Сайёҳлик имкониятларини рўёбга чиқаришда ички туризмни ривожлантириш муҳим ўрин тутади: депутат ташаббуси билан пойтахтдан эллик киши Самарқанд шаҳрига саёҳат қилди

0
19

Мамлакатимизда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида қисқа вақт ичида сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди.

Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармон ва қарорлари асосида хорижий сайёҳлар учун виза тизимининг соддалаштирилиши, туристлар учун бир қатор имтиёз ва имкониятлар яратилиши бунда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ички туризмни жадал ривож­лантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини, биринчи навбатда, инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, мамлакатнинг бой табиий, маданий ва тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш учун янада қулай шароитлар яратиш, ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан бири сифатида ички туризмни жадал ривожлантириш, фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништириш каби мақсад-вазифалар кўзда тутилган.

Ўзбекистондек ўтмиши бой, табиати ранг-баранг мамлакат дунёда кам. Хушманзара оромгоҳларимиз хорижнинг машҳур курортлари билан бемалол беллаша олади. Бугун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ўқув муассасаларининг ўқувчилари ва талабалари, ногирон болалар ва кам таъминланган оилалар фарзандлари, ишчилар, нафақадаги фуқаролар, маҳалла фаоллари, аёллар ва аҳолининг бошқа қатламлари ҳам мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имконига эга бўлмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида туризм воситасида Ўзбекистон халқининг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш, фуқароларни миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашда туризмнинг ўрни ва аҳамиятини тарғиб этиш энг муҳим мақсад-вазифалар сифатида белгиланган.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури ижроси доирасида халқ депутатлари Сергели туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Хирожиддин Ибрагимов ташаббуси билан “Халқобод” маҳалла фуқаролари йиғинида истиқомат қилувчи кекса отахон ва онахонлар, маҳалла фаоллари, ижтимоий ҳимоя­га муҳтож ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларидан иборат 50 кишилик гуруҳ қадимий Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат қилиш имконига эга бўлдилар.

— Азалдан одамлар Самарқандни бир бор кўришни, унинг заминида мангу ором топган азиз-авлиёлар, буюк инсонлар хоки пойини зиёрат қилишни орзу қилишган. Буни ўзлари учун шараф, деб билишган, — дейди маҳалла фаолларидан Мавжуда Суярқулова. — Бугун Самарқанд ана шундай истак, қутлуғ ниятдаги инсонлар билан ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Юртимиз шаҳар ва қишлоқларидан келаётган минглаб ватандошларимиз, хорижий мамлакатлардан келаётган меҳмонлар Самарқандни, унинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб, ўз ҳурмат ва эҳтиромларини изҳор этмоқда. Самарқанднинг ноёб тарихий ёдгорликлари, замонавий иншоотлари, хушманзара табиати ва бошқа кўплаб дам олиш масканлари бизга жуда манзур бўлди.

Самарқанд — ҳайрат ва мўъжизалар шаҳри. Бу ерга келган меҳмон, сайёҳ борки, шаҳарнинг тарихий обидалари, бетакрор меъморлик намуналарини томоша қилиш, улардан завқ олишни истайди. Қолаверса, бу заминда бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аждодларимиз мангу қўним топ­ган. Халқободлик меҳмонлар ҳам Регистон, Бибихоним масжиди, Улуғбек расадхонаси ва Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаларида бўлишди, Соҳибқирон Амир Темур мақбараси, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуаси ва Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилдилар.

— Ҳар сафар бу табаррук диёрга келганимда улкан ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар, тараққиёт сари дадил интилишларнинг гувоҳи бўламан, — дейди халқ депутатлари Сергели туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Хирожиддин Ибрагимов. — Самарқанддаги тарихий ёдгорликлар ғоят бетакрор. Буларнинг бари Буюк ипак йўли чорраҳасидаги мамлакатимизда азалдан турли маданиятлар, анъаналарнинг ўзаро мулоқоти асрлар мобайнида давом этганидан дарак беради.  Хива, Бухоро, Самарқанд каби қадимий шаҳарларимизни чет эллик сайёҳлар бир неча минг километр йўл босиб, кўргани келишади, таассуфки, биз эса яқинимизда, ёнгинамизда турган бундай хазинани бориб кўришга фурсат ёки имкон топа олмаймиз. Президентимиз томонидан зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, айниқса, байрам кунларида қўшимча дам олиш кунларининг жорий этилиши, ички туризмни ривожлантиришда муҳим омил бўлди. Насиб этса, бу каби саёҳатларни ҳар икки ойда ташкил этишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ўйлайманки, қизиқарли ўтган Самарқанд саёҳати давомида юртдошларимиз жаҳонга машҳур архитектура ёдгорликлари,  диққатга сазовор жойлар ва вилоятнинг бугунги тараққиёт кўрсаткичлари ҳақида кенг маълумотга эга бўлиш билан бирга, уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай имконият яратди.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,
Сардор МУЛЛАЖОНОВ (сурат),
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг