Мавжуд камчилик ва масалалар депутатлар кўмагида ҳал этилмоқда

0
46

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ҳар ойда жойларга чиқиб, ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганмоқда. Аҳоли билан доимий мулоқот асносида фуқароларнинг уй-жой, коммунал хизмат, бандлик, таълим, тиббиёт, интерактив давлат хизматларини кўрсатиш, банк кредити, тадбиркорлик, транспорт ва йўл қурилиши билан боғлиқ масалалардаги мавжуд муаммолари ўрганилмоқда ва уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов Жиззах вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар, ЎзМТДП вилоят кенгаши фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва тегишли  мутасаддилар билан биргаликда Зарбдор туманида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилмоқда.

Ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ишчи гуруҳ аъзолари туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти, беморлар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишди. Ўрганиш жараёнида 130 ўринга мўлжалланган Зарбдор туман тиббиёт бирлашмасида мутахассис кадрлар етишмаслиги маълум бўлди.

Бугун муассасада 67 шифокор фаолият олиб бораётган бўлса, шундан 47 нафари нафақа ёшига етган, 12 иш ўрни бўш турибди. Мазкур ҳолатларнинг юзага келиши, аввало, туманда тиббиёт йўналиши бўйича олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари пастлиги билан бевосита боғлиқ. Қолаверса, соҳа бўйича олий таълим муассасаларини тамомлаган мутахассис кадрларнинг кўпчилиги туманга қайтмай, пойтахт ёки вилоят марказида ишлашни афзал кўряпти. Ўрганишлар давомида тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимида дори-дармон воситалари, шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимида катта ва кичик хирургик жамланмаси, турли ҳажмдаги эндотрахиал трубкалар етишмаслиги аниқланди. Тез тиббий ёрдам бўлимида қўшимча хизмат автомобилига эҳтиёж бор.

Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур муаммоларни қайд этиб, уларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Тиббиёт бирлашмаси вакиллари билан юзма-юз мулоқотда ўртага ташланган яна бир масала —  муассаса ҳовлисида беморлар учун махсус кутиш жойлари қуриш бўйича таклифлар ҳам ҳал этиладиган бўлди. Ушбу қўшимча бинолар учун маҳаллий бюджетдан маб­лағ ажратилади.

— Парламент аъзоларининг туманимиздаги ўрганишлари ҳудуддаги мавжуд муам­моларни бартараф этиш, аҳолига қулайликлар яратишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди ЎзМТДП Зарбдор туман кенгаши раиси Алишер Мамиров. — Қолаверса, тумандаги партия фаоллари ва депутатларимизнинг шу пайтга қадар ўрганишлари давомида аниқланган масалаларни ҳам парламент аъзолари кўмаги ва иштирокида ҳал этиш имкони пайдо бўлди. ЎзМТДП етакчиси Сарвар Отамуратов  раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзоларининг дастлаб ҳудудимиздаги тиббиёт муассасалари фаолиятини ўргангани соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга. Зарбдор туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг таркибидаги қишлоқ врачлик пункти ҳамда қишлоқ оилавий поликлиникалардаги ўрганишлар мобайнида аниқланган муаммо ва камчиликларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал қилинди. Вақт ва ўрганиш талаб этадиган муаммолар тегишли мутасаддилар билан муҳокама қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Масалан, тумандаги 14-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси фаолияти ўрганилганда, кадрлар етишмаслиги, зарур бўлган 26 турдаги дори воситаларининг барчаси ҳам мавжуд эмаслиги аниқланди. Бу борадаги муаммоларга тегишли мутасаддилар эътибори қаратилиб, ҳал этиладиган бўлди.

Ишчи гуруҳ вакиллари туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли қатор таълим-тарбия муассасалари фаолиятини ҳам яқиндан ўрганди. Хусусан, 13-умумтаълим  мактаби фаолияти билан танишилганда, мактаб кутубхонаси талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Кутубхонада дарслик ва бадиий адабиётлар ниҳоятда кам. Қолаверса, мавжуд китобларнинг электрон вариантини ўқиш учун компьютер воситалари етарли эмас. Мактаб спорт зали инвентарлар билан тўла таъминланмаган. Бу ўқувчиларнинг спорт машғулотлари билан белгиланган тартибда шуғулланиш имкониятини чекламоқда.

Парламент аъзоларининг тумандаги ўрганишлари давомида аниқланаётган бу каби камчилик ва муаммоларларни бартараф қилиш масаласи тегишли мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилаётир.

* * *

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шерзод Қулматов партиянинг Сирдарё вилоят кенгаши вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда Сирдарё туманида бўлди. Депутат ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Шерзод Нурматов, тумандаги “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ихтиёр Шаимов, туман ички ишлар бўлими маъсул ходими, подполковник Муҳаммад Қобилов ҳамда ЎзМТДП Сирдарё туман кенгаши раиси Отабек Тўрақулов ҳамроҳлигида “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги муаммоларни ўрганди. Кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли хонадонларига бориб, улар билан юзма-юз мулоқотда бўлди.

— Ҳудуддаги ўрганишларимиз давомида аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, уларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш чораларини кўряпмиз, — дейди депутат Шерзод Қулматов. — “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Тўлиной кўчаси 31-уйда истиқомат қилувчи Диляра Пашалиева хонадонида бўлганимизда, унинг оилавий шароити оғирлиги, оила бошлиқларининг ҳар иккиси ҳам касаллиги маълум бўлди. Диляра Пашалиева онкологик касалликдан азият чекмоқда, 2-гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи Холид Пашалиев эса ошқозоности бези касаллигига чалинган экан. Улар ўзларини даволатиш ва дори-дармон учун моддий томондан қийналиб қолганлигини таъкидлади. Ушбу оилага тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб, парранда ёки қорамол боқиш, шунинг воситасида оилавий шароитларини яхшилаб олишни таклиф этдик ва зарур ҳуқуқий маслаҳатлар бердик. Бундан ташқари, 54-уйда истиқомат қилувчи Мавлуда Оққўзиеванинг хонадонига ташриф буюрганимизда, оилавий шароити ниҳоятда ночорлигига гувоҳ бўлдик. 53 ёшли Мавлуда опа 5 марта жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган. 2010 йилга қадар фуқарога 2-гуруҳ ногирони сифатида пенсия тўланган. Лекин кейинчалик ногиронлик олиб ташланган. Меҳнат қобилиятини йўқотган фуқаро бирор ижтимоий имтиёзга эга бўлмаганлиги сабабли даволанишга қийналиб қолган. У биз билан мулоқотда имкони бўлса, ногиронлик тоифаси белгиланиши ва пенсия тайинланишини сўради. Бу масалани туман тиббиёт бирлашмаси вакиллари билан муҳокама қилиб, ечим топадиган бўлдик.

Депутат Боғичаман кўчасида жойлашган хонадонлардаги ўрганишлар давомида ҳам қатор мурожаатларни тинглади. Жумладан, 66-уйда истиқомат қилувчи 2001 йилда туғилган Зиёд Қурбонов белида чурра (грижа) борлиги, умуртқа қисми емирилиб бораётгани, шу сабабли вилоят шифохонасининг неврология бўлимида даволаниш учун ордер олишда қийналаётганини айтди ва шу масалада  ёрдам сўради. Ушбу оиланинг асосий боқувчиси — Зиёднинг акаси, 1993 йилда туғилган Қобил Қурбонов 2012 йилгача Малик агросаноат касб-ҳунар коллежида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича ўқиган. 3-босқични тамомлаш арафасида оиласи моддий жиҳатдан қийналиб қолганлиги сабабли Россия Федерациясига ишлаш мақсадида кетган. Шу боис коллеждаги ўқиши тугалланмай қолган. Чет мамлакатдан қайтган Қобил Қурбонов ҳозирда ёлланма ишлар билан шуғулланмоқда. У юзма-юз мулоқотда агар ўзи тамомлаган коллеждан дипломини олса, мутахассислиги бўйича ишлаш истаги борлигини билдирди.

Шу маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро — 60 ёшли Туҳфаниса Қирғизбоева 2-гуруҳ ногирони, 10 йилдан буён унинг иккала кўзи ҳам кўрмай қолган. Фуқаро депутат билан мулоқот чоғида ногиронлик тоифасини 1-гуруҳга ўтказишни ва унинг парвариши билан шуғулланаётган келини Дилфуза Қирғизбоевага меҳнат стажи ёзилишини сўраб мурожаат қилди.

Фуқароларнинг юзма-юз мулоқотлар давомидаги бу каби мурожаатларини ҳал этиш юзасидан айни пайтда тегишли мутасаддилар билан ҳамкороликдаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

“Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини Тўлиной ва Боғичаман кўчаларида 2014 йилда янги симёғочлар ўрнатилган, 2016 йили сим тортилган. Энди эса эски симёғочларни олиб ташлаш зарур. Аммо мазкур ҳудуддаги хонадонлар янги линияга ҳамон уланмаган. Эски симёғочлар олиб ташланса, аҳоли электр энергиясидан бебаҳра қолади. Шунингдек, Тўлиной кўчасининг бир километр ҳудудини ва Боғичаман кўчасини тўлиқ таъмирлаб, асфальт қилиш зарурати мавжуд. Бир гуруҳ аҳоли вакилларининг бу борадаги мурожаатлари ҳам депутат томонидан инобатга олинди ва тегишли мутасаддилар кўриб чиқилиб, ҳал этиладиган бўлди.

ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг ҳудудлардаги фаолияти, аҳоли билан учрашувлари давом этмоқда.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг