Депутат аҳоли муаммолари ечимига кўмаклашмоқда

0
21

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш бўйича бошланган амалий ишлар жорий Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида ҳам изчил ва самарали давом этмоқда. Бунинг натижасида одамларнинг қонунларга ҳамда давлат органларига бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда. Айниқса, аҳолини қийнаб келаётган тиббий хизмат, коммунал соҳа, йўл қурилиши, электр энергияси ва тоза ичимлик суви таъминоти муаммолари жойида ҳал этилаётгани муҳим аҳамият касб этаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августда қабул қилинган “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида жойларда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни комплекс ўрганиш ва ҳал этиш тизими яратилгани ўз самарасини бермоқда.

Ҳар бир сектор ва маҳалла бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси”га мувофиқ тасдиқланган жадвал бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда секторлар ишчи гуруҳи таълим, маданият, тиббий хизмат, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик, солиқ, қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш соҳаларида дуч келинаётган муаммолар билан шуғулланмоқда. Шу билан бирга, аҳолини иш билан таъминлаш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари уйма-уй юриб ўтказилаётган мулоқотларда муҳокама этилаётгани яхши самара бераётир. Бу жараёнда халқ депутатлари Навоий вилоят, туман  ва шаҳар Кенгашларига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партия­сидан сайланган депутатлар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати, Кенгашнинг Ижтимоий-маданий ривожлантириш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси раҳбари Бахтиёр Бозоров 1-сектор ҳудудидаги “Кумушкон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан танишди. Ўрганиш жараёнида фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар билан мурожаат қилди. Жумладан, 9 нафар фуқаро бандлик, 35 нафар фуқаро томорқани суғориш учун сув масаласини ҳал қилиш, 2 нафар фуқаро ногиронликни белгилаш, 2 нафар фуқаро ижтимоий ҳимояга муҳтож оила рўйхатига киритиш масаласида амалий ёрдам сўраган. Шунинг­дек, ҳудудда мактабгача таълим муассасаси ва мактаб, дорихона қурилиши, мавжуд йўлларга асфальт ётқизиш, йўловчи ташиш учун транспортлар сонини кўпайтириш борасида ҳам мурожаатлар бўлган. Мазкур мурожаатлар ўрганилиб, уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди.

— Шу йилнинг ўтган даври мобайнида Кумушкон маҳалласида истиқомат қилувчи мингдан ортиқ туғиш ёшидаги аёлларнинг 810 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, — дейди Бахтиёр Бозоров. — Уларнинг 28 нафарида терапевтик, 4 нафарида эндокринологик, 9 нафарида лор, 21 нафарида хирургик касалликлар, 200 дан зиёдида бошқа хасталиклар аниқланди. Бу бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, ушбу фуқароларнинг аниқланган касалликлардан фориғ бўлиши учун тегишли ихтисосликдаги шифокорларга йўналтирилди ва соғломлаштириш ишлари олиб борилди. 2 нафар бемор туман шифохонасида, 59 нафар бемор амбулатор-стационар шароитида даволаниб, соғломлаштирилди.

1992 йилда туғилган фуқаро Зумрад Исоқова Кумушкон маҳалласидаги Ипак йўли кўчаси 55-уйда яшайди. Уй бекаси. Оилада 4 киши истиқомат қилади.

— Қизим Ширинабону Вафоева 2016 йилда туғилган, — дейди Зумрадхон. — Унга республика болалар шифохонаси мутахассислари томонидан марказий нерв тизимида перинатал минимал шикастланиши ташхиси қўйилган эди. Яқинда туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимида тиббий кўрикдан ўтиб, шифокорлар томонидан тегишли тавсиялар берилди. Патронаж хизмати тиббий ходимига қизимнинг соғлиғини доимий назорат қилиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берилди. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан миннатдормиз.

Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг томорқадан фойдаланиш аҳволи ҳам ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида 17 хонадон эгаларининг ер участкаларидан унумли фойдаланмаётганлиги аниқланди. Бу хонадонларда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди ва бундай саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётир. Ўзгаришларни маҳалла аҳолиси томорқада ҳар қачонгидан фаол ишлаётганида ҳам кўриш мумкин.

Депутатларнинг аҳоли билан учрашувлари, ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ишлари изчил давом этмоқда. Муҳими, бу саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларига, уларнинг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилаётир.

Абдували БЎРИЕВ,
ЎзМТДП Навоий вилоят
кенгаши етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг