Марказий Осиёдаги барқарор тараққиёт: Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши билан чамбарчас боғлиқ

0
14

Тарих шоҳид, унда воқеа ва  ҳодисалар ҳар доим ҳам бир текисда кечмайди: истиқбол сари интилишлар, орқага чекинишлар, беқарорликлар, муайян бир давр сабоқларидан ҳушёр тортиш каби тўлқинсимон авжланиш, хос томойиллар вақти-вақти билан ўзини намоён этиб туради. Бу — инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат.

2017 йил Марказий Осиёдаги давлатларнинг ўзаро муносабатларида янги руҳият, янгича тарихий манзара ва қарашлар пайдо бўлди. Албатта, бу ҳолат ўз-ўзидан содир бўлгани йўқ. Балки шахснинг тарихдаги ўрни ва роли муҳимлиги яна бир бор ўз исботини топди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқ, дўстона ва прагматик ташқи сиёсат жуда қисқа даврда катта ҳаётий натижалар бера бошлаганини бугун халқаро жамоатчилик ҳам эътироф этмоқда. Дастлаб, мамлакатимиз сиёсатида қўшни давлатлар билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш тамойили устувор вазифа сифатида белгиланди. Натижада Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро манфаатли ва дўстона ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Айни шу жиҳат Ўзбекистоннинг ишончли сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкор сифатидаги халқаро нуфузини юксалтиришнинг муҳим кафолатига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ Афғонистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда ушбу мамлакатда тез фурсатда тинчлик, барқарорлик ўрнатилиши, унинг иқтисодий ва транспорт инфратузилмаси тикланишига кўмаклашиш тарафдори эканини билдирди. Давлатимиз раҳбари энг нуфузли минбарлардан туриб, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш стратегик аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Хусусан, Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳамда ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференциядаги нутқларида Марказий Осиёдаги хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарурлиги, қўшни мамлакатдаги тинчликка фақат музокаралар билан эришиш мумкинлигини таъкидлади. Зеро, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартидир.

Президентимиз шу нуқтаи назардан жаҳон афкор оммаси эътиборини афғон можаросини ҳал қилишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканига қаратди.

Халқаро таҳлил марказлари қайд этаётганидек, шу йилнинг 26-27 март кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича ўтказилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида халқаро конференция Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати стратегиясининг амалий натижаси сифатида ушбу мамлакатда тинч­лик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларга кенг йўл очди. Унда қабул қилинган “Тошкент декларацияси” жаҳонга глобал хавф солаётган муаммоларнинг ечими сифатида эътироф этилди.

Ўзбекистон бир неча йиллар давомида нотинч бўлиб келаётган Афғонистон билан бевосита чегарадошлиги туфайли афғон муаммосининг ижобий ҳал этилишидан манфаатдордир. Чунки қўшни афғон заминида можароли вазият сақланаётган бир вақтда барқарорликни таъминлаш ва осойишталикка эришиш муаммоли бўлиб қолаверади. Президентимиз айтганидек: “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир”.

Давлатимиз раҳбарининг афғон заминида сиёсий маслаҳатлашувлар орқали тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича таклифлари билан бир қаторда мамлакатнинг қарийб қирқ йиллик уруш ва можаро туфайли буткул вайрон бўлган иқтисодини қайта тиклаш ҳамда афғон халқининг издан чиққан турмуш тарзини ўнглаш борасидаги ёндашуви ҳам таҳсинга лойиқдир.

Президентимиз Афғонистон бўйича юқори даражали Тошкент конференциясидаги нутқида афғон халқи билан ўзбек халқининг узоқ тарихига мурожаат қилиб, “азал-азалдан Амударёнинг икки томонида ўзаро ўхшаш тиллар, умумий муқаддас дин ва муштарак маънавий қадриятлар бирлаштириб турадиган халқлар яшаб келаётган”, минтақада “хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир ва уни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин”лиги, хавф-хатарларнинг баъзи бирларини “ўзимизники”, бошқасини эса “бировники”, деб қабул қилмаслик лозимлиги тўғрисидаги фикрларни билдирди. “Афғонистон хавфсизлиги — бу Ўзбекистон  хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осий минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётнинг гаровидир” деган ҳаётбахш ғоя илгари сурилди.

Бунда афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини  ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус — муросага эришиш, Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида  музокараларни бошлаш  механизмини  ишлаб чиқиш, Афғонистонда миллий келишув жараёнига  халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва ниҳоят, барча манфаатдор ташқи кучларнинг қуролли мухолифатдан Афғонистон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришини, қарама-қаршилик ва зўравонликка  чек қўйишни қатъий ва бир овоздан талаб қилиши беқиёс аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ҳукумати Афғонистоннинг келгусидаги тинч тараққиёти учун умумий масъулиятни ҳис этган ҳамда ўзбек ва афғон халқининг азалий дўстлик алоқаларига таянган ҳолда, мамлакатимиз ҳудудида тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини билдириб,  қуролли мухолифат вакиллари, жумладан, толиблар ҳам афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз мамлакати келажагини белгилаш учун яқинда ўтказиладиган сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, минтақавий даражада — аввало Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Марказий Осиё давлатларининг қўллаб-қувватлаши билан Афғонистон ҳукумати ва толибонлар ўртасида мустаҳкам келишувни таъминлашга эришишга даъват этди. Глобал даражада — дунёнинг етакчи, буюк давлатлари ва донор ташкилотлар томонидан Афғонистондаги тинчлик жараёнлари принципиал жиҳатдан сиёсий қўллаб-қувватланиши ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши учун молиявий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш туфайли мамлакат тинч ривожланиш йўлига ўтишини таъкидлади.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум ўз формати ва Афғонистон муаммоси бўйича аниқ ечимлар топишга қаратилгани билан илгариги конференциялардан фарқ қилади. Олдинги конференцияларда даъват этиш, дипломатик таъсир қилиш каби воситалар устуворлик қилган бўлса, 26-27 март кунлари бўлиб ўтган нуфузли анжуман ўзининг интеграциявий тараққиётга интилиши, афғон халқининг муаммоларини ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилиши билан ажралиб туради. Конференцияда мамлакатимиз раҳбари илгари сурган ғоялар асосида Ўзбекистон давлатининг Афғонистон бўйича қатор истиқболдаги  стратегик вазифалари эълон қилинди.

Ўзбекистон Афғонистонга 2002 йилдан буён электр энергияси етказиб бермоқда. Бир-икки йил ичида Сурхон – Пули–Хумри янги электр тармоғининг ишга туширилиши билан Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин ортади. Ўзбекистон мутахассислари томонидан қурилган ва ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш лойиҳасини амалга ошириш Афғонистон иқтисодиётини тиклашга анча ҳисса қўшади, янги иш ўринлари яратади ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширади. Трансафғон транспорт-коммуникация лойиҳалари бўйича ишларнинг шу каби катта аҳамиятга эга бўлган “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон” ва “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” каби бошқа минтақавий ло­йиҳалар асосидаги қитъалараро транспорт коридорларини энг қисқа йўлларни ривожлантириш натижалари афғон халқига хизмат қилади.

Шу йилдан бошлаб Афғонистонга чегарадош Термиз шаҳрида ташкил этилган Афғон фуқароларига таълим бериш маркази иш бош­лади. Мазкур марказда афғон мутахассисларини тайёрлаш бўйича ихтисослик ва йўналишлар сонини кенгайтириш режалаштирилди. Бу каби лойиҳалар Афғонистоннинг ўзида ҳам амалга оширилади.

Ҳеч шубҳасиз, Афғонистонни қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқалар тизимига жалб этиш бўйича умумий саъй-ҳаракатлар бу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни тинч ҳаётга қайтариш жараёнига сезиларли ҳисса қўшади. Зеро, анжуман якуни бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясининг энг муҳим жиҳатларидан бири — бу Афғонистон билан минтақавий ҳамкорликни бошлашга доир мақсадлар эълон қилингани.

Шу маънода мазкур халқаро конференция нафақат тинчлик, тотувлик, барқарор ҳаёт тарзи, курашаётган кучларнинг сулҳга эришишга даъват этиши, балки амалий ва ҳаётий соҳа — афғон халқининг ижтимоий ҳаёти ва турмуш тарзини яхшилашга доир режалари билан ҳам халқаро жамоатчилик диққат-эътиборини ўзига тортди. Декларацияда иштирокчи-давлатларнинг  “Афғонистонни унинг яқин қўшнилари ва минтақа билан боғлайдиган савдо-транзит, транспорт, энергетика, инфратузилма ва коммуникация соҳаларидаги минтақавий лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бутун минтақа аҳолисига сезиларли манфаат келтириши, кун кечириш учун зарур манбаларни яхшилаши, тинчликка кўмаклашиш ҳамда терроризм ва ноқонуний фаолиятга қарши курашиш борасида кўрилаётган саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлашга” интилишлари қайд этилди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилган мазкур халқаро конференция дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ғоят муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.  Унинг Тошкентда ўтказилиши — бу Ўзбекистоннинг фаол ва тинчликсевар ташқи сиёсати халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан эътироф этилиши, мамлакатимиз жадал ривожланиш, халқаро муносабатларда фаол иштирок этиш, инсоният бошидан кечираётган глобал муаммоларни ҳал қилишдек буюк давлатларга хос янги ташқи сиёсат йўлидан бораётганининг ёрқин далилидир.

 Мунирахон ҚОРИЕВА,
халқ депутатлари Тошкент вилоят
Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг