Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар: Халқ депутатлари Миришкор туман кенгаши сессиясида муҳокама қилинди

0
14

Тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш ва уни янги босқичга кўтариш — халқ розилигига эришишнинг муҳим шарти. Шу боис мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги қишлоқ оилавий поликлиникалари, туғруқ комплекслари, мавжуд шифохона ва тиббиёт муассасалари фаолияти тубдан яхшиланиб, тез тиббий ёрдам тизими, кадрлар масаласи, тиббий асбоб-анжом ва жиҳозлар, технологиялар билан таъминланиш борасида сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.

Бироқ тизимда йиллар давомида жуда кўп муаммолар тўпланиб қолгани сир эмас. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партия­си Миришкор туман кенгаши ва халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи вакилларининг тумандаги ўрганишлари мазкур ҳудудда ҳам бу борада ҳал этилиши зарур бўлган қатор масалалар борлигини кўрсатди. Биргина Миришкор туман марказий шифохонаси ва кўп тармоқли марказий поликлиникасида айни пайтда кардиолог, реаниматолог-анестезиолог, акушер-гинеколог, педиатр, терапевт, психиатр, болалар невропатологи, окулист, уролог, онколог ва эндокринолог сингари мутахассислар етишмайди.

Қишлоқ оилавий поликлиникаларида ҳам шундай муаммога дуч келиш мумкин. Аксарият қишлоқ оилавий поликлиникаларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, керакли тиббиёт асбоб-анжомлари ва жиҳозлар билан таъминлаш лозим.

ЎзМТДП гуруҳининг ўрганиш якунлари халқ депутатлари Миришкор туман Кенгаши сессиясида муҳокама этилди. Сессияда туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Илҳом Шароповнинг “Миришкор туманида аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи тўғрисида”ги ҳисоботи эшитилди. Таъкидланганидек, юртимизда барча соҳа қатори аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббиёт муассасаларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги эзгу ишлар янги босқичда давом эттирилмоқда. Шунга қарамай, тизимда ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам бир талай. Хусусан, туманда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар натижасини қониқарли ва етарли даражада деб бўлмайди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида малакали шифокорларга эҳтиёж бор, айрим ҳолларда тез тиббий ёрдам йўналишида учраётган камчиликлар аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда. Тумандаги тиббиёт муассасалари, айниқса, Чандир, Махтумқули, Обод, Ширин қишлоқ оилавий поликли­никалари фаолиятини ҳар жиҳатдан тартибга солиш, улар фаолиятини қайта кўриб чиқиш лозим.

Партия гуруҳининг ўрганишлари ва тиббиёт бирлашмаси раҳбариятининг ахбороти қизғин баҳс-мунозара ва таклиф-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Мазкур йўналишдаги ишлар таҳлилидан сўнг ЎзМТДП гуру­ҳининг Миришкор туманида тиббиёт соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида олиб чиққан ташаббус-масаласи асосида сессия қарор қабул қилди. Унга кўра, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари зиммасига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш вазифаси юклатилди. Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига туман тиббиёт бирлашмасига оид назорат ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ахборот ва тушунтириш материалларини нашр эттириш орқали ҳудудларда зарур профилактика ишлари олиб борилишига кўмаклашиш, соҳага доир қонун ҳужжатлари ижросини назоратга олиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, тиббий ёрдам соҳасига юқори технология ва замонавий илм-фан ютуқларини жорий этиш чораларини кўриш вазифаси топширилди.

Кенгаш сессияси қарорида туман тиб­биёт бирлашмаси кадрларини маҳаллий мутахассислар ҳисобига тўлдириш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилаётган тиббий хизматларга таърифларни қайта кўриб чиқиш масалалари ҳам акс этди. Унда аҳоли, биринчи навбатда, болалар ўртасида юқумли касалликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида этибор қаратилган. Зеро, ёш авлод саломатлигига эътибор натижасида соғлом ва баркамол авлод вояга етади, юртимиз учун муносиб ўғил-қизлар униб ўсади.

Шунингдек, қарорда қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан ҳамда юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож беморларнинг электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, патронаж ҳамширалар фаолиятини такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам самарадорлигини яхшилаш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топди.

Соғлом онадан соғлом бола дунёга келади. Бу борада, энг аввало, яхши шарт-шароит яратиш асосий вазифа саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда қарорда кўзда тутилган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган перинатал хизматни такомиллаштириш, оналар, гўдаклар ва болалар ўлимини камайтириш, туғма нуқсонли ва наслий касалликлар билан туғилишлар, аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш мақсадида аёллар тиббий кўригини тўлақонли даражада ташкил этиш тизимини жорий қилиш борасидаги вазифалар долзарб аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоиз, туманда фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Партия фаоллари соҳа мутасаддилари билан бирга маҳалла ва таълим муассасалари, хизмат кўрсатиш объектларида бўлиб, аҳолини тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлардан хабардор этиб бормоқда.

Туманда тиббиёт соҳасини такомиллаштиришга доир ушбу қарор ижроси миришкорликларнинг саломатлиги, соғлиги ва келгуси истиқболи йўлидаги муҳим қадам бўлди. Партия гуруҳи аъзолари мазкур қарор ижросини мантазам ўрганиб бормоқда.

Нодирбек НОСИРОВ,
халқ депутатлари туман Кенгашидаги
ЎзМТДП гуруҳи раҳбари:

— Партия гуруҳимизнинг ушбу ташаббус-масаласи асосида қабул қилинган қарорнинг ўтган даврдаги  ижросини ўрганиш мақсадида Миришкор туман тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови билан мурожаат қилдик. Қисқа муддат ичида қатор ишлар олиб борилгани маълум бўлди. Туман аҳолисининг саломатлигини яхшилаш, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, патронаж ҳамширалар хизматини такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт муассасалари ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб,  беморлар дам олиш, фуқаролар кутиш жойлари ташкил этилди.

Соҳадаги кадрлар салоҳиятини тубдан яхшилаш, тиббиёт ходимларининг касбий нуфузини ошириш, тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан тўлдириш, юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, уларнинг фаолиятида рақобатга асосланган муҳитни вужудга келтириш борасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги ва соҳа мутахассислари билан биргаликда режали ишлар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилди. Аҳоли талабини инобатга олган ҳолда 23 ногиронлик аравачаси, 4 эшитиш мосламаси, 19 ҳасса, 6 қўлтиқтаёқ, 24 протез талони, 8 нафар ногиронлиги бўлган инсонларга озиқ-овқат ва гигиена талаб­лари учун зарур маблағлар ажратилди.

Болалар реанимация хизматини яхшилаш мақсадида 5 ўринли болалар реанимация бўлими, юрак қон томир, нев­рологик, эндокрин касалликларга қарши юқори технологик тиббий ёрдам олиш учун тумандан пойтахтга бориш аҳоли томонидан эътирозларга сабаб бўлаётганлиги инобатга олиниб, ички касалликлар таркибида қўшимча 15 ўрин ҳамда болалар бўлимига  чақалоқларни даволаш учун қўшимча 5 ўрин ташкил этишга эришилди.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши
бош мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг