Отамерос ҳунарда ҳикмат кўп

0
14

Кулолчилик қадим-қадимдан аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган қадриятларимиздан бири саналади. Бунга юртимиз ҳудудидан топилган, асрлар сир-синоатини ўзида мужассам этган ашёвий далиллар яққол  гувоҳлик бериб турибди.

…Маҳмуджон Мамажонов кулоллар сулоласининг бешинчи авлоди, эл назарига тушган уста. Сулоладан сулолага ўтиб шакл­ланиб, сайқал топиб келаётган ҳунарда ҳикмат кўп. Ота-боболар йўлини давом эттириш, улар қолдирган анъаналарга содиқ қолиш сулола вакилининг зиммасига катта  масъулият юклайди.

Асли андижонлик уста-кулол бугун пойтахтда фарзандлари ва шогирдлари
эъзозида умргузаронлик қилмоқда. Устанинг хонадони йил бўйи шогирдлари, амалий санъат ихлосмандлари ва сайёҳлар билан гавжум. Шу соҳага қизиққан сайёҳ борки, устанинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлмай кетмайди. Унинг меҳнати маҳсули — лойдан ясалган мўъжизакор ва нафис буюмлар ҳар қандай кишини ҳайратга солиши табиий.

Лойнинг мўъжизакор қувватини ҳис қилган, дастлаб оддий коса, лаган, кўза, хум каби сопол буюмлар ясаб юрган уста йиллар ўтиши билан камолга етди. 1982 йили Тошкент метрополитенининг Ойбек метро бекати безак ишлари бўйича республика миқёсида танлов эълон қилинди. Уста-кулол бу хабарни эшитиб, ўзгача завқ билан ишга киришади. Кобалт, мис, аллюминий сингари қимматбаҳо металлар ёрдамида ижодий композиция яратади. Унинг композицияси бадиий кенгаш аъзоларига маъқул келиб, ижодий иш тасдиқдан ўтади. Устанинг қадоқ қўллари билан асл санъат намунаси сифатида тобланган металлар бадиий безак кўринишида ҳамон ял-ял ёниб турибди.

— Заминимиз унумдор ва саховатли. Унинг бағридан олинган тупроқ ва сув қоришмасидан турли-туман бежирим буюмлар ясаш мумкин, — дейди уста-кулол Маҳмуджон Мамажонов. — Ҳунаримизни ҳозир фарзандларим, шогирдларим давом эттираяпти. Ҳунармандлик бизга бобомерос, отамерос. Ота томондан кулол, она томондан хаттотлар авлодига бориб тақаламиз. Ушбу икки мўътабар ҳунар сулоладан сулолага ўтиб келаяпти. Бобом доим “бўлсанг энг олди уста бўлгин, йўқса, ҳунарни шунчаки эрмак қилма”, деб уқтирарди. Бугун мана шу ҳикматни мен ҳам фарзандларимга уқтириб келаяпман.Мен ва фарзандларим шу ҳунарнинг бошини тутиб кам бўлмадик…

Мустақиллик йилларида ҳунарманд фаолияти кенг миқёсда ривожланди. Бунда мамлакатимизда ҳунармандларга яратилган ҳар томонлама қулай шарт-шароит ва имтиёзлар кенг имкон яратди. Бугун пойтахтимиздаги замонавий ва миллий архитектура намунаси сифатида қад ростлаган бир қатор мажмуалар безак ишларида устанинг меҳнати маҳсулини кўриш мумкин. Жумладан, Ҳазрати Имом мажмуаси, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, Ўзбекистон давлат консерваторияси биносининг безак ишларида Маҳмуджон Мамажоновнинг “нафаси” уфуриб турибди. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг пештоқи, сервиқор эшиклари ва деворларидаги устанинг ижоди маҳсули бўлган безаклар кўрган кишини ҳайратга солиши табиий. Бир қарашда оддий туюлган нақш ва безаклар Маҳмуджон Мамажоновнинг тасаввур ва ҳаёлот оламидан сўз очади.

— “Қатағон қурбонлари хотираси” музе­йининг безак-пардозлаш ишлари бўйича ўтказилган танловда бизнинг ижодий ишлар танлаб олинди, — дейди уста-кулол. — Билдирилган ишончни тўла оқлаш, қолаверса, юртимиз истиқлоли учун жон фидо этган жадидчи боболаримиз руҳини шод этиш мақсадида фарзандларим билан туну кун меҳнат қилдик, изландик. Тасаввур оламимдаги чизгилар нақш ва безакларга кўчди. Унда асосан маҳобатли кулолчилик анъанасининг негизи бўлган мовий, оқ, яшил ва жигарранг уйғунлигидан фойдаландик. Мовий — мусаффолик, яшил — ёшлик, ҳаракат, оқ — тинчлик, поклик, жигарранг — меҳнат, сариқ ранг — бойлик каби рамзий маъноларга эга. Ушбу ранг­ларда  жилоланган нақш ва безаклар аждодларимизга бўлган ҳурматимиз, эҳтиромимиз мустаҳкамлигидан далолатдир.

Маҳмуджон Мамажонов ҳар йили юртимиз бўйлаб кенг миқёсда нишонланадиган Мустақиллик, Наврўз шодиёналарида ташкил этиладиган кўргазмаларда мунтазам қатнашиб келади. Тасвирий ва амалий санъат ҳафталик­лари, фестивалларнинг ҳам фаол иштирокчисидир. 2006 йил Наврўз байрами сайилларида ташкил этилган кўргазмада Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан бўлган суҳбат уста-кулол ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолди. Айнан шу йили “Ўзбекистон халқ устаси” унвонига сазовор бўлиши унга янги куч-ғайрат, ижодий илҳом бахш этди.

Бугунги кунда уста-кулолнинг икки фарзанди Воҳиджон ва Абдувосит ота изидан бориб, кулолчилик сирларини пухта ўзлаштириб келаётир. Катта ўғли Воҳиджон ҳам 2012 йилда  “Ўзбекистон халқ устаси” деган шарафли унвонга сазовор бўлди. Уста-кулолнинг меҳнати зое кетмади, унинг ҳунари фарзандлари фаолиятида ҳам ўз мевасини бермоқда.

— Отам бизнинг кулолчиликка бўлган қизиқишимизни ёшлигимиздан тўғри баҳолай олган, — дейди Воҳиджон Мамажонов. — Дастлаб фақат лой билан ишлашимизни талаб қиларди. Кун келиб тушуниб етдимки, у киши тўғри йўл тутган экан. Отамнинг ўгитлари, ҳунарининг сир-асрорини пухта ўргатиши, ҳунар ортидаги машаққатли меҳнат бугун ўз самарасини бераяпти. Мен ҳам устоз бўлиб ота-боболаримиз ҳунарини давом эттираётганимдан фахрланаман. Шогирдларимга ҳам ҳунарим сирларини худди отам каби қаттиққўллик, сабр ва, албатта, меҳр билан ўргатяпман. Уларга бот-бот такрорлайдиган гапим: “сабрнинг таги — сариқ олтин”. Ҳақиқатдан ҳам сабр билан қилинган ишда ҳикмат кўп.

Маҳмуджон ака бошчилигидаги Мамажоновлар сулоласи чет эл давлатларида ташкил этилган қатор фестиваль ва кўргазмаларда ўз ижодий ишлари билан муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Жумладан, Тайланд, Германия, Чехия, Болгария, Малайзия, Хитой каби санъат юқори қадр топган дунё мамлакатларида ташкил этилган халқаро кўргазмаларда ўзбек кулолчилигининг ёрқин намуналари билан муносиб иштирок этди.  Чет эллик харидорларнинг уста-кулол ишига қизиқиш билдиргани, шахсий коллекцияларига кулолчилик буюмларидан харид қилишгани устанинг беназир истеъдодидан далолат беради.

— Ҳар бир ишнинг ўзига яраша машаққати бор, — дейди уста-кулол Маҳмуджон ака.
— Кулол қўлига лой олиб чархга ўтирдими, демак, фойдали нарса ясалиши керак. Ана шундагина ҳунарманд зиммасидаги масъулиятини бажарган бўлади. Ҳозирда “устоз-шогирд” анъанаси асосида етиштирган шогирдларимиз дунёнинг турли мамлакатларида фаолият юритяпти. Бугун ҳунар эгаллайман, аждодларим йўлини давом эттираман, деган ёшларга барча имконият яратилган. Ҳар бир истеъдод эгасининг ижоди қўллаб-қувватланмоқда.

Меҳнат инсонни улуғлайди, деганларидек Маҳмуджон Мамажонов сингари қўли гул ҳунармандларимиз меҳнатини халқимиз ҳамиша қадрлаб келган. Шу боис боболардан фарзанд­лару набираларга мерос бўлиб келаётган, аждодларимиз ардоқлаган бебаҳо ҳунарманд­чилик тури ҳисобланган кулолчилик асрлар оша такомиллашиб бораверади.

Нигора НИШОНБОЕВА,
Сардор МУЛЛАЖОНОВ (фото),
 “Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг