Қирғизистон делегацияси наманганда: Бу икки халқ ўртасидаги ижтимоий-сиёсий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади

0
25

Эътироф этиш керакки, Ўзбекистон ва Қирғизистон мамлакатлари роаҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан икки халқ ўртасида дўстлик, ҳамкорлик, яхши қўшничилик алоқалари ривож топиб бормоқда. Айниқса, ўтган 2017 йилда бу борада кенг кўламли ислоҳотлар юз берди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар тамомила ижобий томонга ўзгарди. Қирғизистон раҳбари Сооранбой Жээнбеков ҳам президент сифатидаги илк хорижий давлат ташрифини айнан Ўзбекистонга амалга оширгани ҳам фикримиздан ёрқин далолат.

Яқинда Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг расмий делегацияси икки томонлама яқин қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташриф билан  Наманган вилоятида бўлди.

Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили Қиянбек Сотиболдиев бошчилигидаги меҳмонлар Косонсой туманидаги “Косонсой-авто” назорат-ўтказиш масканида пунктида карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди. Делегация таркибидан Жалолободдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, саккизта районнинг ҳокимлари, фан-таълим, маданият, санъат ҳамда соғлиқни сақлаш соҳалари ходимлари, тадбиркор ва ишбилармонлар ўрин олган.

Меҳмонлар ташриф аввалида Наманган шаҳридаги “Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига гул қўйди. Шундан сўнг, делегация аъзолари “Ёшлар маркази” конференциялар залида ташкил этилган замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган саноат, қурилиш, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиб, бизнес вакиллари билан мулоқотда бўлдилар.

Икки томонлама музокаралар ҳамда тадбиркор ва ишбилармонлар иштирокидаги бизнес форуми қизғин руҳда кечди. Форумда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили Қиянбек Сотиболдиев қалбан ва руҳан бир бўлган икки халқнинг ҳамкорлик ришталари давлат раҳбарларининг ҳамфикрлиги ва муштарак интилишлари туфайли янада мустаҳкамланаётганини таъкидладилар.

Наманган вилоятининг инвестиция салоҳиятига доир тақдимотида Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлариининг тўқимачилик, чарм пойабзал, фармацевтика, қурилиш саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик, туризм, соғлиқни сақлаш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари катта экани келтирилди. Қайд этилганидек, 2016 йилда Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги товар айланмаси 5 миллион 200 минг долларни ташкил қилган бўлса, ўтган 2017 йилда мазкур кўрсаткич 10 миллион 600 минг долларга етди.

Меҳмонлар Наманган шаҳридаги “Дўстлик уйи”да яратилган шарт-шароитлар ва ташриф шарафига ташкилланган байрамона тус олган маданий тадбирларга юқори баҳо бердилар. Ўтган йилнинг декабрь ойида капитал реконструкция қилиниб, вилоятдаги корейс, рус, тожик ва қирғиз миллий маданий марказлари ихтиёрига топширилган икки қаватли замонавий бинода бошқа миллатга мансуб юртдошларимизни бир оила атрофида дўст ва иноқ бўлиб, фаолият юритишлари таъминланган.

Мафиратхон Истамқулова,
Наманган вилояти қирғиз миллий-маданий маркази раиси,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби:

— Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан яқин қўшни, қавму қариндош сифатида аҳил ва иноқ яшаб келган. Бизни дўстона қадриятлар чамбарчас боғлаб туради. Тарихи, урф-одат ва анъаналари, маданияти муштарак бўлган икки қардош халқ бир ариқдан сув ичади.

Эътироф этиш жоиз, ўзаро давлат ташрифлари чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қирғизистон — бизнинг яқин қўшнимиз. Шунинг учун бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши мумкин эмас. Биз бир-биримизга қалбимизни, бағримизни очдик” деган фикрлари ёки Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбой Жээнбековнинг “Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз” деган эътирофларида икки қардош халқнинг хоҳиш-иродаси мужассам бўлди.

Бугунги кунда 2 миллион 700 минг аҳолига эга бўлган вилоятимизда 22 минг 300 нафардан зиёд қирғиз миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилмоқда. 1 миллиондан зиёд кишига тенг Жалолобод вилояти аҳлининг 27 фоизи ўзбекларга тўғри келади. Бу ҳам ўз навбатида халқларимиз ўртасидаги ришталар мустаҳкам эканидан далолат.

Турдали Темирбаев,
Жалолобод шаҳри мэри:

— Шукурким, бугун Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар нафақат Марказий Осиё, балки Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари учун андоза бўла оляпти, десак асло муболаға эмас. Боиси, икки томонлама алоқалар нуқтаи назаридан 26 йилда бажарилмаган ишлар бир йил ичида фазовий тезликда амалга оширилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига эришилди. Бунинг ёрқин исботида сифатида ўзбекистонлик қардошлар билан Наманганда ҳам дўстона, ҳам ҳамкорлик борасида амалий мулоқотлар олиб бордик. Бизни чегарада минглаб маҳаллий ўзбек ва қирғиз дўстларимиз меҳмондорчилик анъаналарига содиқ ҳолда байрамона кутиб олишганидан дилларимиз чинакамига шодликка тўлди. Ҳар бир мулоқотимиз расмиятчиликдан ҳоли ва энг муҳими самимий ўтмоқда.

Делегация аъзолари шунингдек, Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган “Исҳоқхон Тўра Ибрат” ёдгорлик мажмуаси, боғдорчилик йўналишидаги “Gold Fresh fruits” хусусий корхонаси, Наманган туманидаги “Мусаффо иқлим транс сервис” чорвачилик ва сутни қайта ишлашга ихтисослашган фермер хўжалиги ҳамда паррандачиликка ихтисослашган “Golden egg of Namangan” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Ҳамкорлик юзасидан ўзаро фикр ва таклифлар алмашилди.

Ташриф чин маънода ҳам дўстона мулоқотлар, амалий келишувлар ва самимий учрашувларга бой тарзда кечди. Таъкидлаш лозим, бу энг аввало Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг икки халқ ўртасидаги узулиб қолган алоқаларни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасидаги интилишлари ва сиёсий иродаси маҳсулидир. Қолаверса, меҳмонларнинг Наманганга ташрифи Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлгани нишонланган йилда ҳамда Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида илк маслаҳатлашув учрашувлари бўлиб ўтаётган кунда амалга ошаётгани ҳам эътиборга молик.

Меҳмонлар Наманган муҳандислик-технология институтида Туркистон халқларининг азалий ва навқирон айёми Наврўзи оламга зийнат берувчи таомлар, баҳорий тансиқ пишириқлар билан қарши олинди. Илм-фан, таълим соҳаси вакиллари иштирокида икки томонлама бўлиб ўтган мулоқотлар натижасида Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти билан Жалолобод давлат университети, Жалолобод Халқаро университети ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Мазкур келишувларга кўра, икки давлатнинг олий таълим муассасалари бир-бирлари билан тажриба алмашишади. Халқаро миқёсдаги грант лойиҳаларини амалга оширилади. Ўзаро илмий-техникавий ҳамкорликни йўлга қўйишади.

Меҳмонлар ташриф доирасида Наманган шаҳрида барпо этилаётган кўпқаватли уйлар билан кўркамлик касб этаётган Уйчи кўчасида жойлашган санъат галереяси ҳамда болалар спорт мажмуасида ҳам бўлишди. Хусусан, меҳмонларда галереяда ташкил этилган ижодкор-рассмомларнинг асарлар кўргазмаси, иқтидорли ёшлар иштирокидаги спорт секцияларининг машғулотлари илиқ таассурот қолдирди.

Санъат тил ва миллат танламайди, у дилларни дилларга бирлаштиради, дўстлик ва ҳамжиҳатликка, эзгуликка чорлайди. Наманган вилояти мусиқали драма театрида ўтказилган маданий тадбирда икки халқ вакиллари қалбига жо бўлган мамнунлик ҳисси уларнинг юз-кўзларида намоён бўлди. Театр ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган спектакллардан парчалар намойиш этилди. Наманган ва Жалолобод вилоятларининг моҳир санъаткорлари ижросида ўзбек, қирғиз тилларида куй-қўшиқлар янгради.

Театр залида бир-бирларини юзида табассум ва қувонч кўз ёшлари билан қарши олиб қучаётган икки қавму қариндошни суҳбатга чорладик:

Маҳмудулло Исмоилов,
Жалолобод вилояти, Ахси райони, Учқўрғон қишлоғида яшовчи фуқаро, “Ирысбек” уруғчилик қишлоқ хўжалиги кооперативи бошлиғи:

— Мен 1975 йилда Ўзбекистонда туғилганман, миллатим қирғиз. Ака-укаларим билан Уйчи тумани Жийдакапа қишлоғида камолга етдик. Ота-онамиз пенсияга чиққач тақдир тақозосига кўра, Қирғизистонга кўчиб кетганмиз. Ҳаяжонимни чеки йўқ, шу боис таассуротларимни сизга сўз билан тасвирлаб беришга ожизман. Узоқ йиллик танаффусдан кейин, 20 йил деганда қариндошларимиз дийдорига етишдик. Қолаверса, пахтачилик соҳасида Намангандаги ҳамкасбларимиз билан фикр алмашиб, ўзаро ҳамкорликни ўрнатишга келишдик. Бунинг учун бизга етарли шарт-шароитларни яратиб берган Ўзбекистон раҳбарига, қолаверса мамлакатимиз етакчисига чексиз миннатдорлик билдираман.

Хасанбой Булатов,
Наманган туманидаги “Қурама” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Қирғизистон Республикасидан расмий делегациянинг Наманганга ташриф буюриши ҳақидаги хабардан воқиф бўлгач, театрдаги тадбирга ошиқдим. Не кўз билан қарайки, қаршимда холамнинг фарзанди, қадрдон укам Маҳмудулло турибди. Мириқиб гурунглашдик. Чегараларимиз берклиги сабабли қарийиб чорак асрдан бери қариндош-уруғчилик ришталарида узулиш юзага келган эди. Бир-биримиз билан борди-келди муносабатларида муаммоларга йўлиқардик. Икки давлатнинг чегара постларининг очилгани ҳаётимизда унутилмас шодиёнага айланди. Энди бемалол бир-биримизни яхши кунларимизда табриклаб, мен Қирғизистонга, укам эса Ўзбекистонга бориб келаверамиз. Илоҳим, дўстлигимиз абадий бўлсин, шундай аҳил иттифоқчилигимизга асло кўз тегмасин!

Бир сўз билан айтганда, яқин қўни-қўшничилик, ўзаро дўстлик алоқаларини янада яхшилаш мақсадида ташкил этилган учрашув ва мулоқотлар давомида Наманган вилояти ҳамда Жалолобод вилояти вакиллари ўртасида бу борада дастлабки амалий қадамлар ташланди.

Зеро, Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров айтиб ўтганидек, “Бу учрашувни биз орзиқиб кутган эдик. Халқимизда “Гилам сотсанг, қўшнинга сот. Чунки, унинг бир чеккасида ўзинг ўтирасан” деган ажойиб нақл бор. Шу нуқтаи назардан олганда, Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатларини бир-бири билан боғловчи икки ҳудуд ўртасида ўзаро дўстлик ва бирдамлик ришталари, айниқса икки томонлама савдо алоқаларини олиб бориш келгусида албатта самара беради.

Оқилхон Дадабоев,
Milliy tiklanish мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг