Мусиқий меросимиз давомчилари

0
12

Мусиқа инсон туйғулари, руҳий кечинмаларини ифодалайди, миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуларини уйғотади. Шу боис мамлакатимизда ёш авлоднинг санъат турларига қизиқиши ва қобилиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш, ўзбек халқ анъаналари ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий савиясини ҳар томонлама юксалтириш мақсадида Халк таълими вазирлиги тасарруфида болалар мусиқа ва санъат мактаблари ташкил этилди.

Бундан асосий мақсад — ўқувчиларга умумий мусиқа, тасвирий ва рақс санъати билимларининг бошланғич асосларини ўргатиш, уларни санъат оламига етаклаш, жаҳон классик мусиқаси ва халқимизнинг мумтоз мусиқий мероси дурдоналари, устоз-шогирд анъаналари, фольклор асарлари, дос­тончилик намуналаридан баҳраманд этишдан иборат.

Самарқанд вилоятида айни пайт­да 26 болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият кўрсатмоқда. Уларда таҳсил олаётган 5 мингга яқин ўғил-қизларга 950 нафардан зиёд педагог-мураббий санъат сирларини ўргатаётир. Мазкур мактабларда ташкил этилган мусиқа, рақс, чолғу асбоблари ва вокаль болалар ижодий жамоаларининг сони эса 40 дан ошади.

Самарқанд туманидаги 26-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида 169 нафар ўқувчи мусиқа ва санъат сирларини қунт билан ўрганмоқда. Мактаб синф хоналари белгиланган мусиқий йўналишда таълим бериш учун чолғу асбоблари ва зарур жиҳозлар билан таъминланган.

— Мусиқа ва санъат мактабимизда ўқувчиларга 8 та йўналиш бўйича сабоқ беряпмиз, — дейди мактаб директори Умиджон Шарипов.

— Мактабимиз зарур мусиқа ас­боблари, замонавий ва мумтоз асарлар тўпламлари, ўқув қўлланмалар ва замонавий компьютер жамланмалари билан таъминланган. Бу эса ўқувчиларнинг ҳам билим олиши, ҳам республика ва халқаро даражада ютуқларга эришишида асосий омил бўлмокда. Масалан, хореография йўналиши бўйича таҳсил олаётган 5-синф ўқувчиси Шаҳло Қудратова Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “Окно в Европу” фестивалида 2-ўринни эгаллади. Анъанавий чолғу ижрочилиги бўлимининг 4-синф ўқувчиси Жасур Ахтамов Мухиддин Қори Ёқубов хотирасига бағишланган республика ижодий кўрик-танловининг мамлакат босқичида 3-ўринни қўлга киритди. Мактабнинг “Файз” доирачилар ҳамда хореография йўналишидаги “Камалак” рақс ансамбллари “Камалак юлдузлари” кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи ўринга сазовор бўлиб, республика босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этди: доира йўналишида сабоқ олаётган 5-синф ўқувчиси Самандар Жўрабоев, фортепиано йўналиши бўйича 5-синф ўқувчилари Ферузабону Қувондиқова ва Ойша Негматова 1-ўринни эгаллади. Анъанавий хонандалик йўналиши ўқувчилари Паризода Алимова 2-ўрин, Ворис Эгамқулов эса 3-ўринга лойиқ деб топилди.

Албатта, ҳар қандай ютуқ ва муваффақиятга осонликча эришиб бўлмайди. Инчунун, санъ­атда ҳам. Бунга тинимсиз изланиш, заҳматли меҳнат натижасида эришилади. Мактаб ўқувчиларининг қобилияти ҳам йиллар давомида сайқалланиб боради. Бунда, албатта, устознинг ўрни ва хизмати беқиёс.

— Мусиқа таълими болаларда ижобий фазилатларни шакллантиради, — дейди мактаб ўқитувчиси Муқаддас Собирова. — Билим масканимизда фортепиано синфида 30 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Ўқувчиларимиздаги санъатга бўлган қизиқиш, интилиш ва истеъдодни кўриб ич-ичимдан қувонаман. Уларнинг барчаси тинимсиз меҳнат қилса, изланса, ўз устида қунт билан ишласа, келажакда халқимиз кўнглидан муносиб жой оладиган санъат усталари бўлиб етишади. Биз устозлар фаолиятимизни айни шундай мақсадга йўналтирганмиз.

26-болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоаси ота-оналар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Жамоа эришаётган ютуқлар аслида, маҳалла — мактаб — ота-она ҳамкорлиги меваси, десак муболаға бўлмайди. Ота-оналар билан доимий мулоқот, мунтазам ҳамкорлик ва ҳамфикрлилик ўз натижасини бераётир.

— Ўғлим Ворисжон 13 ёшда. Санъатга бўлган қизиқиши ниҳоятда баланд, — дейди Хуршида Бойматова. — Уйи­мизга яқин жойда болалар мусиқа ва санъат мактабининг очилиши биз учун айни муддао бўлди. Фарзандимни шу даргоҳга олиб бориб, ўз қизиқиши бўйича таълим олишида қўлимдан келгунча ёрдам бериб келаяпман. Ўғлимнинг келажакда элимиз, юртимиз корига ярайдиган етук санъаткор бўлишини истайман.

Дарҳақиқат, ёш авлод қалбида эзгулик ва бунёдкорликка интилиш ҳиссининг камол топишида мусиқа санъатининг ўрни беқиёс. Бугун ўғил-қизларимиз учун яратилган қулай шарт-шароит ва кенг имкониятлар уларнинг санъатга қизиқишларини янада ошириб, ота-боболаримиз меросини улуғлаш, келгуси авлодларга етказиш, мамлакатимиз довруғини дунё саҳналарида намойиш этишга замин яратади.

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг