Китоб ўқиб, “Спарк” ютган қиз

0
38

Сўнгги вақтда оммавий ахборот воситаларида, Интернетда энг кўп тарқалган хабар —  самарқандлик Моҳинисо Шомуродованинг Президент совғасини қўлга киритгани ҳақида бўлди. Совға ҳам чакки эмас  — “Спарк” автомашинаси. Очиғи, шу пайтгача китоб ўқиган одамга бунақа совға берилмаган.

Президентимизнинг 2017 йил 14 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривож­лантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комп­лекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори кўҳна тарихнинг ўзгармас ҳақиқатини яна бир бор намоён қилди: китоб — ақл чироғи, дилларни бирлаштирувчи, ҳаёт мағзини чақишда асқотадиган, яхшилик уруғини сепувчи мўъжиза, йўлларни ёритгувчи машъал. Мутолаа эса кўнгил ороми, китобхонлик маданияти инсон ақл-закосининг олий чўққисидир.

Давлатимиз раҳбарининг қарори ижроси доирасида 2017 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи “Ёш китобхон” танловини эълон қилган эди. Шу кунга қадар туман ва вилоят босқичлари самарали ташкил этилиб, энг муносиблар республика босқичига етиб келди. Республика беллашуви 4 шарт бўйича бўлиб ўтди. Унда самарқандлик Моҳинисо Шомуродова энг кўп — 252 балл тўплашга эришди.

Моҳинисо Нарпай туманидаги 17-мактабнинг 10-синфида таҳсил олади. Ёшлигидан адабиётга, китобга ўзгача меҳр қўйди. Оиладаги маънавий муҳит, мўъжазгина кутубхона, ундаги мумтоз адабиёт, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари Моҳинисони маънолар оламига етаклади. Китобни дилдан севди ва унга дўст тутинди.

Қаҳрамонимиз билан суҳбатлашарканмиз, унинг орзу-умидлари бир оламлигини, дунёга ўз нигоҳи билан боқаётганини, ўқимишли, маърифатли бўлишга иштиёқи кучли эканини англадик.

— Китоб ўқисам, унинг ичига буткул шўнғиб кетаман. Бу менга китобда тасвирланган ва келтирилган ҳар бир детални эслаб қолишимга ёрдам беради, — дейди Моҳинисо Шомуродова. — Бизнинг ўз оилавий анъанамиз бор: ҳар ким мўъжаз бўлса-да шахсий кутубхонасига эга. Кечки пайт оила даврасида ота-онам бошчилигида ўқиган китобларимиз ҳақида суҳбатлашамиз, баҳсга киришамиз, фикр алмашамиз.

Дастлаб мактаб, туман миқёсида ўтказилган “Билимлар беллашуви”, фан олимпиадаларида иштирок этиб, ғолиб бўлган Моҳинисо ке­йинчалик катта танловларда қатнаша бошлади. Бунда, албатта, устоз­ларининг хизмати беқиёс. Шогирдининг ўй-фикри билан қизиққан, тўғри маслаҳат бера олган устоз бугун меҳнатининг рўёбидан мамнун.

— Бола, аввало, оиладаги муҳит таъсирида улғаяди, — дейди унинг устози Сария Сатторова. — Моҳинисо юксак маънавий муҳитда камол топмоқда. У юқори синфга қадам қўйган кезлариданоқ доим қўлида китоб қўлтиқлаган, оламга теран нигоҳ билан боқадиган ҳолатда тасаввуримга муҳрланган. Шу боис у билан якка тартибда шуғуллана бошладим. Моҳинисонинг бошқалардан фарқли яна бир жиҳати шуки, ўқимоқчи бўлган китоби ҳақида, албатта, маслаҳатлашади. Ўқиб бўлганидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашади.

Моҳинисо шу кунга қадар олти юздан ортиқ китобни мутолаа қилиб улгурди. Бу 17 ёшли ўсмир қиз учун, албатта, яхши натижа.

Китобга меҳр қўйиш, уни улуғлаш инсон
ма­ъ­­­­­навиятини юксалтиради. Бунга биз Моҳинисо Шомуродова мисолида яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

— Танловнинг республика босқичи жуда ҳая­жонли кечди, — дейди Моҳинисо. — Шартлар ҳам қизиқарли, ҳам залворли бўлди. Китоб ўқиб, Президентимиз совғаси — “Спарк” автомашинасини ютиб олиш хаёлимга ҳеч ҳам келмаган. Аслида гап совға ёки рағбатнинг қандайлигида эмас. Ҳамма гап сизга уни ким бераётганида. Бу — Президентимиз ишончи. Ишончни ўзимда қолдирдим-да, “Спарк” автомашинасини дадамга совға қилдим.

Бу оилани муқаддас санаган, китобга меҳр қўйган ўзбек қизи, мактаб ўқувчисининг дилдаги самимий гапи.

— Фарзандим ёшлигидан китоб­лар дунёсида улғайди, — дей­ди Шавкат Дўланов. — Онаси билан бирга қўлимиздан келгунча имконият яратишга ҳаракат қилдик. Фарзандим шу ёшида совриндор бўлиб, автомашина эгаси бўлгани, уни менга совға қилганидан кўзимда севинч ёши қалқди. Илм ортидан келган туҳфа мана шундай тотли бўлар экан…

“Ёшликда олинган билим — тошга ўйилган нақш кабидир”, деган ҳаётий ҳақиқат Моҳинисо сингари ёшлар тимсолида ўз тасдиғини топаётир. Келажакда Моҳинисо Шомуродова Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кириб мамлакатимиз равнақи йўлида ўз ҳиссасини қўшишни ният қилган. Бугун мактаб ўқувчиси китоб мутолаа қилиб, Президент совғасини қўлга киритган бўлса, келажакда олган билими, тафаккури, салоҳияти билан дунё аҳлини ҳам лол қолдириши, Ватанимиз ва жаҳон халқлари ўртасида муносиб “кўприк”, жамиятда ўз ўрнига эга шахс бўлишига ишонамиз.

Нигора НИШОНБОЕВА,
 “Milliy tiklanish”мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг