Тинчлик — тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим асоси

0
32

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 26-27 март кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференция ҳамда унинг якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларацияси мазмун-моҳиятини бугун кенг жамоатчилик, халқаро доиралар вакиллари, юртдошларимиз қизғин муҳокама қилмоқда, ўз муносабатларини билдирмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ташкил этилган очиқ мулоқот ҳам ушбу халқаро конференцияда имзоланган Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси мазмун-моҳияти ва аҳамиятига  бағишланди.

Унда ЎзМТДП Марказий кенгаши ва фракция аъзолари, Тошкент давлат Шарқшунослик институти, Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академияси Тарих институти, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги халқаро жамоат фонди вакиллари ҳамда партия Тошкент шаҳар ва вилояти кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирок этди.

Очиқ мулоқотни ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси, фракция раҳбари Сарвар Отамуратов кириш сўзи билан очди.

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилган халқаро конференция Афғонистон заминида 40 йилдан буён давом этаётган қуролли қарама-қаршиликка тинч йўл билан чек қўйиш, бу ҳудудда тинчлик-осойишталик ўрнатиш, иқтисодий-сиёсий барқарорликни, афғон халқининг хотиржам ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилгани билан долзарб аҳамият касб этади. Амударёнинг икки қирғоғида яшовчи ўзбек ва афғон халқини бир-бирига қадимдан тил ва урф-одатлар муштараклиги, дин ва маънавий қадриятлар бирлиги бирлаштириб турган. Ушбу азим дарё икки мамлакатни маданий тамаддун­лар чорраҳасида бирлаштириб, ўзаро савдо, илм-фан, маданий ҳамкорлигига кўприк вазифасини ўтаган. Буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний, Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб афғон заминида яшаб, ижод қилди. Бугун ҳам Ўзбекистон ва Афғонистон яқин қўшни мамлакатлар сифатида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга интилмоқда. Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар кенгайиб бормоқда.

Мазкур халқаро конференция асосида қабул қилинган Тошкент декларацияси, унда белгиланган муҳим вазифалар афғон заминида ноҳақ қон тўкишларнинг олдини олиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Бу заминда тинч­лик ўрнатилиши эса нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун Евроосиё қитъасидаги барча давлатлар учун янги имкониятлар эшигини очади, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда муҳим ўрин тутади. Шундай экан, партия ташкилотларимиз, депутатлик бирлашмаларимиз жойларда ушбу нуфузли анжуман ва унинг якуни бўйича қабул қилинган Тошкент декларацияси мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб-ташвиқ этишга ҳисса қўшиши лозим.

Очиқ мулоқотда иштирок этган мутахассислар, шарқшунос олимлар, тарихчилар мазкур халқаро конференция аҳамияти, Ўзбекис­тон — Афғонистон муносабатлари узоқ тарихга бориб тақалиши хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

— Афғонистон асрлар давомида Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида ривожланиб келган, — деди Тошкент давлат Шарқшунослик институти ректори Абдураҳим Маннонов. — Халқларимизни боғлаб турган ягона тарих, умумий маданият бугун турли соҳалардаги ҳамкорлик учун қулай замин яратади. Давлатимиз раҳбари минтақа мамлакатлари, дунёдаги етакчи давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида Афғонистон атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни муҳокама қилиш таклифини илгари сурар экан, музокаралар давомида жафокаш афғон халқига кўмак ва ёрдам беришнинг истиқболлари ҳамда ушбу жараёнда ҳар бир давлатнинг иштироки ва ўрнига катта аҳамият бериш орқали афғон муаммосини бартараф этиш йўлида ўзига хос ёндашувни намоён қилди.

Таъкидлаш жоиз, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум ўз формати ва Афғонистон муаммоси бўйича аниқ ечимлар топишга қаратилгани билан илгариги халқаро анжуманлардан фарқ қилади. Шу боис уни ўтказиш ташаббуси дунё ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Янада аҳамиятлиси, Афғонистондаги мавжуд вазият, масала-муаммолар, уларга ечим топиш йўллари акс этган Президентимиз нутқи Тошкент декларациясига асос бўлди. Унинг қабул қилиниши Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича амалий жиҳатдан ижобий натижаларга эришиш имконини беради, тинчлик жараёнининг ўзига хос “йўл харитаси”га айланади. Нуфузли халқаро ташкилотлар, сиёсатшунослар ва экспертлар томонидан Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликка эришиш, шу орқали нафақат Марказий Осиё, балки унга туташ минтақаларда тинч тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи Тошкент декларацияси афғон халқининг муаммоларини ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилиши билан амалий аҳамиятга эга, деган фикрлар билдирилмоқда.

Тадбирда институт вакилларининг Афғонистон тарихига оид тақдим этган маълумотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари мазкур халқаро конференция аҳамияти ҳамда давлатимиз раҳбарининг нутқи мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, хусусан, партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасида кенг тарғиб қилиш, шунингдек, илмий-амалий конференция ташкил этишга келишиб олинди.

Зокиржон МАШРАБОВ,
 Заҳириддин Муҳаммад Бобур
 номидаги халқаро жамоат фонди  раиси:

— Мамлакатимизни афғон диёридан Амударё ажратиб туради. Қўшничилигимиз тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ҳатто Ўрта асрларда орамизда Амударёдан бошқа ҳеч қандай чегара бўлмаган, халқларимиз бир ҳудудда яшаб ижод қилган. Афғон заминида Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Беруний, Лутфий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Камолиддин Беҳзод, Шоҳруҳ Мирзо, Гавҳаршодбегим каби буюк аждодларимиз мангу қўним топган манзиллар жойлашган. Жафокаш Афғонистон заминидаги тўқнашувлар, нотинчликлар боис, уларнинг аксарияти таъмирталаб, хароба ҳолатга келиб қолган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг Афғонистондаги маркази ташкил этилиб, кейинги 15-20 йил мобайнида бу диёрдаги аждодларимиз қабрларини ободонлаштириш, уларнинг меросини ўрганиш, илмий-маданий ишлар самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиб келаяпмиз. Хусусан, ЮНЕСКО ва фонд ҳамкорлигида Навоий ҳазратларининг қабри устида мақбара тикланиб, атрофига кўчатлар ўтқазилди. Айни пайтда унинг ёнида улуғ шоир ижодига бағишланган мўъжаз музей, кутубхона ташкил этиш режалаштирилган.

Мухтасар айтганда, амалга оширилган ишлардан кўра, ўз олдимизга қўйган режа ва мақсадларимиз улкан. Тинчликка эришиш йўлида алоҳида аҳамиятга эга мазкур нуфузли анжуман ижобий натижалар бериб, бу борадаги ишларимиз кўлами янада кенгаяди. Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлашни истардим, Афғонистонга 20 га яқин сафар уюштирган бўлсак, афғон халқининг меҳнатсеварлигига, ўз юртида тинчлик ўрнатилишини доим орзу қилиб келганига амин бўлганман. Ушбу халқаро конференция, энг аввало, афғон халқининг ана шундай орзулари рўёбга чиқишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Наргиза ХИДИРОВА,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар
академияси Тарих институти грант раҳбари:

— Афғонистон Конституциясида ўзбек тили мамлакатнинг расмий тилларидан бири сифатида белгилангани бу икки мамлакатнинг ўқ илдизлари узоқ даврларга бориб тақалиши ва мустаҳкам томир отганини англатади. Юртбошимиз нутқида ҳам Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда ҳаёт кечиргани, афғон заминида Марказий Осиё Уйғониш даврининг буюк намояндалари, кўплаб улуғ аждодларимиз яшаб ижод қилгани алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, азал-азалдан умумий муқаддас дин ва уйғун маънавий қадриятлар бирлаштириб келган икки халқнинг ижтимоий-маданий ҳаёти муштарак.

Конференцияда афғон хотин-қизларининг ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш ва ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки тарихий маълумотларда, Гавҳаршодбегим саъй-ҳаракати билан Ҳиротда бир нечта маданий-маърифий масканлар барпо этилгани  қайд этилган.

Ўтмишимиз, тарихимизга оид илмий тадқиқот ишларини янада кенгайтирсак, муштарак илдизларимиз янада ойдинлашади. Буюк аждодларимизнинг бизга маълум бўлмаган олтин меросини кашф этиш имконига эга бўламиз.

Ориф НОРТЎРАЕВ,
халқ депутатлари Янгийўл
шаҳар Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган  депутат:

—  Ҳар қандай масаланинг туб моҳиятига етмасдан, у ҳақда батафсил маълумотга эга бўлмасдан туриб, аҳолига тушунтира олмаймиз. Шу маънода партиямиз томонидан ташкил этилган мазкур очиқ мулоқот “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференция ҳамда унинг якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларацияси аҳамиятини янада теран англашимизда муҳим омил бўлди. Тархичи олимлар ва мутахассисларнинг чиқишлари  натижасида халқларимизнинг муштарак тарихи, маданияти ҳақида кенг  маълумот олдик. Бу эса партия ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этадиган тарғибот ишларимизда бизга ёрдам беради.

Афғон заминида азалдан  миллионлаб миллатдошларимиз, қардошларимиз истиқомат қилиб келади.  Бу қўшни юртда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар учун тинчлик, кўнгил хотиржамлиги, фарзандларининг эмин-эркин ўсиши нақадар муҳим эканлигини барчамиз чуқур ҳис қиламиз. Шу нуқтаи назардан халқаро конференция бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясида афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойиллари белгилангани муҳим аҳамиятга эга. Биз энди унинг аҳамиятини кенг тарғиб этишимиз, аҳолига етказишимиз лозим.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг