Инсон шахсиятининг буюк кашфиётчиси

0
22

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини ижодкорлар, кенг жамоатчилик ҳурсандчилик билан қарши олди. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки Чингиз Айтматов ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан ва яқин дўсти эди. Қолаверса, буюк ижодкорга юксак ҳурмат-эҳтиром, қардош қирғиз халқи билан яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, уни янги босқичга кўтариш, адабиёт ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат,  юртимизда бугун рўй бераётган муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий янгиланиш­лар халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, ҳам моддий, ҳам маънавий ҳаётида улкан ўзгаришларга сабаб бўлаётир. Хусусан, адабиёт, санъат ва маданият соҳаларига қаратилаётган эътибор азалдан маърифатпарвар халқимизни беҳад шод этмоқда. Шу йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ва унда белгиланган вазифалар ҳақли равишда тарихий қарор сифатида эътироф этилмоқда.

Асрлар давомида турфа хил оҳангларда шаклланиб, тараққий этиб, кишилар қалбига эзгулик уруғини қадаб келаётган, сўз ихлосмандлари учун битмас-туганмас хазина манбаи бўлмиш бадиий адабиётнинг инсон маънавий олами юксалишидаги ўрни беқиёс. Буни, айниқса, Чингиз Айтматов ижоди тимсолида яққол кўриш ва англаш мумкин. Ёзувчининг инсонпарварлик ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган умрбоқий асарлари юртимиз китобхонлари томонидан ҳам севиб мутолаа қилинади.

Жаҳон адабиётининг йирик вакили, буюк сўз санъаткори, туркий адабиётни юксак чўққига кўтарган истеъдод соҳиби Чингиз Айтматов ХХ асрнинг 50-йилларида адабиёт майдонига кириб келиб, миллионлаб китобхонлар қалбидан ўрин олди. У ноёб истеъдод, кенг қамровли сўз санъаткори эди. Адиб нафақат қиссанавис ва романнавис, балки тарих ва мумтоз адабиёт билимдони, бетакрор сўз санъаткори ва муҳаррир, публицист ва журналист, файласуф, моҳир дипломат, халқлар дўстлиги ва биродарлигини юксак пардаларда куйловчи ирода соҳиби сифатида ҳам намоён бўлди.

Адибнинг деярли ҳар бир асари реал воқеликдан олинган ва маҳорат билан тасвирланган. Балки шунинг учун ҳам Чингиз Айтматов асарлари халқ ичида тез шуҳрат қозонди, дунёнинг кўп тилларига таржима қилинди.

Бўлғуси адиб халқ оғзаки ижоди, рус ва жаҳон адабиётининг нодир дурдоналари билан яқиндан танишади. Унинг ўзи бу ҳақда шундай ёзади: “Мен китобни зўр ҳаяжон, катта иштиёқ билан, худди муқаддас нарсани ушлагандек қўлимга олар эдим. Ўша кезлари менинг назаримда, ёмон китоб йўқ эди. Китоб­ларнинг ҳар бири мени ҳаяжонга соларди, китоб ёзган одам эса хаёлимда худди Пушкин ва Толстойдек буюк сезиларди”.

ЮНЕСКО тақдим этган маълумотларга кўра, адиб асарлари ўтган асрнинг 90-йиллари сўнггида 168 мамлакатда 165 тилга таржима қилиниб, 830 марта, жами 67,2 миллион нусхада чоп этилган. Ҳозирги кунда эса жаҳоннинг 180 га яқин тилига таржима қилиниб, 80 миллион нусхада нашр этилган. Биргина “Жамила” қиссаси 50 дан ортиқ тилларга таржима қилинган.

— Чингиз Айтматов ижоди ҳақида сўз кетганда, бир нарсани алоҳида қайд этиш жоиз, — дейди адиб ва таржимон Асил Рашидов. — Унга қадар қирғиз халқ оғзаки ижоди юксак даражада ривож топган эса-да, ёзма адабиёти ҳали шаклланмаган эди. Буюк адиб қирғиз ёзма адабиётини нафақат шакллантирди, балки уни дунё миқёсига олиб чиқди.

Адиб асарларида лиризм, психологизм, ўзига хос драматизм, шунингдек, рус ва Европа бадииятидаги энг яхши анъаналар ўзлашмаси ва ўзига хос бадиий характерлар яққол намоён бўлади. Ёзувчи кейинчалик ўз хотираларида бу ҳақда шундай дейди: “Мен соҳилларини кўз илғамайдиган рус адабиётининг чексиз уммонида толстойча донишмандликни ва образларнинг руҳий мураккаблигини яхши кўраман, ҳайратда қолдирадиган шолоховча драматизмни ва характерларнинг шолоховча ёрқинлигини яхши кўраман. Горький ва Маяковскийнинг революцион романтикасини яхши кўраман, чеховча беқиёс одампарварликни ва борлиқни бунинча нозик идрок этишни.., твардовскийча шеърият уфқларини, леоновча юксак заковатлиликни яхши кўраман. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас”.

Ҳақиқатдан ҳам, адиб асарларидаги бадиий гўзаллик, инсон ва наботот олами ўртасидаги ўзаро узвийлик, инсон тафаккуридаги эврилишлар юксак маҳорат билан тасвирланади. Рус адабиётшуноси Виктор Гусевнинг “Айтматов аллақачон рус прозасига сезиларли даражада таъсир этмоқда”, деган назарий қарашига илова қилган ҳолда, айтиш мумкинки, у нафақат рус адабиётига, балки жаҳон адабиётига ҳам таъсир ўтказган эди.

Адибнинг “Асрни қаритган кун” (“Асрга татигулик кун”), “Қиёмат”, “Охирги замон нишоналари”, “Қулаётган тоғлар” (“Мангу қайлиқ”) романларида одам ва олам ҳақидаги қарашлар, умуминсоний муаммолар бадиий мантиқ ва фалсафа нуқтаи назаридан талқин этилиши ҳеч бир китобхонни бефарқ қолдирмайди. Чингиз Айтматов ўз асарларида оддий меҳнат кишилари — ишчилар, чорвадорлар, денгизчилар, зиёлилар образини шунчалик маҳорат билан ярата оладики, асарни мутолаа қила туриб, ўзингизни асар воқеалари иштирокчисидек ҳис этасиз. Асар қаҳрамонларига қўшилиб не-не тўсиқларни енгиб ўтасиз, кулса — куласиз, қувонса — қувонасиз, куюнса — куюнасиз. Шунинг учун ҳам нафақат қардош халқ вакиллари, балки дунё аҳолиси ҳам адиб асарларини худди ўз халқининг минг йиллар аввал яратилиб, авлоддан авлодга ўтиб келаётган халқ қўшиғи каби қабул қилиб келмоқда.

Адиб асарларида қаламга олинган образлар табиий ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига дахлдор бўлиб, ўша даврнинггина эмас, ҳар қандай жамият муаммолари, мураккаб тақдирлар фожиаси, инсон руҳиятидаги ўзгаришларни қамраб олади. Унинг асарларида инсоний ва ботиний туйғулар, миллий қадриятлар, урф-одатлар билан биргаликда инсон ва наботот олами ўртасидаги диалектик бирлик, ёвузлик ва эзгулик ўртасидаги зиддият ва курашлар ҳаёт воқелиги асосида бадиий талқин этилади. Шунинг учун ҳам Чингиз Айтматов асарлари ҳамма замон ва маконда ҳам кишиларнинг маънавий мулки бўлиб қолаверади.

        Азмиддин НОСИРОВ,
   Самарқанд давлат
университети доценти,
филология фанлари номзоди

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг