Навоийни англаш — ўзликни англаш, демак

0
33

Инсон ақлу заковати бугун коинотни ўрганиш, тадқиқ қилиш даражасига етди. Ердан миллионлаб ёруғлик йили узоқликдаги юлдузлар, сайёралар, галактикалар ҳақида аниқ исботланган, далилланган фикрлар билдира оламизу, лекин шундоққина қалбимиз, юрагимизда бўлган ўзлигимизни топишга қийналамиз. Чунки ўзликни ҳамма турлича, ўзининг идроки даражасида тушунади. Демак, биз учун чуқур билим, улкан дунёқараш, илмий ва ҳаётий тажрибага эга бўлган инсонлар суҳбатидан баҳраманд бўлиш ўзлигимизни англаш, кенг идрок этишимизда муҳим аҳамиятга эга. Ўзликни англаш фақат ва фақат эзгу амалларга чорлайди, турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асрайди, ёвузликка қарши курашишга ундайди, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон “Миллик тикланиш” демократик партияси “Миллий тикланиш” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда юртимизнинг жамоат, маданият ва фан арбоблари, олимлар, ёзувчи-ижодкорлар билан “Ўзлик ҳақида суҳбат” лойиҳаси доирасида туркум суҳбатлар ташкил этиб келмоқда. У бугун анъанага айланиб улгурди, кенг жамоатчиликка манзур бўлди, ўқувчилар томонидан эътироф этилди. Билдирилган таклиф, фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда муштарийлар эътиборига яна бир суҳбатни ҳавола қиляпмиз.

Бугунги “Ўзлик ҳақида суҳбат”имиз меҳмони навоий­шунос олим, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Олимжон ДАВЛАТОВ. Суҳбатни таниқли ёзувчи, партиямиз фахрийси Хуршид ДЎСТМУҲАММАД олиб борди.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Суҳбатга келган меҳмонлар билан қайси соҳа ёки мавзуда суҳбатлашмайлик, гап ё бевосита, ё билвосита ўзликка, шахс ўзлигини, миллат ўзлигини, жамият ўзлигини англашга бориб тақалади. Мумтоз адабиёт билимдонларини, негадир, “хос одамлар” дегим келади. Очиғи, Шарқ мумтоз адабиётини тушуниш ва англаш хийла мураккаб. Ҳатто аввал мактаб, кейин дорилфунунда ўқиган бўлсак-да, улуғ шоир Алишер Навоий асарларини ҳам талқин этиш, ҳам идрок қилишга қийналамиз. Уларнинг асл маъносини чақишда, ўзимизнинг маънавий мулкимизга айлантиришда мураккабликларга дуч келамиз. Бунинг учун нима қилишимиз керак? Ёки бу ҳам ўзликни англаш билан боғлиқ жараёнми?

Олимжон ДАВЛАТОВ: — Ўзликка интилиш, ўзликни англаш жараёни мустақилликка эришганимиздан сўнг кучайди. Тарих шоҳид, ҳар бир халқ қайси замонда яшамасин ўзлигини йўқотмасликка, миллат сифатида шаклланишга интилган.

Аштархонийлар сулоласидан Абдуллахон пойтахтни Самарқанддан Бухорога кўчиргач, у ерда катта мадраса бунёд этади. Мадрасага бош олий таълим муассасаси мақомини беради. Унга танлов асосида бош мударрис тайинланади. Мирзожон Шерозий билан Мулла Абдусамад Косагароний ўзаро илмий мунозарага киришади ва бу баҳсда Косагароний ғолиб чиқса-да, лекин Абдуллахон Мирзожон Шерозийга ихлоси баланд бўлгани учун уни  мударрис этиб тайинлайди. Шундан сўнг мадрасада Имом Бухорий, Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Беруний каби алломаларнинг асарлари ўқитила бошланади. Лекин уларнинг бу асарлари мадраса толиблари учун “оғирлик” қилади, натижада уларга шарҳ ёзишга киришилади. Мирзожон Шерозийнинг ёлғиз ўзи мадраса таълими учун 37 та шарҳ ёзади. Шарҳ ёзиш йилдан-йилга авж олиб, толиби илмлар энди “Саҳиҳи Бухорий”нинг ўзини эмас, Мирзожон Шерозийнинг унга ёзган шарҳини ўқий бошлайди. Охир-оқибат, мантиқ ҳақидаги “Шамсия” асарининг бир сатрини ўқимаган толиб, унга ёзилган 17 та шарҳни ўқиш билан кифояланади. Бу эса, ўз навбатида, илму толибларнинг аслиятдан, асл манбадан йироқлашишига сабаб бўлади. Бундай ҳолат шўро даврида ҳам такрорланган. Масалан, биз Навоий асарларининг аслини эмас, балки қайсидир бир навоийшуноснинг улар ҳақидаги мақоласи ёки шарҳини ўқидик. Навоий ғазалларини ёд олмадик, балки уларни ўзича тушуниб ва давр сиёсатига мослаштириб таҳлил қилган олимнинг шарҳини мутолаа қилдик. Ва шундай йўл билан биз аслиятдан, ўзликдан йироқлаша бошладик.

Фикри ожизимча, буюк мутафаккирлар ҳаёти ва ижодини ўрганишда учта хатар бор, деб ўйлайман. Биринчиси — улар ҳамма даврда ҳам қадр топмайди, яъни авлодлар унинг ижодини лозим даражада англай олмайди. Масалан, айни пайтда Шарқ қўлёзмалар институтида Ибн Сино қаламига мансуб 200га яқин асар сақланмоқда. Ибн-синошунос олим эса бармоқ билан санарли даражада. Унинг тиббиёт, астрономия, фалсафа, тафсирга оид асарларини таҳлил қилиб, мағзини чақиб бера оладиган олим йўқ. Биз алломанинг фақат номидангина фойдаланишга ўрганиб қолдик.

Иккинчи омил — биз буюк аждодларимизни ҳамиша ҳам ёдга олмаймиз. Бу фикримизга Мотуридий яққол мисол бўла олади. Уни 100-200 йил давомида  ҳеч ким тилга олмади, эътибор қаратмади. Мотуридий каби аждодларимиз яна қанча? Шарқ қўлёзмалари институтида 100 мингга яқин асар ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди. Учинчи омил, бевосита ҳазрат Навоийга тааллуқли. Шак-шубҳасиз, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий дунё адабиёти тарихида тенги топилмас бир сиймо ҳисобланади. Бироқ биз унинг асарларини ўқимасданоқ тасаввуримизда идеал ясаб олганмиз. Ҳайкаллар ўрнатганмиз, шаҳар, метро бекати, кўча ва институтларга унинг номини берганмиз. Бу, албатта, яхши. Навоий номи ҳар доим такрорланганидан бизда “Навоийни билишимиз” ҳақида иллюзия пайдо бўлган. Аслида эса мактаб дарсликларида берилган бир-иккита ғазали-ю, рубоийсидан бошқа нарсани билмаймиз. Биз асл келиб чиқишимиз, илдизимиз, ўтмишимизни билганимиздан сўнггина ўзликка қайтишимиз мумкин бўлади. Ўзлик ҳақида Навоийнинг шундай байти бор:

Мени мен истаган ўз суҳбатиға
аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин
кўнглум писанд этмас.

Аслида бир сатрда бир сўздан икки марта ноўрин фойдаланиш камчилик саналади. Хатто насрда ҳам шундай қоида бор. Бироқ Навоий “мен” сўзини бир неча бор ишлатган. Лекин у қуруқ такрор бўлмай, ҳар гал янгича маънони англатади. Дастлабки “мен” мен ҳақимда, бошқа одамларнинг тасаввурини ифодалайди. Менинг ташқи кўринишим, кийинишим, мана шу ўриндиқда ўтиришимга қараб мен ҳақимда муайян тасаввур ҳосил бўлади. Буни биз  шартли равишда “пароканда тасаввур” деб аташимиз мумкин. Иккинчи “мен” бу — ҳар бир шахснинг ўзи ҳақидаги мени. Ҳар бир инсон ўзига билиб-билмай бир неча поғона юқори баҳо беради. У бунда уст-бош, шахсий машина, уй, мансаб-мартаба, обрў ва эътибор каби ташқи воситаларга асосланади. Ана шулар воситасида тасаввуридаги “мен”ини яратади. Бироқ у ҳам биз излаётган асл “мен” эмас. Асл “мен” ҳар бир одамнинг қалбидан жой олган. У ўзидаги барча иллатларнинг “кўзи”га тик қарай олади. Ҳолбуки, ҳамма ўзини хақ, диёнатли ва виждонли, деб билади. Ўзидаги камчилик ва қусурларни сезмайди, уларга қарши кураша олмайди. Чунки унда уларга қарши кураша оладиган маърифат нури йўқ.

Ҳадиси шарифда “кимки ўзини танибди, роббини танибди”, дейилади. Маърифат бу — таниш, билиш, англаш. Маърифат икки босқичдан иборат: биринчиси — бандани таниш, иккинчиси — Оллоҳни таниш. Ўзимизни англаш орқали Ҳақни англай борамиз. Ўзимизни англамасдан туриб Ҳақни англай олмаймиз.

Буларнинг барчаси шахснинг ўзини англаш ҳодисаси билан боғлиқ жараён. Яна бир жараён борки, у миллатнинг миллат сифатида ўзини англаш ҳодисаси, деб аталади. Айни пайтда инсоният шундай бир даврда яшаяптики, миллатларнинг жуда кўп жиҳати ўхшаш ва муштарак: бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Фақат тил ва дунёқарашидагина фарқ бўлиши мумкин. Мумтоз адабиётни ўрганишда айни шу нуқтаи назардан ёндашиш лозим. Ҳазрат Навоий форс тилида ижод қилиш имконига эга бўлган, балки бу у учун  туркчадан ҳам осонроқ эди. Абдураҳмон Жомий “Навоий туркийда эмас, форсийда ижод қилганида, бизнинг сўзлашишимизга ҳожат қолмасди”, дейди. Лекин Навоий она тилини танлади, уни шеърият, адабиёт, муҳаббат тилига айлантириш учун катта меҳнат ва куч сарфлади. Биз ҳам ана шу йўлдан боришимиз керак.

“Муҳокамат ул-луғатайн” асарида “форсий, арабий ва туркий байтлардан эллик минг байт ёд тутибмен”, дейди. “Лисон ут-тайр”да ёшлигида устози Қуръони карим ва ҳадис ўқитаётган вақтида тили равон бўлсин, деб “Мантиқ ут-тайр”, “Бўстон”, “Гулистон” асарларини ўқишга буюрганини, бунинг натижасида “Мантиқ ут-тайр”га ишқи тушиб, асарни бошдан-оёқ ёд олганини ёзган. “Мен (уни) ёдимда такрорлаб юрар эдим”, дейди Навоий. Адабиётни, Навоийни ўрганишнинг асосий йўли уни ёд олиш. Мумтоз адабиётда ҳар бир сатр қатида олам-­олам маъно яширинган бўлади. Шу боис уни ўқиб бир мартадаёқ мағзини чақиш, англаш қийин.

Мумтоз адабиётга биз болалигимиздан ошно бўлишимиз, уни кўпроқ ёд олишимиз керак. Қачон пойдевор, асос мустаҳкам бўлса, илм қилиш ҳам осон кечади. Агар хотирамизни ёшликда енгил-елпи нарсалар, кераксиз ахборотлар билан тўлдириб қўйсак, мумтоз адабиёт, шарқ маънавияти бизга бегоналигича қолиб кетади. Ўз “дарвозаси” — сир-синоатини очмайди.

Болалигимда Ҳофиз Шерозийнинг 150дан ортиқ ғазалини,  “Шоҳнома”дан бир достон, Навоийнинг 60га яқин ғазалини ёд олган эдим. Бу эса менга кейинчалик мумтоз адабиётимиз намуналари мағзини чақишда пойдевор бўлди, деб ўйлайман…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Мумтоз адабиётни оммалаштиришга шўро давридан буён ҳаракат қилинади. Бунга Навоий достонларининг насрий баёни тайёрлангани яққол мисол бўла олади. Бундай ёндашув ва тажриба бизни асл Навоийга олиб боришига ишонасизми?

Олимжон ДАВЛАТОВ: — Мумтоз асарларни ўрганишда ягона восита ёки ечим йўқ. Биз бунинг учун барча восита ва усуллардан фойдаланишимиз керак. Бунда ҳар бир шахс ўзига мос ва қулайини танлайди. Лекин на насрий баён, на шарҳ, на изоҳ ёки талқин аслиятнинг ўрнини босолмайди. Ўқувчи агар унинг насрий баёни ёки шарҳини ўқиганида қониқмаса, демак ўша баён ёки шарҳ ўз вазифасини бажарган саналади. Бу ўша ўқувчининг бир поғона юксалганини англатади.

Мисол учун, “Лайли ва Мажнун” достонида Лайлининг ити, чўпон, доя, Лайлининг отаси, Навфал, Навфалнинг қизи — буларнинг бари ошиқлар. Улар ўртасида ҳеч қандай синфий зиддият ёки кураш йўқ. Улар орқали ошиқликнинг турли даражалари, ҳолатлари, кўринишлари баён этилган. Ҳамма нарса, ҳатто бу дунё ҳам ишқ, муҳаббат асосига қурилган. Асарга кўз югуртириш ёки юзаки ўқиш билан бирор маъно-мазмунни англаб бўлмайди. Мумтоз адабиётни тушуниш учун шарҳ, изоҳ ва шеърий талқинларни ўқиш, баҳс-мунозаралар ташкил этиш лозим.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — “Насойим ул-муҳаббат”да 770 шайхнинг ҳаёти ва фаолияти келтирилган. Лекин бир пайтлар унинг насрий баёни нашр қилинганда “ширали жой”лари ташлаб кетилганга ўхшайди, назаримизда. Албатта, бу ўша давр сиёсати билан боғлиқ жараён. Асарда шундай бир ривоят бор: бир авлиё ўз мулозимлари билан овга чиқади. Ов тугагач, ҳамма қайтишга тараддудланиб турса, авлиёнинг ўзи кўринмасмиш. Ортидан қидириб боришибди. Қарашса, авлиё ерда ўтирибди: унинг тиззасига бир дарранда бошини қўйиб ухлаб қолган экан. “Туринг, кетдик”, дейишса, авлиё: “мана шу жонивор уйқуга тўйиб олсин, кейин кетамиз”, деб жавоб қилибди. Бу ривоятни ўқиган одам ларзага келади. Унинг насрий баёни одамни шу қадар тўлқинлантирса, асли қандай экан, деб унинг ўзини ўқигингиз келиб қолади…

Олимжон ДАВЛАТОВ: — Биринчи Президентимиз Ислом Каримов улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийга муносиб таъриф берган: “Агар бу зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”.

“Вали” арабча сўз бўлиб дўст, Оллоҳнинг дўсти, деган маънони англатади. Умумий маънода иймон аҳлининг ҳаммаси вали саналади. Лекин улар орасида шундай инсонлар борки, иймон аталмиш гавҳарни пок сақлаб, мудом асраб-авайлаб юради ва шу боис авлиё даражасига етишади.

“Тазкират ул-авлиё”да шундай бир ҳикоят бор: Шайх Боязид айтади: “Онам қиш пайти иситмалаб ётарди, жуда фақир ва ночор эдик. Турдилар-да, сув сўрадилар. Кўзани олиб, югуриб бориб, қудуқдан сув олиб келсам, яна ухлаб қолибдилар. Ташқарида қўлимда кўза билан эгилиб, кутиб турдим. Бир муддат ўтиб, уйғондилар-да, “сув келтирдингми”, деб сўрадилар. “Ҳа келтирдим”, дедим. Кейин кўзани бермоқчи бўлсам, бармоқларим музлаб қотиб қолибди. Шунда онам: “Келганингга анча бўлдими?”, дедилар. “Бир соат бўлиб қолди, ҳозир уйғониб қоласиз, деб андак туриб қолибман”, дедим. Ўшанда онам дуо қилдилар: “Парвардигорим, мана шу фарзандим мени қандай иззат қилган бўлса, сен ҳам уни халқ орасида шунчалик азизу мукаррам қилгин”. Онам­нинг дуоларидан сўнг йигирма йиллик тоат-ибодатимда ҳам эришолмаганларимга мушарраф бўлдим”. Ота-онанинг дуосида ҳикмат кўплигига шу мисолнинг ўзи етарлидир.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ўзлик ҳақида суҳбатимиз табиий равишда адабиёт, маърифат, илм, исломий эътиқод билан бирлашиб, уйғунлашиб кетмоқда. Чунки уларни бир-биридан ажратиб ёки айро тасаввур қилиб бўлмайди. Хусусан, шу йилнинг 16 апрель куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон қабул қилди. Фармонда белгиланган чора-тадбирлар мазмун-моҳияти, замирида исломни идрок қилиш, англаш, уни тафаккур билан ўзлаштириш мақсади мужассам. Исломни англаш аслида ўзликни англаш дегани эмасми?..

Олимжон ДАВЛАТОВ: — Бу дунёда
эътиқодсиз одам бўлмайди. Биз ислом маърифатини, поклигини тарғиб қилган, исломнинг кенг ёйилиши йўлида меҳнат қилган, машаққат чеккан Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Беруний, Алишер Навоий, Фаробий каби алломаларнинг авлоди саналамиз. Уларнинг асарларини ўқисангиз бирорта очиқ даъват ёки бошқа миллат ва мазҳабни камситиш, одамларни беҳурмат қилиш, улар устидан ҳукм чиқариш ҳолати мавжуд эмас. Чунки улар ҳақиқий ислом динини маданият ва маърифат йўли билан тарқатганлар.

Мазкур фармон юртимизда муқаддас ислом динимиз ва миллий қадриятларимизни ривож­лантиришда кенг йўл очиши, шубҳасиз. Исломни ўз қадриятимиз, иймонимиз, эътиқодимиз сифатида ўрганиш, тарғиб этиш, экстремистлар ва бузғунчилар байроғи ва ниқобини фош этиш йўлидаги амалий ҳаракатларимизда дастурил­амал бўлади.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги мавжуд: ҳар ким ўзи истаганича, қурби етганича эътиқод қилади. Лекин билим билан, тафаккур ва чуқур идрок этган ҳолда эътиқод қилиш вақти келди. Эътиқод оммавий даражада, таъбир жоиз бўлса, қуйи поғонада қолиб кетмаслиги керак. Шу ўринда, бошқа бир мулоҳаза ҳам пайдо бўлади. Эътиқодни ўта миллийлаштириб юборсак, фақат хос одамларгагина тегишли бўлиб қолмасмикин? Бундай ҳолатда унинг олдини олиш чораларини ҳам кўриш керак, назаримда. Чунки ҳаммани ҳам теран илм олишга мажбур қилолмаймиз. Бунда, сизнингча, чегара қаерда бўлиши керак?

Олимжон ДАВЛАТОВ: — Исломда ҳар бир масалада маъёр тамойили мавжуд. Икки тушунчага амал қилинади:  биринчиси, ифрот — ҳаддан ошиш, иккинчиси, тафрит — меъёрига етказмаслик.  Ҳамма нарсада ана шу меъёрни сақлаш ва унга итоат этиш керак. Ҳатто адабиёт, санъат, маданият, иқтисод, эътиқодда ҳам мўътадилликка риоя қилиш лозим. Чунки ўта чуқурлашиб кетилса, тарафкашлик, узилиб кетишлик каби ҳолатлар юзага келиш хавфи бор…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Шу ўринда яна бир савол туғилади. Ислом тафаккури ҳам жарангдор, ҳам моҳиятан чуқур тушунча саналади. Фаробий, Ибн Сино,
Хоразмий каби алломаларимизнинг барчаси мусулмон бўлган. Улар қилган кашфиёт­лар мусулмон одаминикими ёки ислом тафаккуриникими?

Олимжон ДАВЛАТОВ: — Ғаззолий диний илмларни дин уламоларидан, дунёвий билимларни дунёвий фан билимдонларидан сўраш керак, бироқ ҳар иккаласини ҳам тенг ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди, дейди.

Масалан, географиядан бехабар одам қиб­ла қайси томондалиги ёки қуёш ҳаракатига қараб пешин, аср номози вақтини белгилашни билмайди. Ёки диннинг, Оллоҳнинг борлигига ишонмайдиган одам фанда ҳеч қачон катта муваффақиятларга эришолмайди, йирик кашфиётлар қилолмайди. Чунки дин ҳам, илм ҳам Худо томонидан берилган. Шу боис ислом динида дунёвий билимларга ҳеч қачон қаршилик бўлмаган ва бундан кейин ҳам бўлмаслиги аниқ.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Дунёвий ва диний билимлар ҳар доим муштарак ва бир-бирига мувофиқ бўлиши керак, дедик. Келинг, энди дунёвий билимлар ҳақида сўз юритсак. Биламизки, ғазалиётда аруз вазни кам бўғинли сўзларни талаб қилади. Туркий сўзлар эса аксинча, кўп бўғинли. Шунга қарамай Алишер Навоий туркий тилда ижод қилди. Унинг асарларида нафақат форсий, балки ҳозир истеъмолда учрамайдиган туркий сўзлардан ҳам  кўп фойдаланилган. Бу ўша даврдаги сўзлашув тилининг таъсирими ёки арузнинг талаби?

Олимжон ДАВЛАТОВ: — Алишер Навоий ўз ижодида 36-37 фоиз туркий, 30 фоиз арабий, 30 фоиз форсий сўзлардан фойдаланган. Шеърият султонининг буюклиги шундаки, у кўча ва бозорда ишлатиладиган, турли қавм ва элатлар лаҳжасида учрайдиган сўзларни ҳам адабий тил, сўз санъати даражасига олиб чиқди. Эркин Воҳидовнинг машҳур “Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим” сатридаги “ўзбегим” сўзини илк бор Алишер Навоий ишлатган:

Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Навоий бир сатрнинг ўзида учта (“ўзбегим”, “қалпоқ”, “ширдоғ”)  янги сўздан фойдаланяпти. Бу ҳар уч сўз ҳам ўша даврда кўча сўзи бўлган. Аслида ҳозир ҳам кўча сўзлари кам эмас. Лекин уларни шеър даражасига кўтара оладиган, шеър тилига кўчира оладиган шоир йўқ. Ҳар қандай сўзни шеърият, адабиёт тилига кўчириш осон иш эмас. Навоий эса форсий адабиёт билан тенг кела оладиган адабиётга асос солди. Аҳамиятлиси, буни унинг бир ўзи уддалай олди.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Суҳбатимиз давомида маълум бўляптики “ўзликни англаш учун Навоийни янада чуқурроқ ўрганишимиз керак”, деган хулосага келин­япти. Бугунги кунда таълимда Навоийни ўрганиш борасида узлуксизликни таъминлаш учун нималарга эътибор қаратиш керак деб ўйлайсиз?

Олимжон ДАВЛАТОВ: — Бунинг учун, энг аввало, Навоийни чуқур англай ва идрок қила оладиган ўқитувчиларни тайёрлашимиз керак. Айни шу мақсадда Президент фармони билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди ва фаолият олиб бормоқда. Унда “навоийшунослик” деб аталадиган янги фан жорий қилинди. Навоий шу пайтгача бошқа университетларда бир фасл ўқитилган бўлса, энди тўрт фасл ўқитиляпти. Навоийни англай олган ўқитувчи дарсни болаларнинг ёши ва қизиқишига қараб, янгича усулда ўтишга, ўқитишга ҳаракат қилади. Бу, албатта, босқичма-босқич амалга ошади.

Суҳбатимиз якунида бир нарсани алоҳида таъкидлашим жоиз,  Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан “Навоий ворислари” республика кўрик-танлови ўтказилиб келинаётганидан кўпчиликнинг хабари бор. Ушбу танловда камина ҳам  эксперт сифатида иштирок этдим. Ва бу жараёнда Навоий ғазалларини ёд олган, насрий баёни ва шарҳидан бохабар, луғатини биладиган ҳамда ифодали ўқий оладиган ёшлар кўп эканига гувоҳ бўлдим. Бу юртимизда навоийхонлар авлоди шаклланаётганидан, навоийхон миллатга айланаётганимиздан далолат беради. Демак, халқимиз шеърхонликни яхши кўради, адабиётни севади, Алишер Навоийни мангу ардоқлайди.

Суҳбатни “Milliy tiklanish” мухбирлари
Исмат ХУДОЁРОВ,
Мухторбек АБДУЛЛАЕВ
ёзиб олди

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг