Ишонч масъулият юклайди: бунинг учун аҳоли билан мунтазам мулоқот ва яқин ҳамкорлик талаб этилади

0
14

Мамлакатимизда халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар жараёнида депутатларнинг аҳоли билан мунтазам мулоқотда бўлиб, уларнинг ўй-ташвишлари, орзу-интилишлари билан яқиндан танишиши, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиши ўзи сайланган ҳудуд фуқароларининг ишончини оқлашда асосий мезон бўлмоқда.

Айни пайтда Тошкент шаҳридаги 11 туманнинг 10 тасида партиянинг депутатлик гуруҳи  фаолият олиб бормоқда. ЎзМТДПдан сайланган 54 депутат пойтахт туманларида кечаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб, партия дастурий вазифалари ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда ўз ҳиссасини қўшишга интилмоқда.

Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашидаги партия гуруҳи ҳам ўз фаолияти давомида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловчилар ишончини оқлаш борасида муайян чора-тадбирларни амалга оширмоқда.  Партия туман кенгаши ҳамда гуруҳ аъзолари аҳоли билан мулоқот қилиб, ҳудуддаги кўплаб муаммоларни бартараф этишга кўмаклашмоқда. Аҳоли мурожаатлари асосида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юбориб, халқ манфаатини таъминлашга ҳисса қўшмоқда.

ЎзМТДП аъзоси Илёс Абдумажидов —  20-Хирмонтепа сайлов округидан халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашига сайланган депутатлардан бири. У партиянинг “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй” лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Аҳоли билан учрашувлар давомида 21-мавзеда жойлашган “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг мурожаатларини атроф­лича ўрганди. Мурожаатлар асосан кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари ва томларини таъмирлаш, ертўласини тозалаш, болалар майдончаларини қуриш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, ҳудудни ободонлаштириш масалаларига қаратилди.

Натижа ҳам шунга яраша. Жумладан, кўпқаватли  5-уйда яшовчи фуқаролар мурожаатига кўра, уйнинг қувурлар тизимидаги носозлик депутат кўмаги ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида бартараф этилди. 34-уйда яшовчи фуқаро Шоҳида Нурматова ёғингарчилик кунларида уйининг томидан чакка ўтаётгани, таъмирлаш учун “қўли калталик” қилаётганини айтиб, амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Депутат ҳомийлик асосида ушбу масалага ижобий ечим топишга кўмаклашди.

Мазкур ҳудуддаги 9-уйда яшовчи Марина Ефименко уй олдида болалар майдончаси қуришда амалий ёрдам сўради. Мурожаат юзасидан депутат туман ҳокимлигига ёзма мурожаат йўллаб, масалани ижобий ҳал қилишга эришди. Айни пайтда болалар майдончасининг қурилиш ишлари бошланиш арафасида.

— Аввал қаровсиз ётган ерда мурожаатимиздан оз фурсат ўтиб болалар ўйин ва спорт майдончаси қурилиши бошланаётгани барчамизни, айниқса, болажонларни жуда хурсанд қилди, — дейди Марина Ефименко. — Энди аҳоли ҳам яратилаётган шароитларни асраб-­авайлаб, болалар майдончасининг узоқ йиллар мобайнида фарзандларимизга хизмат қилишини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади, деб ишонаман.

Депутат билан юзма-юз мулоқот чоғида 21-уйда яшовчи фуқаролар уйнинг ертўласини дезинфекция қилишда кўмак сўради. Учтепа туман давлат санитария-эпидемиология назорати марказига йўлланган мурожаат натижасида нафақат дезинфекция ишлари амалга оширилиб, уй ертўласи тозаланди, балки бевосита  депутат саъй-ҳаракати билан маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаги, том қисмлари ҳам таъмирланди.

— Мактабимизнинг футбол майдони таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди, — дейди ҳудуддаги 238-умумтаълим мактаби директори Саодат Маликова. —  Майдончани таъмирлаш масаласида депутатга мурожаат қилдик. Футбол майдони депутат ёрдами билан ҳомийлик асосида таъмирланди. Бундан ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар — барчамиз миннатдормиз.

— Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, асосий мақсадимиз — халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат, — дейди халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати Илёс Абдумажидов. — Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари ташкил этилгани бу борада катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу орқали биз ҳар бир фуқаро билан бевосита мулоқотга киришяпмиз, мавжуд муам­моларни ўрганиб, уларни зудлик билан ҳал қилишга бел боғлаганмиз. Бу йўлда эришган натижаларимиз бизга куч бағишлайди, ўз навбатида, масъулият ҳам юклайди.

Бугунги давр ҳар бир депутатдан инсон манфаатлари, аҳоли фаровонлигини таъминлашда халқ билан мунтазам мулоқот қилиш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан билишни тақозо етмоқда. Зеро, депутат аҳоли билан қанчалик яқин бўлса, уларни қийнаётган муаммолар шунча тез ҳал этилади. Халқ манфаатини таъминлашга бор куч-имконияти билан ҳаракат қилаётган депутатнинг журъати, қатъияти уни амалий ишларга, ташаббускорликка, янгидан-янги ғоялар рўёбига хизмат қилишга ундайди.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг