Имтиёз ва имкониятлар: Самарқанд вилоятида сайёҳликнинг барча турини ривожлантиришда асос бўлаётир

0
24

Қадим Самарқандга ер юзининг сайқали, деб бежиз таъриф берилмаган. Шу боис бу ердаги қадимий обидаларни зиёрат қилиш, оламга довруғи кетган буюк алломалар ва саркардаларига бешик бўлган қўҳна кентни ўз кўзи билан кўриш истагида бўлган сайёҳлар оқими йилдан йилга ортиб бормоқда.

Вилоят ҳудудида бугун 1 минг 851 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд. Туризм фаолияти билан шуғулланадиган 176 субъект (уларнинг 71 таси туроператор) ҳамда бир вақтнинг ўзида 4 минг 500 сайёҳни қабул қилиш имконига эга 105 замонавий меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Сайёҳлик маршрутлари ҳамда субъектларнинг деярли барчаси Самарқанд шаҳри ҳудудида жойлашган.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривож­лантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори туризмни мамлакатимизда, хусусан, Самарқанд шаҳрида жадал ривож­лантиришда катта имконият яратди. Шаҳарда жойлашган собиқ “Алпомиш” заводи ўрнида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда “Samarkand City” эркин туристик ҳудуди барпо этилмоқда. Бунда замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, кўнгилочар ва савдо марказлари, амфитеатр, дунёнинг турли халқлари ошхонасига мансуб таомлар тайёрланадиган рес­торанлар ва кафелар, бошқа туризм инфратузилмалар барпо қилинаётир.

Самарқанд давлат университети хиёбонида собиқ “Интурист” меҳмонхонаси ўрнида янги замонавий меҳмонхона комплекси барпо этилади. 2021 йилгача вилоятда 40 та янги меҳмонхонани ишга тушириш, туристик объектларда маданий тадбирлар ўтказиш белгиланган. Шу йилнинг охиригача қиймати 26 миллиард 150 миллион сўмлик 14 янги меҳмонхона фойдаланишга топширилади.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги қарори билан Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таьминлаш концепцияси тасдиқланди, — дейди вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири Азиз Ғафуров. — Мазкур концепцияга мувофиқ вилоят ички ишлар бошқармасида хавфсиз туризмни таьминлаш бошқармаси ташкил этилди. Ҳудудга ташриф буюраётган сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бошқарма таркибида алоҳида тузилма фаолияти йўлга қўйилди. Таъкид­лаш жоизки, хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати ходимларининг нафақат ташқи қиёфаси, балки муомала маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Улар тиббиёт қутиси, Самарқанднинг тарихий обида ва маданий обьектларини кўрсатувчи кичик харита билан таьминланган. Ходимлар асосан туристлар гавжум бўлган жойларда назорат олиб боради. Мабодо туристлар адашиб қолса ёки  ўзини ёмон ҳис қилганда, чарчоқ сезганда хизмат ходимлари биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, зарур чораларни кўришади.

Туризмни нафақат Самарқанд шаҳри, балки вилоятнинг барча ҳудудида кенг ташкил этиш, сайёҳликнинг бир неча турини ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Ургут, Самарқанд ва Нуробод туманларида туризмнинг янги турлари — экологик, қишлоқ хўжалиги, спорт туризмини ривожлантириш, Шердор мадрасасида турли маданий тадбирлар уюштириш, Қўшработ, Ургут ва Самарқанд туманларида улоқ-кўпкари, Қўшработ туманида эса “Кишмиш фестивали”ни ўтказиш режалаштирилган.

— Туризм салоҳиятини комплекс ривожлантиришга йўналтирилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Даврон Равшанов. — Хусусан, соҳа билан шуғулланадиган субъектларга бир қатор солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Меҳмонхоналар бош­қарув ходими сифатида жалб қилинган малакали хорижлик мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлашда ягона ижтимоий тўлов тўлашдан, хорижлик мутахассисларнинг даромадлари даромад солиғидан 2022 йилнинг 1 январига қадар озод этилди. Президентнинг 2018 йил 3 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан асосий фаолияти тематик хиёбонлар хизматларини ташкиллаштиришдан иборат бўлган юридик шахслар тематик истироҳат боғларини фойдаланишга топшириш санасидан бошлаб 3 йил муддатга юридик шахслардан олинадиган фойда, ер, мол-мулк солиқлари ҳамда ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади.

“Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида туризм соҳасида фаолият кўрсатадиган субъектларнинг солиқ солинадиган базаси Ўзбекистон туризм бренди ва “Uzbekistan.travel” сайти рекламаси бўлган босма маҳсулотларни (хариталар, рисолалар, буклетлар, флаерлар ва бошқалар), сувенир ва қадоқлаш маҳсулотларини (сумкалар, пакетлар, мактаб дафтарлари, ёрлиқлар, ғилофлар, кийим-кечаклардаги ва ошхона анжомларидаги ёзувлар) тайёрлаш ва чоп этишга йўналтириладиган харажатлар суммасига камайтирилиши белгиланди.

Бундан ташқари, энди туристларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (давлат музейлари, галереялар, маданий мерос объектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар маъмуриятлари) ўз фаолиятидан тушадиган тушумларнинг камида 5 фоизини ўз фаолияти ҳамда тақдим этаётган туризм хизматлари баён этилган реклама-тарқатиш материалларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрлаш ва ададини кўпайтириш учун мажбурий тартибда йўналтириш имконига эга бўлди. Чунки ушбу мақсадларга йўналтирилган харажатлар суммаси бу ташкилотларнинг солиққа тортиладиган базасидан чиқариб ташланди.

Берилаётган бундай имконият ва имтиёзлар хорижлик туристлар оқими ва туризм хизматлари экспортини кенгайтириш, тармоқда янги иш ўринлари яратиш асосида аҳолининг бандлик даражасини ошириш, меҳмонхоналар, сайёҳларни жойлаштиришнинг бошқа воситалари ва туризм фаолияти субъектлари сонининг кўпайишига хизмат қилади.

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг