Буюк бунёдкор ва маданият ҳомийси

0
41

Истиқлол йилларида миллий-маънавий қадриятларимизни, улуғ аждодларимиз номини тиклаш, улар меросини ўрганиш йўлида улкан ишлар амалга оширилди ва изчил давом этмоқда.

Амир Темур — ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимиз тийнатидаги бунёдкорлик, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, бугунги саодатли кунларга шук­роналик, эртанги ёруғ келажакка ишонч билан яшашдек фазилатларга маънавий куч бағишлаётган шавкатли сиймолардан биридир. Қудратли салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида бой амалий ва назарий мерос қолдирган, илму фан, бунёдкорлик, маданият, маънавият ривожига кенг йўл очган буюк аждодимизнинг ҳаёт йўли бугунги авлодлар учун ибрат мактабидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида “Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!” деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур”, деган эзгу даъвати улуғ аждодимиз хотирасига кўрсатилаётган улкан эҳтиромнинг бардавомлигидан далолат.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан ташкил этилган ўзбек давлатчилиги тарихида Амир Темур ва темурийлар салтанатининг ўрнига бағишланган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди. Унда депутатлар, олимлар, партия фаоллари, профессор-ўқитувчилар, ёшлар иштирок этди.

Тадбирда партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида тарихимизни ҳаққоний ўрганиш, буюк аждодларимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган улушини жаҳон миқёсида кенг намойиш этишга қаратилаётган доимий эътибор ўзлигимизни англаш, жамиятимизда маънавий-маърифий муҳитни юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги нишонланаётган шу кунларда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш халқаро майдонда тобора ортиб бормоқда.

Давра суҳбатида Амир Темурнинг жаҳон ва ўзбек давлатчилиги тарихида тутган ўрни, буюк бобокалонимизнинг инсоният равнақига қўшган маданий ва маънавий ҳиссаси, мустақиллик йилларида унинг ҳаёти, фаолиятини ўрганиш, хотирасини эъзозлаш борасида амалга оширилган ишларга оид маърузалар тингланди.  Талабалар ва ўқувчиларни қизиқтирган саволларга тарихчи олимлар жавоб қайтарди.

Тадбир иштирокчилари пойтахтимиздаги Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Ўз мухбиримиз

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг