Болалар қўшиқчилиги: ундаги муаммоларни ечмай туриб, маънавий юксалишга эришиб бўлмайди

0
40

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида “Болалар қўшиқчилиги: бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида очиқ мулоқот ўтказди. Очиқ мулоқотни партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов кириш сўзи билан очди. 

— Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантиришда мусиқий маданиятни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди, таълимнинг барча босқичларида мусиқий таълимни сифатли ташкил этишга қаратилган 20 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда мактабдан ташқари, мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим тизимларида узлуксиз мусиқа таълимини ташкил этишга замин яратди.

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ва ҳудудий жиҳатдан мақбул жойлаштириш бўйича бошланган ишларни мантиқий давом эттириш,  болалар ижодий салоҳиятини ошириш, мусиқа ва санъатга нисбатан меҳр-муҳаб­бат уйғотиш, бу борада тўп­ланган жаҳон тажрибаси ва меросини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демо­к­ратик партияси сайловолди Платформасида мамлакатимизда болаларнинг руҳий-маънавий дунёсини ва маданий савиясини ўстиришда нафақат миллий, балки жаҳон мусиқа санъатини ҳам чуқур ўрганиш ва ютуқларини ўзлаштириш, халқаро нуфузли танловлар ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантиришга кўмаклашиш каби мақсад-вазифалар белгиланган. Ҳудудий партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари айни шу мақсадда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларидаги мусиқий таълимнинг сифати, болалар қўшиқчилигининг бугунги аҳволини ўрганди. Мавжуд камчилик ва муаммолар аниқланиб, шу асосда таклифлар ишлаб чиқилди. Бугунги очиқ мулоқотда соҳа мутахассислари иштирокида аниқланган муаммолар ҳамда қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилиш, келгусидаги вазифаларни белгилаб олишни мақсад қилганмиз, деди партия етакчиси.

Очиқ мулоқотда партия фаоллари ва мутахассислар бугунги кунда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда умумтаълим мактабларининг мусиқа фани бўйича ўқув дастурлари, педагог кадрлар салоҳияти ва моддий-техник базаси ҳолатини атрофлича муҳокама қилдилар. Иштирокчиларга партия ташкилотлари ва депутатларнинг ўрганишлари натижаси тақдим этилди.

— Жойлардаги ўрганишларимиз, таҳлиллар жараёнида 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларнинг аксарияти болаларга хос бўлмаган, мусиқий таълим дастуридан ўрин олмаган, хорижий эстрада хонандаларининг қўшиқларини куйлаётгани, мактабгача таълим муассасаларида эса байрам дастурларининг аксариятида рэп, поп йўналишидаги ва паст савиядаги “қўшиқлар”дан кенг фойдаланилаётгани аниқланди, — деди партия Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бош мутахассиси Шаҳноза Султонова. — Умумтаълим мактабларидаги ўқувчиларнинг мусиқа маданияти фани ҳақидаги мулоҳазалари ҳамда 1-, 4-, 6-, 7-синфларга мўлжалланган 2017-2018 ўқув йиллари учун тақвимий-мавзу режаси ўрганилганда, мусиқа дарсларида мусиқа тинглаш, жамоа бўлиб куйлаш, мусиқа саводи бўйича машғулотлар ўтилаётгани, ўзбек болалар қўшиқчилиги ва жаҳон мусиқасининг энг сара намуналари ҳамда мусиқали ўйинлар ўрин олганига гувоҳ бўлинди. Бироқ, машғулотлар кўп ҳолларда бош­қа мутахассис-ўқитувчилар томонидан ўтилаётгани, уларнинг аксарияти ҳатто бирорта соз чалиш малакасига эга эмаслиги, айрим дарслар фақат шеър ёдлаш ёки таълим мазмунига мувофиқ келмайдиган қўшиқларни эшитишдан иборат бўлиб қолаётгани аниқланди. Аксарият умумтаълим мактабларида фортепиано бўлса-да, у жуда яроқсиз ва носоз аҳволда. Чунки ундан мусиқа дарси машғулотлари давомида фойдаланишнинг имкони йўқ. Айрим таълим муассасаларида миллий чолғулар тақчиллиги кузатилмоқда.

Мулоқот давомида Ўзбекис­тон Миллий телерадиокомпаниясининг болалар қўшиқларининг тарғиботи бў­йича эфир сеткаси таҳлил этилгани қайд этилди, болалар қўшиқчилик санъатини ривожлантиришда деярли ярим асрдан буён ўз ҳиссасини қўшиб келаётган “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблининг бугунги ҳолати ва фаолияти ҳамда мусиқий таълимни сифатли ташкил этишда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг тадқиқотчи изланувчиларининг ўрганишлари таҳлил этилди.

— 1970 йилда ташкил топган “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли Марказий Осиёда ягона болалар хор жамоаси саналади, — деди “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли раҳбари Шермат Ёрматов. — Бу ансамбль нафақат мамлакатимиз, балки хорижий давлатларда ҳам ўзбек санъатини муносиб намойиш этиб, 50 га яқин турли даражадаги мукофотларга сазовор бўлди. 100 га яқин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, бастакорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, турли илмий даражадаги соҳа мутахассислари, санъатшунос, мусиқашунос, хор дирижёрлари ва таниқли ижодкорларни тарбиялаб вояга етказди. Жамоанинг минг­га яқин қўшиқлари Ўзбекистон радиоси “Олтин фонди”га киритилган. Ансамбль мактабларда илк мусиқали-хор синфларини ташкил қилишга эришган. Мазкур синф­ларда биринчи марта академик ва ўзбек миллий қўшиқчилиги анъаналарини мужассам этган янги ижрочилик йўналиши шакллантирилди.

Очиқ мулоқотда болаларнинг маънавий, маданий-маърифий ва эстетик оламини юксалтиришда катта хизмат қилиб келаётган мазкур ансамблга бугун эътибор талаб даражасида эмаслиги, унинг фаолиятини тиклаш, тажрибасини амалиётга татбиқ этиш бугунги шиддатли глобаллашув даврида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда мактаб ўқувчилари учун муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадқиқотлар хор куйловчилари орасида жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиш кўрсаткичи икки баробар кам қайд этилишини,  ўрганишлар агарда хор ёки турли тўгаракларига аҳолининг атиги 5 фоизи қамраб олинганда ҳам мамлакатнинг умумий маданий даражаси кескин ошиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Хорда куйлаш воситасида ёшларнинг чекиш, спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, ижтимоий зўриқиш даражасини пасайтириш имкони мавжуд. Шу боис санъатнинг бу тури бугунги кунда қатор давлатлар, жумладан АҚШ, Германия, Австрия, Россия, Италия, Испания, Швеция, Чехия, Венгрия, Жанубий Корея, Хитой, Индонезия, Малайзия ва Вьетнамда кенг ривожланмоқда. Бу далиллар, ўз навбатида, мамлакатимизда айни кунда болалар мусиқа таълимида хор ижрочилигининг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари борасида зарур чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Феруза Абдураҳимова, В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи директори Дилдора Жамолова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Тадбир сўнгида мутахассисларнинг фикр-­мулоҳазалари асосида Ўзбекистон
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг таклифлари ишлаб чиқилди.

Дилдора ЖАМОЛОВА,
В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган
мусиқа академик лицейи директори:

— Бугун юртимизда маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган эътибор, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз навбатида, ижодкорлар, педагоглар зиммасига алоҳида масъулият юклайди, уларни ўз ижтимоий бурчини теран ҳис этишга ундайди. ЎзМТДП ташаббуси билан ташкил этилган мазкур очиқ мулоқотда болалар қўшиқчилик санъатини ривожлантириш ҳамда хор жамоаларининг бугунги ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.

Мусиқа таълимини ривожлантиришга болаларнинг фикри, дунёқараши, қарашларидан келиб чиқиб ёндашилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Лицейимизда республика ва халқаро танловларнинг совриндорлари ва иштирокчилари билан учрашувлар кичкинтойлар учун концертлар, “Болажонлар — болаларга!” мусиқий хайрия акциялари, “Юртим, сенга жоним фидо!” каби маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилади. Бу каби тадбирлар умумтаълим мактаб­ларида таҳсил олаётган ўқувчиларга мусиқа санъатининг энг сара намуналарини тақдим этиш, уларнинг мусиқа ва санъатга бўлган меҳрини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Илҳом РАСУЛОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони
Мафкуравий ва маънавий-маърифий масалалар бўлими бошлиғи:

— Партиямиз томонидан болалар қўшиқчилигини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган таклифлар, энг аввало, соҳа равнақига ҳисса қўшишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. ЎзМТДП мусиқий таълимнинг сифатини танқидий таҳлил этишга қаратилган мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ҳудудлар кесимида болалар мусиқа таълими ҳолатини ўрганиш таклифини илгари сурмоқда. Партия ижтимоий тармоқлар, электрон нашрлар ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида “Болангизнинг энг яхши кўрган қўшиғи қайси?” мавзусида ижтимоий ва блиц-сўровлар ўтказиш, махсус кўрсатувларда жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш,  “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи каби ташкилотлар билан ҳамкорликда ота-оналар ва болалар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, шу асосда таклифлар тайёрлаш соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Ҳамдам НИЁЗОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони
Ёшлар масалалари бўлими бошлиғи:

— Болалар учун яратилган мусиқий тўпламларни мутахассислар иштирокида замон талабларига мослиги ва болаларнинг онгу тафаккурига таъсири нуқтаи назаридан тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш бугунги куннинг долзарб вазифаси саналади. Шунингдек, 2-7, 7-11, 11-16, 16-18 ёшгача тоифа асосида вояга етмаганлар учун таълим муассасалари ва болалар дам олиш масканлари, ёзги оромгоҳларда жўрнавозликда ижро этиладиган энг сара болалар қўшиқлари тўпламларини яратиш, уни оммавий ишлаб чиқариш ва савдосини йўлга қўйиш ўсиб келаётган фарзандларимизнинг миллий мусиқа санъатимизга бўлган меҳр ва эътиборини юксалтиради. Очиқ мулоқотда бундай тўпламларни болалар учун мўлжалланган махсус сайтлар, кино, театр, мултипликацион фильм, клип ва ролик­лар орқали тарғиб этишга, ҳар бир оилага кириб боришга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Умуман, ЎзМТДПнинг ўрганишлари асосида вокал-хор таълимини ривожлантириш, мусиқа ўқитувчиларини тайёрловчи олий ўқув юртлари ҳамда мусиқа мактабларининг ўқув дастурлари ва моддий техник базасини такомиллаштириш,  “Булбулча” болалар хори, ашула ва рақс жамоасини қайта ташкил этиш каби таклифлар ишлаб чиқилгани партия дастурий вазифалари ижросида муҳим аҳамият касб этади.

ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ахборот хизмати

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг