қадри, армонлари хусусидаги рангдор алқовдир, боғбон меҳнати-ю реза-реза пешона тери тўғрисидаги илдизларнинг тимсолли хаёлларидир, аслида.

Сўзлар ҳам шунақа. Муайян мазмунни ифодалашда бадиий воситагина эмас, яна ижодкорнинг шахсияти ва ҳаётий тажрибасини, маънавий-интеллектуал маданияти ва фалсафий эстетик қарашларини, тафаккур қудрати ва туйғулар жамғармасини акс эттирувчи ёрқин кўзгу ҳисобланади. Шу боис сўзлар маъно-мундарижасига кўра ижодкор индивидуаллиги, бадиий дунёсининг бетакрорлиги, ўзига хослигини тасдиқлаш баробарида адабиётдаги ўрни, бадиий-эстетик тафаккур такомилига қўшган улушини ҳам белгилаб беради. Донишманд шоир таъкидлаганидек, бизлар бир ўткинчи, жаҳон барқарор, одамдан фақат сўз қолгуси ёдгор…

Таниқли шоир Ўткир Раҳмат сўз билан сизлашиб сирлашади. Ижодкорни билмоқчи бўлсанг она юртини бориб кўр, деган ҳикмат бор. Уни, бевосита, сўзга нисбатан қўллаш ҳам мумкин.

Хусусан, Ўткир Раҳматнинг шахсиятини, ҳаётга, жамиятга ва одамларга бўлган муносабатини, саъжия салоҳиятини билишни истагувчиларга шеър­ларини ўқинг, муқаддас сўзга бўлган ҳурмат-эҳтиромини англанг, дегим келади. Сўзлар шоирнинг жони-жаҳони. “Ирмоқ”, “Соғинч”, “Жилға”, Райҳон ҳиди”, “Шукрона”, “Ой ёғдуси”, “Кўзим қорачиғи”, “Хаёл ифори”, “Юракдаги қуш”, “Дилчироқ”, “Ўтли руҳ”, “Хокисор майса” каби шеър ҳамда туркумлари Ўткир Раҳматни эл-юртга танитди. Ниҳоятда самимий, дилгир, меҳрли, садоқатли шоир ўғли борлигидан элнинг ҳам кўнгли тоғ. Шоир одамлар табиатидаги ақлий-интеллектуал фазилатларни, маънавий-аҳлоқий қадриятларни, ҳаёт гўзаллигини куйлайди. Не тонгки, меҳр-муҳаббат ёнида хиёнатни, яхшилик ёнида ёмонликни, нур ёнида қоронғуликни, оқибат ёнида макр, риё­ни кўради. Дили вайрон, ёзғиришидан олов ўрлайди.

Ҳаёт — беназир неъмат, табиат — бетакрор гўзал ҳилқат. Ана шундай маъвода нега одам нотугал, тўкис, беками-кўст эмас? Нега бир қўли эккан дарахтларни иккинчи қўли қирқиб қуритади? Нега бири бунёд этса, иккинчиси барбод қилади? Инсон деб аталган мўъжизакор ҳилқат нега мунчалар сирли, англаб бўлмас сеҳрли? Одамнинг бири ёруғлик, эрк учун курашса, иккинчиси нурни кишанбанд этади, зиёнинг юзига тўр ташлайди. Нега? Боиси нима? Ҳамма-ҳаммасига банданинг хом сут эмганлиги сабабми? Комил эмасликнинг калити кимда? Нимага боғлиқ?

Булар — Ўткир Раҳматни шоир сифатида ҳамиша ўйлантириб келаётган, қўлига қалам тутқазган, қулфи-дилини очиб, кўнглидаги оғриқли саволларга жавоб топишга ундаган фалсафий-ахлоқий муаммолардир. Булар, аслида, оламнинг инсон олдига қўяётган, ечимини излашга даъват этиб келаётган азалий ва абадий сўровлари. Шу маънода, Ўткир Раҳмат қалбини жунбушга келтирган саволларга воқеликдан, табиат рангларидан жавоб излайди. Оламни тушунишда, одам сир-синоатларини англатишда сўзлар шоир учун очқич вазифасини ўтайди.

Қай боғларда юрибсиз айтинг,
Қай ишкомда ёзгансиз қанот?
Қайлардадир мен излар байтим,
Сизни излаб юрибман бот-бот.

Ўткир Раҳмат лирикасида ҳаёт — ҳикматдир. Кўнгилларга экилажак туйғу-тафаккурлар бизни ҳамиша сабр-қаноатга, масъулиятга ундайди. Ҳаёт сабоқлари умрни бесамар ўтказмасликка, ёмонликни даф этолмасак-да, билиб-билмай қўлига сув қуймасликка, эзгуликка ошно тутинишга даъват этади. Шоир шеърларининг бадиий-эстетик таъсир кучи руҳиятининг янги саҳифаларини яратишга иштиёқмандлигидир. Поэтик сўзнинг ўзига хос маънавий борлиқ ярата олиш салоҳиятига ишонади. Инсоннинг кўнгил асрорларини англашда, идрок ва ифода этишда сўз беқиёс кашшофлигини дил-дилдан туяди. Тоғ-тошлар уваланади, гўнг қоялар емирилади, миноралар нурайди. Ва лекин, мил-мил асрлар ўтса-да, маъноли сўзга куя тушмайди. Ҳикматли сўз нурига гард юқмайди. Зеро, сўз — маънавий нон. Уни кўнгиллар, онг-шуурлар дастурхонида ушатиб қўйилади, бирга баҳам кўрилади. Ўткир Раҳмат шеърлари сўзнинг меҳр-муҳаббатга айланган шакли.

Гарчанд, инсоннинг ўзи ўткинчи эса-да, инсонийлик боқийдир. Шеър инсонийликни, олижанобликни боқийлаштирувчи, ҳаёт гўзалликлари-ю гўзалликнинг ҳақиқатларини сўзлар хотирасига кўчириши, муҳрлаши билан беназир. Шеър Ўткир Раҳмат талқинига кўра виждон туғёни, самимиятдир, у инсонни янада гўзал ва олижаноб этувчи сеҳрли куч-қудратдир. “Насиб”, “Сўзларим”, “Шукрона”, “Ҳаёт”, “Ўтаётган умр”, “Самимият”, “Ташвиш ҳақида ўйлар” сингари шеърлари шоирнинг бадиий-эстетик қарашларини акс эттиради. Асл шеър сайроқи сўзлар жарангидан, ёруғлик билан қоронғулик муҳорабасидан, шодлик сафоси-ю қайғу зангидан, курашлар суронию ишқ оҳангидан дунёга келади.

Ўткир Раҳмат лирикасида ҳаёт ҳикмати, умр-тириклик хосияти фалсафий йўсинда тадқиқ этилади. Хусусан, умр моҳияти — бу ҳаёт рангларидан маънолар уқиш билан уйғунликда намоён бўлади. Лирик қаҳрамоннинг ҳаёт, меҳнат, меҳр-оқибат ҳақидаги ўй-мушоҳадалари моҳиятан шоирнинг эзгулик, гўзаллик ҳақидаги қарашларининг фалсафий мағзига айланади. Бу борада табиатнинг маъноли бўёқлари ва манзаралари шоир шеърларининг бадиий пафосини белгилайди. Юрт туп­роғида унган дов-дарахтлар заминнинг одамларга айтаётган дил сўзлари. Улар шоирнинг табиат ва боқийлик ҳақидаги ўйларига қатъий мазмун бағишлайди. Офтоб ер юзидаги яшноқликни, тирикликни, гўзалликни таъминлаётир. Аслида ёруғлик Қуёшнинг олам билан одамни алқаган меҳр-муҳаббатидир.

Тўкдим дилда неки бор дўстим,
Ёйдим уни қир-адирларга.
Шукроналар айтдиму такрор,
Қуйилдим мен чўғ сатрларга.

Ниқобларнинг хили беҳисоб,
Ёлғони кўп экан бу дунё.
Бири дўсту бириси қассоб,
Ғалвир экан селида дунё.

Ўткир Раҳмат лирикаси учун хос хусусиятлардан яна бири шундаки, шоир оддий турмуш реалликлари, маиший ҳаёт кўринишлари билан оламнинг боқий манзаралари ўртасида муштараклик кўради. Уларни боғлаб турган нарса эса инсоннинг кўргуликлари, ҳаётнинг бошимизда юргизган тегирмон тошларидир. Дунё шеваларини тушунишда, акс эттиришда ана шу боғлиқлик яққол кўзга ташланади. Бу нарса Ўткир Раҳмат ижодий индивидуаллигини белгиловчи омиллар сирасидандир. “Тиним билмай” шеърининг лирик қаҳрамони шамол-шаб­бода хаёлларига сингиб кетади. Майсаларнинг ям-яшил сўзларига туйғуларини ўрайди. Дов-дарахтлар, тоғу тошлар, қир-адирлар, дала-даштлар юрагида барқ урган иддаоси ила тиллашади. Табиат деталлари лирик қаҳрамонни одам ёзуқи ҳақида фикрлашга ундайди.

Оламни тушунишда, одамни тушунтиришда Ўткир Раҳмат лирикасида инсон ва табиат уйғунликда намоён бўлади. (Хусусан, “Манзаралар”, “Тундаги машқлар”, “Миллиард томчиларга тўлади кўзлар” каби турукмлари). Қизғалдоқ билан безанган адирлар, чимзорларнинг кўм-кўк барқут гилами, турфа қушларнинг минг бир нағмаси, ёнбошлаган тоғнинг ўйчан бошига ёққан қор, тескари оққан дарёлар йиғиси лирик қаҳрамон қалбида ажиб ҳислар тўлқинини уйғотади. Бу туйғуларни ким биландир бўлишиш, дардлашиш иштиёқи шеърлар шаклида кўз очади. Шу боис шоир учун олам хушрўй ифор, хушбўй тароват беланчаги бўлиб кўринади. Шу маънода, табиат машшоқ бастакор. Мабодо, қушлар сайрамай қолса бу олам беҳад қашшоқлашиб кетади. Бахмал осмонда ловуллаб ёнган офтоб бошларга соябондир, аслида.

Офтоб ёйса этагин
                 демак нурли кун бўлар,
Жон тополмай пойида
                 ғубор йиғлаб хун бўлар.
Бир қалб сени зор излаб
                 умри ўтди беҳузур,
Қайда қолдинг, қайдасан,
                қайноқ меҳр — тоза нур.

Ўткир Раҳмат шеърларининг асосини ташкил этган мазмун табиат, ижтимоий воқелик ҳамда инсон фаолиятининг уйғунлигидан вужудга келади. Ана шу омиллар гўзалликнинг мукаммаллигини, ҳаётнинг азалийлигини асослайди. Қуёш самога кўтариларкан, уни биринчи бўлиб қушлар, япроқлар, ниҳоллар қарши олади. Булбул чаҳ-чаҳларкан, феруза наҳорнинг сафосини чанқоқ симиради. Лирик қаҳрамон дарёга, боғларга, тоғу дараларга яшноқ гўзаллик тимсоли мисол боқади. Ана шу ҳаёт дарсини чанқоқ ўқийди. Уларнинг оғушида инсон меҳри, эътиқодининг излари бор. Лирик қаҳрамон инсоннинг чақиндек зеҳни-ю, бунёдкор меҳнатида камалаклар ранги-ю яшил далаларда ҳаёт гўзаллиги учқунларини кўради.

Табиат бўёқларида жилваланган гўзаллик Ўткир Раҳмат шеърларида болалик тасаввурларини жонлантиради. Улар сайрон кечаларнинг ғир-ғир шамоли, бедазорда кишнаган тўйин йилқилар, сахий жазирама офтоб, мағрур тоғлар образидан таркиб топади.

Ўткир Раҳматнинг “Шукрона”, “Ой ёғдуси”, “Хаёл ифори” сингари ўнлаб мажмуаларида сўзга нисбатан катта ҳурмат, эътиқод туйғулари балқиб турибди. Ҳақ сўз қошида тиз чўккан эҳтиромнинг самимияти истеъдоднинг янги изланиш­ларига катта ишонч уйғотади.

Нўъмон РАҲИМЖОНОВ,
филология фанлари доктори,
профессор

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг