Хизмат сифати нархига мос бўлиши керак: мамлакатимиз туризм имкониятлари хусусида чет эллик меҳмонлар билан суҳбат

0
31

Туризм — иқтисодиётнинг янада ривожланиш жараёнини тезлаштирувчи омил сифатида иқтисодий ва ижтимоий муам­молар ечимида муҳим ўрин тутади, қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, миллат фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мазкур соҳа тараққиётига ҳисса қўшишни ўзининг энг муҳим дастурий вазифаларидан бири, деб ҳисоблайди.

Президентимизнинг 2017 йилнинг 12 июль куни  Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги дастуриламал ма­ърузасидан келиб чиқиб партия бу борада муайян ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, ЎзМТДП ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар, алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Партия мамлакатимизда туризм йўналишида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга кўмаклашиш мақсадида юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижлик меҳмонларнинг Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва имкониятлари хусусидаги фикрларини ўрганишни ҳам мақсад қилган. Ана шу лойиҳа доирасида ЎзМТДП Марказий кенгаши Тошкент халқаро Вестминстер университетида бир неча йилдан буён талабаларга инглиз тилидан сабоқ бериб келаётган чет эллик ўқитувчилар Мандана Арфа-Кабудванд ҳамда Андрэ Селети билан суҳбат ташкил этди. Уни ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони етакчи мутахассиси Самандар Исмоилов олиб борди.

— Мамлакатимизда хорижлик сайёҳлар, умуман, чет эллик меҳмонлар учун яратилган шарт-шароит қай даражадалиги, бошқа давлатларда сайёҳлар учун яратилган имкониятлар билан қиёсланганда Ўзбекистонда туризм соҳасида қандай ютуқ ва камчилик­лар борлиги ҳақида сизнинг фикрингизни билиш биз учун муҳим.

Мандана Арфа-Кабудванд хоним, Ўзбекис­тонга келишдан аввал мамлакатимиз ҳақида етарли маълумот ва тасаввурга эга эдингизми? Келганингиздан сўнг фикрларингиз қай даражада ўзгарди?

— Дунёда сайёҳлик салоҳияти юқори ва жадал ривожланаётган давлатлар кўп эмас. Чунки мазкур соҳа фаолиятини йўлга қўйиб, сайёҳларни мамлакатга жалб қилиш, уларга юқори сифатли сервис хизмати кўрсатиш осон эмас. Бунинг бир қатор талаблари, халқаро стандартлар бор. Аввало, мамлакатда тинчлик-осойишталик таъминлангани, ҳудуднинг табиий иқлим шароити, тарихий-маданий обидалару бутун инсониятнинг бойлиги бўлган осори-атиқалар, қадрият ва анъаналарнинг мавжудлиги каби жиҳатлар эътиборга олинади. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сайёҳлигининг йирик марказларидан бирига айланиб, дунёда юртингизга қизиқиш тобора ортиб бораётгани бежиз эмас.

Эрондан Ўзбекистонга келганимга деярли уч йил бўляпти. Бу ерга келишимдан аввал юртингиз ва ўзбек адабиёти ҳақида муайян тасаввурга эга эдим. Акам мендан олдин Ўзбекистонга бир неча марта сафар қилган. У юртингиздаги кўҳна обидалар, маданий ва тарихий мерос объектлари, бетакрор табиати, замонавий иншоотлари акс этган кўплаб суратларни кўрсатган. Ўшанда мени бир нарса жуда ҳайратлантирган эди. Бу — ўзбекистонликларнинг нигоҳи, кўз қарашлари. Юртингиз фуқароларининг кўриниши турлича бўлса-да, лекин уларнинг нигоҳи бир хил: ўзбекларнинг кўзи кулиб турар экан. Тўғри, дастлабки кунларда одамлар қиёфасида жиддийлик бордек туюлган. Лекин мамлакатингизга келиб, бу ердаги очиқкўнгил ва меҳмондўст одамлар билан суҳбатлашиб, қалбим қувончга тўлди.

— Ўзбекистон хорижлик сайёҳларни қай даражада ўзига жалб қила оляпти, деб ўйлайсиз? Чет эллик сайёҳларни кутиб олиш, уларга туризм йўналишларини тавсия этиш, саёҳатлар ташкил қилиш ва амалга ошириш билан боғлиқ ҳолатга қандай баҳо берасиз?

— Бу саволга жавобни ўз мамлакатимдан бу ергача етиб келишдаги мураккабликлардан бошласам. Буни кўпгина хорижий мамлакатлар, жумладан, Эрондан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри самолёт қатнови йўлга қўйилмагани билан изоҳлаш мумкин. Агар бевосита Эрон-Ўзбекис­тон йўналишида парвоз қилинса, масофа вақти 2 соату 20 дақиқани ташкил этади. Бироқ ҳозир биз Истанбул ёки Олмаота орқали келамиз. Бу, роппа-роса бир суткалик вақтни йўқотиш дегани. Бундан ташқари, кўрсатилаётган хизматлар нархи анчайин қиммат. Хизмат сифати ёмон эмас, лекин нархига унчалик мос эмаслиги мамлакатингизга ташриф буюрувчиларга бироз ноқулайлик туғдиради, дейиш мумкин. Айтайлик, баъзида яқинларим, дўстларимни Ўзбекистонга таклиф қилишга тўғри келади, шунда улар ҳам айнан юқорида таъкидланган ноқулайлик­ларни важ сифатида келтириб ўтади. Билишимча, Эрон ҳаво авиацияси юртингизга тўғридан-тўғри парвозни йўлга қўйишни режалаштираётган эди. Агар бу амалга ошса, ўйлайманки, жаннатмонанд бу заминда, албатта, эронлик сайёҳлар салмоғи ошиши шубҳасиз.

Яна бир масала: меҳмонхона ва рес­торан бизнеси сайёҳликнинг энг кўп даромад келтирадиган тармоқларидандир. Мамлакатингиз ресторан ва меҳмонхоналарида хизмат кўрсатиш  юқори даражада йўлга қўйилган. Бироқ  бу соҳада сифат ҳамиша ҳам бир хилда сақланиб турмаслиги таассуфланарлидир. Масалан, бир сафар боргандаги яхши таассурот кейинги гал такрорланмаслиги, ҳатто айтиш мумкинки, бутунлай акс таассурот қолдириши ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, Интернетда Ўзбекистон ҳақида инглиз тилида ёзилган маълумотлар кам. Сайёҳлик масканлари, меҳмонхоналар, ресторанлар, тарихий шаҳарлар, обида-ю зиёратгоҳлар, умуман, юртингиздаги мавжуд сайёҳлик салоҳияти ҳақида инглиз тилида ҳам етарли маълумотлар тақдим этилса, нур устига нур бўлар эди. Бу билан сайёҳларда Ўзбекистон ҳақида кенгроқ тушунча шаклланади. Чунки қаерга бўлмасин, саёҳат олдидан, албатта, ўша давлат ҳақида Интернетдан маълумот қидирилади.

— Дунё миқёсида якка тартибда саёҳат қилишга қизиқиш ортиши ихчам хусусий меҳмонхоналар тармоғини ривожлантиришни тақозо этаётир. Мамлакатимизда хусусий меҳмонхоналар ҳам жадал ривожланмоқда. Уларда яратилган шароит, хизмат сифати ва белгиланган нархлар кўнгилдагидекми?

— Юқорида айтганимдек, хизматлар учун белгиланган нархлар анчайин қиммат. Устига-ус­так уч юлдузли меҳмонхоналарни беш юлдузли, дея тақдим этишлар мавжуд. Бунга Самарқандда ўзим гувоҳ бўлганман. Меҳмонхонанинг чўмилиш ҳавзаси ё ишламайди, ё тоза эмас. Нонуштани ҳам меъёрдагидек деб бўлмайди ва ҳоказо. Мен ўшанда бир қадрдоним билан бирга борган эдим. Икки кишилик хона оддий ва кичик, белгиланган  нарх эса талабга мувофиқ эмас. Бу борада ишни ташкил қилиш, мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича дунё тажрибасидаги самарали тизим, соҳадаги энг сўнгги янгиликлар жорий этилса, бу, албатта, ўз самарасини бериб, хорижий сайёҳларнинг юртингизга оқими тобора кўпайишида муҳим омил бўлади.

— Мамлакатимизнинг қайси шаҳарларига бордингиз? Миллий таомларнинг қайси бири сизга кўпроқ маъқул келди?

— Бухоро ва Самарқандга уч, Хивага бир марта борганман, шунингдек, баҳор фаслида Шаҳрисабз ва Наманган шаҳарларига боришни яхши кўраман.

Миллий таомлар ажойиб. Айниқса, тўй оши – жону дилим. Шунингдек, менга Хоразм таомлари кўпроқ ёқади: шивит ош (мен уни пиширишга ҳам уриниб кўрганман), тухум барак…

— Раҳмат, энди жаноб Андрэ Селетига юзлансак. Жаноб Селети, Ўзбекистоннинг қайси шаҳарларида бўлдингиз? Ўзингиз бевосита томоша қилган туризм масканлари сизга қанчалик манзур бўлди?

— Ўзбекистонга келганимга бир ярим йилдан ошди. Шунга амин бўлдимки, ўзбек халқи азалдан яратувчанлик ва бунёдкорлик ишларининг устаси сифатида донг таратгани бежиз эмас экан. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Қўқон каби шаҳарларингиздаги гўзал меъморий обидалар ва муқаддас қадамжолар дунёда кам учрайди. Шу боис бу заминда қурилган обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Бу шаҳарлардаги ноёб тарихий ёдгорликлар, замонавий иншоотлар, хушманзара табиат, бетакрор маданият ва анъаналар билан танишдим. Шунинг­дек, Нукусдаги И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига бордим, Орол денгизида очиқ осмон остидаги кемалар музейини кўрдим. Ушбу манзилларнинг ҳар бирида ўзига хослик мавжуд. Улар — сайёҳларнинг эътиборини жалб қила оладиган масканлар.

— Юртимизда сайёҳлар учун кўрсатилаётган хизматлар ҳақида нима дея оласиз? Соҳадаги ютуқ ва камчиликлар нималардан иборат?

—  Юқорида ҳамкасбим айтганидек, дарҳақиқат, туристик сайтларда Ўзбекистон ҳақида инглиз тилидаги маълумотлар жуда кам. Масалан, тарихий обидаларнинг қурилиши, қачон, ким бунёд этгани ҳақида ўзбек ёки рус тилида кўплаб маълумотлар бор. Лекин инглиз тилида бундай маълумотларни топиш қийин. Тўлиқ маълумотга эга матнлар нафақат инглиз тилига, балки француз, немис ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинса, хорижлик сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш имкони пайдо бўлиши шубҳасиз.

— Италиядан бизнинг юртимизга келишда, виза олиш масаласида мураккабликлар юзага келмаганми?

— Бу борада айтарлик муаммога дуч келганим йўқ. Чунки бу ерга ишга таклиф қилинганман. Шунинг учун ҳам виза олиш қийинчилик туғдирмаган. Яна айтиш мумкинки, таклиф хати, туристик агентликлар орқали келиш осон. Шунда ортиқча вақт ва маблағ сарфланмайди.

— Ўзбек миллий таомлари ҳар доим сайёҳларга маъқул келган. Бироқ, бу ерга келган сайёҳлар нафақат маҳаллий, балки хориж таомларини ҳам татиб кўришни исташи табиий. Бу ерда тайёрланаётган бошқа халқлар таомлари хусусида нима дея оласиз?

— Албатта, ҳамма ҳудудда юқори сервис хизмати кўрсатадиган ресторан ва кафелар мавжуд. Бу ердаги сифатли хизмат, самимий муносабат мижозларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, муайян муассаса, қолаверса, мамлакат обрўси юксалишига хизмат қилади. Уларда маҳаллий ва бошқа халқлар таомлари етарли даражада сифатли ва мазали қилиб тайёрланади, деб айта оламан. Меҳмонхоналарда хориж таомларини чет эллик ошпазлар тайёрлар экан. Бу, албатта, таомнинг маромида тайёрланишини таъминлайди.

Биласиз, биз, италияликлар қаҳвани хуш кўрамиз. Бухорода чой, қаҳва тайёрлайдиган шохобчалар етарли. Бироқ Самарқандга борганимда биргина “Эспрессо” қаҳвасини топиш учун икки соатча пиёда юрганман. Франция, Германия аҳолиси кўпроқ капучино ичади. Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган жойларда кичик қаҳва шохобчалари мавжуд бўлса-да, лекин қаҳванинг юқори сифатли, чет эллик мижозларга манзур келадиган турлари йўқлигини камчилик сифатида келтириб ўтиш мумкин…

— Хорижлик мутахассислар, сайёҳлар учун Ўзбекистонда яшаш қай даражада қулай, деб ўйлайсиз? Бир марта келган сайёҳ яна бир бор келишни истайдими?

— Бу ерда аёлим билан бирга ишлаймиз. Бизга Ўзбекистонда яшаш жуда ёқади. Чунки одамлар дўстона муомала қилади, агар муҳтож бўлсангиз, ёрдамга ошиқади. Ўзбек тилини яхши билмасак ҳам кўча-кўйда юрганимизда бизни тушунишга ҳаракат қилиб, манзилимизни топишда, етиб олишимизда кўмаклашишади. Умуман, жамиятдаги бундай муҳит, албатта, хорижлик меҳмонлар учун маъқул келади. Мен инсонларнинг биргина меҳмондўстлиги ва очиқкўнгиллиги ҳақида айтдим, холос. Бундан ташқари, Ўзбекистонда яшаш учун яратилган шароитлар, миллатлараро тотувлик, қонун-қоидаларнинг барчаси нафақат туризм салоҳияти, балки халқингиз фаровонлиги учун хизмат қилиши ҳам айни муддао.

— Сўнгги савол иккалангизга ҳам тегиш­ли — туристлар учун бошқа давлатларда мавжуд, лекин Ўзбекистонда буни амалга оширишнинг имкони йўқ деб билган шароит­лардан нималарни келтириб ўтиш мумкин?

Мандана Арфа Кабудванд:

— Эрон Каспий денгизи: Форс кўрфазига туташ. Ўзбекистонда улкан денгиз бўйида сайр қилиш имкони йўқ. Шахсан менга соҳилда дам олиш ёқади. Денгиз бўйида балиқли таомлар тановул қилиш барча учун ғоят ҳузурли бўлса керак. Афсуски, табиий жиҳатдан олиб қарасак, Ўзбекистон денгиз ёки океан қирғоғига туташ эмас.

Андрэ Селети:

— Билишимча, ўзбекистонликлар футбол томоша қилишни яхши кўрар экан. Мен  Италияда пайтим футбол томоша қилгани бевосита стадионга тез-тез борар эдим. Бу ерда ҳам “Бунёдкор”, “Пахтакор” жамоаларининг ўйинларига тушдим. Лекин ўйиннинг жозибаси Италиядагидек эмаслиги мени бироз ранжитди. Шунингдек, денгиз бўйлаб саёҳат менга ҳам ёқади. Бу, Ватаним — Италия океан билан туташлигидан бўлса керак — денгиз соҳилларида дам олишга ўрганганмиз. Ўзбекистонда денгиз йўқлиги боис бундай имконият чегараланган.

— Фикр ва мулоҳазаларингиз учун раҳмат. Келгусида ҳам ана шундай таассуротларга асосланган суҳбатлар уюштиришга ҳаракат қиламиз ва янги таклиф ва ғояларингиз Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада оширишда ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилади, деган умиддамиз.

“Milliy tiklanish” мухбири
Шаҳзод ҒАФФОРОВ ёзиб олди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг