Болалар келажаги учун муҳим қадам: боғчага фарзанди учун келган ота-оналарга китоб ҳам берилмоқда

0
21

Таълим тизимининг илк бўғини ҳисобланган мактабгача таълим бутун тизимнинг асосий мақсади бўлган баркамол авлодни тарбиялаш ва камолга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида қисқа фурсат ичида мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ҳам замонавий болалар боғчалари фойдаланишга топширилмоқда. Айниқса, кўп қаватли уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватидан боғча сифатида фойдаланиш учун тадбиркорларга имтиёзлар берилгани соҳада соғлом рақобатнинг вужудга келишини таъминламоқда.

Пахтакор туманидаги 10-сонли “Шодлик” мактабгача таълим муассасасида келажак эгаларининг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши учун барча зарур шарт-шароит муҳайё этилган. Унда 240 га яқин кичкинтойга 18 нафар малакали педагог ва тарбиячи таълим-тарбия бериб келмоқда.

…Мактабгача таълим муассасасида гўё эртаклар шаҳарчасига тушиб қолгандек бўласиз. Муассасада “Шуҳрат” медали соҳибаси Тожихол Холова раҳбарлик қилаётган “Қалдирғоч” гуруҳи тарбияланувчилари ясаган буюм ва ўйинчоқлар шаклан оддий бўлса-да, бежиримлиги билан кишида ҳавас ва ҳайрат уйғотади. Болаларнинг руҳияти, беғубор ва бой тасаввуридан келиб чиққан ҳолда тайёрланган буюмлар  бу ерда ташкил этилган кўргазмалар бурчагини безаб турибди.

Деворий газеталарда акс эттирилган турли расмли ва безакли йўл ҳаракати қоидалари, Конституциядан келтирилган моддалар, алломаларнинг ибратли фикрлари, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги суратли лавҳалар болажонларнинг билим ва дунёқараши кенгайишига хизмат қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур мактабгача таълим муассасасида тажрибали тарбиячилар замонавий педагогик технология­лар, инновацион воситалардан ҳам унумли фойдаланмоқда. Бу эса машғулотларнинг қизиқарли ва таъсирчанлигини таъминлаётир.

— Бугунги глобаллашув жараёни фарзандларимизнинг маънавий оламини асраб-авайлашни, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, онгу-шуурини болаликданоқ турли ёт ғоялардан ҳимоялашни тақозо этмоқда, — дей­ди муассаса раҳбари Жамила Абулқосимова. — Муассасамизда қизиқарли машғулотлар билан бирга мусиқа, тасвирий санъат, рақс, спорт, экологияга оид турли тўгаракларнинг йўлга қўйилгани кичкинтойлар тафаккур доирасининг кенгайиши, илк билимларининг шаклланиши, мустаҳкамланиши ва бойишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, болаларни соғломлаштириш, чиниқтириш, ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш учун барча шароит яратилгани боис тарбияланувчиларимиз 2017-2018 ўқув йилида шахмат-шашка бўйича ўтказилган мусобақанинг вилоят босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам ютуқларимиз салмоқли.

Мазкур даргоҳда педагог кадрларнинг малакасини янада оширишга, ўқув режа ва дастурларни замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Ёш мутахассис Гулнисо Эргашева ўзига юкланган масъулиятли вазифани сидқидилдан ҳис этади, ўз устида тинмай изланиб, малакасини оширишга интилади.

— Таълим йўналишидаги ўйинлар орқали болаларда мустақиллик, фаоллик, ижодкорлик, масалага онгли ёндашиш малакасини ўстириб боришга ҳаракат қиламиз, — дейди тарбиячи Гулнисо Эргашева. — Машғулотлар давомида халқ эртаклари, достонлар, мақол ва тез айтишлар, топишмоқлардан самарали фойдаланилади. Бу, ўз-ўзидан, болаларнинг мактаб таълимига бекаму-кўст тайёр бўлиши, ҳар бир мавзу ва йўналишда мустақил фикр юритиб, эркин қарор қабул қилишига замин яратади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсондаги феъл-атвор туғма бўлса-да, уни беш ёшга қадар ўзгартириш — тарбиялаш мумкин. Фарзандларимизнинг айни шу ёшда оила ёки мактабгача таълим муассасалари бағрида бўлишини инобатга олсак, бу ота-она ва тарбиячи-мураббийларга катта масъулият юклайди. Зеро, “Нима эксанг, шуни ўрасан”, деган нақлнинг тилдан-тилга ўтиб юриши ҳам бежиз эмас.

Дарҳақиқат, бола мурғак қалби билан дунёни англашга, унинг сир-асрорларини билишга интилади. Ота-онасидан билиши лозим бўлган нарсаларни сўрайди. Бу узлуксиз таълим-тарбия жараёнини яхши англаган мактабгача таълим муассасаси ходимлари ва ота-оналарнинг саъй-ҳаракати билан ушбу масканда мингга яқин бадиий адабиёт ва ўқув қўлланмаларига эга кутубхона ташкил этилган. Тарбияланувчиларнинг ўқиш қобилияти тўлиқ шаклланмаганлиги боис, мазкур кутубхона фондидаги китоблардан ота-оналар ҳамкорлигида фойдаланиш йўлга қўйилган. Фарзандини боғчадан олиб кетишга келган ҳар бир ота-она қўлига битта китоб ҳам тутқазилмоқда. Бу болаларнинг китобга бўлган қизиқиши, келажакда оқил фарзандлар бўлиб етишишида мустаҳкам замин вазифасини ўтайди.

Абдулла САИДОВ,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг