Ўзбегимнинг мунис қизи

0
21

Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг шу йил 3 мартдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарори билан йигирма саккиз қиз давлатимизнинг ушбу юксак мукофотига сазовор бўлди. Улар орасида навоийлик ёш шоира Муниса Аъзамова ҳам бор.

Ёш шоира кўнгил чизгилари ва кечинмаларини содда, самимий ва гўзал сатрларга тиза олиш иқтидорига эга. Унинг битиклари худди ўзи каби беғубор, такрорланмас: жимжимадор ва баландпарвоз сўзлардан йироқ. Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида туғилиб ўсган ёш шоиранинг кўнгил сарҳади улғайган макони каби кенг ва рангин.

…Муниса болалигидан илмга ташна ва қизиқувчан эди. Шу боис меҳнат ва интилишдан сира тўхтамади. Тез орада устозлар эътиборига тушди. Шеърлари тенгдошлари меҳрини қозонди. Бироқ ёш шоирага олқиш эмас, илм, натижа керак эди. 2013 йили “Тонг нафаси” номли илк китоби нашрдан чиқди.

Муниса Аъзамова бугун Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида таҳсил олаётир. Унга оила аъзолари ҳамиша маънан кўмак бериб келган.

— Қизим мактабга чиқмай савод чиқарган: ёзиш, китоб ўқишни ўрганган, — дейди онаси Наргиза Ҳасанова. — Унга туғилган куни ёки байрамларда ҳамиша бадиий адабиётлар совға қилганмиз. Айниқса унинг адабиётга меҳри баланд. Қизимнинг Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ кўрилганини эшитиб бошимиз осмонга етди. Унинг зиммасидаги масъулият энди икки карра ошди…

Ёш истеъдод соҳибаси мамлакатимизда ўтказилаётган танловларда ҳам муносиб иштирок этиб келаётир. 2014 йил “Юксак маънавиятли авлод” фестивалининг респуб­лика босқичида иштирок этган Муниса бадиий ижод йўналишида ғолиб бўлди. 2015 йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги  ўтказган иншолар танловининг республика босқичида “Энг ҳассос ўқувчи” номинацияси бўйича тенгдошлари орасида тенгсизлигини исботлади. Унинг туркум шеърлари “Саодат”, “Тонг юлдузи”, “Гулхан” каби республика нашрларида эълон қилинган. Муниса Аъзамова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида ташкил этилган “Онажоним — шеърият” тўгарагининг фаол аъзоси.

— Мунисанинг шеърларида миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсон ички дунёси, бетакрор табиатимизнинг гўзал манзаралари мадҳ этилади, — дейди устози, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Салима Умарова. — Унинг содда тилда равон ёзилган ижод намуналари шеърият ихлосмандлари меҳрини қозонган. Киши кўнглига яқин, табиий ва ҳаётий мисралари билан тенгдошларидан ажралиб туради. Айниқса, “Андоза”, “Тун”, “Вақт қадами”, “Бургут”, “Анор гули” каби шеърлари устоз шоирлар томонидан муносиб баҳоланган.

— Шундай юртда туғилганимдан, унинг бахтли фарзанди эканимдан доим фахрланаман, — дейди Муниса Аъзамова. — Давлатимиз раҳбари биз ёшларга яратаётган имкониятлар бутун дунё ёшларининг ҳавасини келтирмоқда. Ҳеч бир давлатда хотин-қизлар учун алоҳида давлат мукофоти таъсис этилмаган. Бу мукофот бизни Ватанимиз тараққиёти йўлида бир тану бир жон, камарбаста бўлиб меҳнат қилишимизда янада улкан масъулият юклайди, янги-янги марралар сари руҳлантиради.

Ўрик гули — менинг гулим,
Менинг гулим — менинг дилим.
Ишонмайсиз, ана қаранг,
Гуллаган-ку мен берган ранг.
Мен берган ранг кўнглимдай оқ,
кўнглимдай оқ…

Муниса  Аъзамова бугун барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиш баробарида тинимсиз ижодий изланишлар билан банд. У келгусида хорижий тилларни мукаммал ўрганиб, юртимиз ёшларининг салоҳиятини дунёга танитиш ниятида.

Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг