Энди шунчаки ёзиб бўлмайди…

0
53

Адабиёт ҳар қандай миллатнинг, халқнинг тафаккур даражасини белгиловчи мезондир. У тарихни тирилтиради, келажакдан башоратлар қилади. Чин маънодаги истеъдодли, профессионал шоир ва ёзувчилар башарият, аёнки, қайсидир халқ тасаввури ва тафаккури берган ҳосиладир. Улар инсон руҳининг, қалбининг ҳурлигини, моҳиятини тараннум этади. Шунинг учун бирор халқнинг адабиёти даражасига боқиб, унинг маънавий камолоти даражасига, жамиятидаги ўзаро муносабатларига, тараққиёт босқичига бемалол баҳо бериш мумкин. Демак, адабиётга эътибор халқнинг маънавиятига, камолотига, келажагига эътибор, дегани ҳақ гапдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маънавиятга, адабиётга эътиборнинг ёрқин намунаси, соҳада янги босқични бошлаб берувчи тарихий ҳужжат бўлди. Чунки бу қарор уюшма фаолиятини тубдан яхшилаш, ўзгартириш, қалам аҳлини эса улуғ режалар, марралар сари илҳомлантириши тайин.

Албатта, бунгача ҳам соҳада талай ишлар амалга оширилди. Яъни уюшманинг “Дўрмон” ижод уйи ва поликлиникаси реконструкция қилинди, уюшма қошида “Ижод” фонди тузилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолигида пойтахтимиз марказида Адиблар хиёбони ташкил этилди, уюшма ва унинг нашрлари учун янги кошона барпо этилди.

Мазкур қарор эса уюшма фаолиятини атрофлича қамраб олиб, уни янада ривожлантиришга қаратилгани билан бағоят аҳамиятлидир. Аввало, қарорда таъкидланган вазифалар Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган “Давлат — маънавиятнинг бош ҳомийси” тамойили асосида белгилаб берилган.

Маълумки, шу кунгача жуда кўп нашрлар муаллифларга деярли қалам ҳақи бермасди. Бу ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳолдир. Ёзувчи ойлаб, йиллаб кўз нурини тўкиб, тунлари ухламай, роман ёки қисса ёзса-ю, у бирор нашрда босилиб ўқувчига етса-да, лекин унга арзирли қалам ҳақи берилмаса — бу қайси қуюшқонга тўғри келади?! Ўзингиз ўйланг, ёзувчи бўлиш осон иш эмас эди: чунки у аввало ота, эр, маҳалладош, ишхонада ходим, жамият фаоли ва ҳоказо. Улардан ортиб ёзувчилик қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермас экан. Қуруқ қаламкашлик билан рўзғор тебратиб бўлмаслиги ҳеч кимга сир эмас эди. Қарор бу аҳволга барҳам бериши тайин. Зеро, унда мутасадди идораларга “… ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк шаклидан қатъий назар, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон ОАВ, нашриётлар томонидан муаллифлик гонорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш” юзасидан аниқ вазифалар юклатилган. Мана энди қалам аҳлининг елкасига офтоб тегиши аниқ. Бу шунингдек, адабиётимизнинг дунё миқёсига чиқишига ҳам замин яратади.

Кўплаб шоир ва ёзувчилар, айниқса, ёшлар ижара уйларда яшаши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Тошкент шаҳрининг марказида ёзувчилар учун имтиёзли ипотека кредити асосида 110 квартирали уй-жой қурила бошлангани Юртбошимизнинг ёш ижодкорларга оталарча ғамхўрлиги намунасидир.

Амалдаги тартибга биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири “Ижод” фонди Васийлик кенгашининг раиси ҳисобланади. Энди фонднинг ҳудудий бўлимлари Васийлик кенгашларига вилоятлар ҳокимларининг раислик қилиши ва ҳудудий университет ҳамда институтларнинг ректорлари уларнинг ўринбосари бўлиши белгилаб қўйилди. Бу вилоятларда яшаб, ижод қилаётган қаламкашларнинг ҳам муаммолари ҳал этилиши, уларни доимо қўллаб-қувватлашга имкон яратади.

“Ижод” фонди маблағлари ҳисобидан уюшманинг ҳудудий бўлимларига штат бирликлари ва енгил автомобиль ажратиш, уюшма муассислигида чиқаётган газета ҳамда журналларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун маблағлар йўналтириш, “Дўстлик клублари” фаолиятини аниқ манбалар асосида янада ривожлантириш каби вазифаларнинг белгиланишидан эса қалам аҳлининг боши осмонга етди. Чунки уюшманинг ҳудудий бўлимлари аҳволи жуда оғир, ҳатто баъзилар жойсиз эди. Энди кўрсатилаётган эътибордан уларнинг нуфузи ҳам, меҳнат самарадорлиги ҳам ортади. Уюшма муассислигидаги нашрларнинг базўр “кун кўриб келганлиги”, кам ададда чиққанлиги боис штатлари сони ниҳоятда чеклангани энг оғриқли муаммолардан эди. Қарорга асосан улар ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Бу эса ўз-ўзидан ижодкорларнинг ишчанлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Қарорда атоқли шоир ва ёзувчиларнинг юбилейларини ўтказиш, кўргазмалар ташкил этиш, китобларини нашр қилиш, ёш ижодкорларни қўллаш борасида ҳам аниқ вазифалар қайд этилган. “Китоб акцияси” тадбирларини мунтазам ўтказиш, китоб тарғиботини кучайтириш, “Ижод” фонди ҳомийлигида нашр этилган китобларни жойларга бепул етказиб бериш борасидаги фикрлар маънавият соҳасидаги ишларимизни юқори поғонага олиб чиқиши аниқ.

Биз ижодкорларга эса талаб битта: яхши асарлар ёзиб, она Ватанимизнинг шону шавкатини, халқимизнинг эзгу ўйларини, мустақиллигимизнинг шарафли йўлини дунёга тараннум этиш, ўз ишимизга янада масъулият билан ёндашиш! Бир сўз билан айтганда, энди шунчаки ёзиб бўлмайди!

Наби ЖАЛОЛИДДИН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат

 


Буюк навоийга эҳтиром

Мамлакатимизда 5 апрель, том маънода Адабиёт куни сифатида нишонланадиган бўлди. Давлат раҳбари томонидан шу  кун “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари  тўғрисида” қабул қилинган қарор бунга асос бўлади. Қарор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг буюк Навоий каби шоири бор адабиёт ҳам буюк бўлиши лозимлиги ҳақидаги мунаввар ниятининг илк қадамидир. Зеро, адабиёт ҳамма учун керак, ҳар куни керак.

Бу ҳужжат шуниси билан характерлики, унда рамзий равишда “бадиий ижод” деб аталадиган, лекин бирор қолипга, ҳатто назарияга сиғмайдиган фаолиятнинг ривожланиши учун жами қон томирларига ҳаёт суви етиб борадиган чоралар аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Тўғри, ҳали кўплаб қарор ости ҳужжатлари қабул қилинади, бир қанча ташкилий ишлар амалга оширилади, бироқ ҳукумат даражасидиги бундай эътибор соҳанинг камолида ҳал қилувчи таянч бўлиб қолади. Энг асосийси — мақсад аниқ, бугунги шиддат ва суръат талабларига жавоб берадиган адабиётга тамал тоши қўйиш ва уни нурли келажак хизматига камарбаста қилиш.

Азалдан бир гап юради: “Иқтидорларга кўмак беринг, иқтидорсизлар ўз йўлини топиб кетади”. Гапнинг сираси — бутун борлиғини ёзишга бағишлаган одам турли маҳкамаларга учрашиш, нашр ишлари билан шуғулланиш, китобини харидорга етказиб бериш сингари юмушларга вақт ҳам, куч ҳам тополмайди. Қарорда ана шундай ташкилий ишларни ҳукумат кўмагида ҳал этиш белгилаб қўйилган. Шунингдек, қарорда қалам аҳлига ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги аниқ вазифалар белгилаб қўйилганки, уларнинг адо этилиши билан бадиий кашфиётларга йўл очадиган руҳий осойишталик, мамнуният ва ишонч таъминланади.

Бундай қарорнинг қабул қилиниши бой тарихга эга бўлган адабиётимизга чинакам ғамхўрликнинг намунасидир. Уни бутун дунё эътироф этиб турган, ҳамон шуҳрат тожини ҳеч кимга бермай келаётган буюк бобокалонимиз Алишер Навоий руҳига чуқур ҳурмат рамзи ҳам дейиш мумкин. Ҳужжатнинг муборак кунларда эълон қилинишида  ҳам  ҳикмат бордек. Ахир Алишер Навоий Соҳибқирон Амир Темур барпо этган маънавият бўстонида муаттар чаман эмасми? Қолаверса, буюк шахс ва беназир ижодкор фаолиятида умумийликлар кўп. Навоий яратган идеал образ — Фарҳод Шириннинг юртида тоғ кесиб, ариқ чиқаради. Бу ҳаётий далил Соҳибқироннинг Қорабоғда Барлос каналини қаздиргани бадиий ифодаси эмасми? Бундай ҳамоҳангликлар  эса жуда кўп.  Ўз пайтида бобомиз Амир Темур ҳазратлари “Қоғозда ёзилганлари қурилган иморатлардан ҳам узоқроқ яшайди” деган эди. Миллий адабиётимизни ривожлантириш ҳақидаги қарор ана шу пурмаъно сўз бугун ҳам қўллаб-қувватланаётганининг амалий тасдиғидир.

        Ҳаким САТТОРИЙ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси


Миллий мақомимизни бутун дунё тинглайди

Бугун мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, хусусан, халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъатининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналарини изчил давом эттириш учун кенг йўл очилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрда қабул қилинган “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши йўлга қўйилаётгани ўзбек мақом санъатининг ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарини янги босқичда равнақ топтириш, унинг “Олтин фонди”ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Айни пайтда ушбу халқаро анжуманга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Президентимизнинг 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлаётир.

Қарорда белгиланганидек, мазкур халқаро анжуман шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтади. Анжуманга хорижлик мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар таклиф этилади. Бундан кўзланган асосий мақсад — турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришда миллий мақом санъатининг ролини оширишдан иборат.

Халқаро анжуман доирасида Шаҳрисабздаги Оқсарой майдони ҳудудида мақом санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиш қилиниши хорижий меҳмонларда юртимиз аҳолиси маданияти, амалий санъат маҳсулотларига бўлган қизиқишнинг янада ортишига хизмат қилади.

Анжуман, ўз навбатида, юртимизда туризмни ривожлантиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Хорижий меҳмонларнинг республикамизга кириш визалари белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилиши, Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятидаги меҳмонхона ва овқатланиш хизматларини 50 фоизлик чегирма билан ташкил этилиши, анжуман ўтказилиш тартиби белгиланган дастур туристик ташкилотларга аввалдан берилиши (улар хорижлик сайёҳларнинг юртимизга ташрифини ташкиллаштиришда аниқ кўрсатмага эга бўлади) бунга яққол мисол бўла олади.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори маданият ва санъат соҳасига берилаётган улкан эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Бунинг натижасида қадим тарихга эга санъатимиз билан бирга Ўзбекистон аталмиш улуғ гўша довруғи дунёга таралади. Миллий мақом санъати тадқиқ этилиб, унинг назарияси ва амалиёти ўртасидаги тафовут ва ўхшашликлар, тарихи ва бугуни “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияда кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.

Матлуба ДАДАБОЕВА,
Ўзбекистон халқ артисти

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг