Яшил фасл туҳфаси

0
16

Баҳорда табиатдаги турли ўзгариш­лар, фасл алмашинуви каби омиллар сабаб инсон организми бироз ҳолсизланади. Бундай вақтда турли кўкатлар истеъмол қилиш организм йўқотган кучни тиклашга ёрдам беради.

Масалан, кўкпиёз поясида қонни янгилайдиган ва тозалайдиган хлорофилл моддаси мавжуд. У ҳатто цитрус мевалар ўрнини боса олади. 50 грамм кўкпиёз организмнинг С, В1 ва В2 витаминларига бўлган кунлик эҳтиёжини қондиради. Асаб тизимининг фаолияти меъёрида бўлишини таъминлайди. Таркибидаги кверцетин моддаси канцероген (ўсимта пайдо бўлишига сабаб бўлувчи моддалар)нинг организмдан чиқишини тезлаштиради, ҳужайраларнинг кексайишини секинлаштиради.

Кўкатлар орасида укропни куч ва ғайрат манбаи дейиш мумкин. Унинг таркибидаги темир моддаси қоннинг инсон танаси бўйлаб кислород ташишига ёрдам беради. Таркибида кўп миқдорда аминокислота мавжудлиги боис уйқу гормони — мелатонин ишлаб чиқаришни яхшилайди. Демак, укроп истеъмол қилиш кун давомидаги фаолиятда ғайрат бахш этишидан ташқари, тунда мириқиб ухлашни ҳам таъминлайди. Унинг қон томирларини кенгайтириши кун иссиқ бўлган вақтда одам ўзини енгил ҳис қилишига имкон беради. Шунингдек, иммунитетни ошириш қобилиятига ҳам эга. Мутахассислар кунига 50-70 грамм укроп тановул қилишни тавсия этади.

Кашнич таркибида фтор моддаси жуда кўп. Тиббиёт вакилларининг айтишича, кашнични узоқ вақт чайнаш тиш эмалини кариесдан ҳимоя қилади. Шарбати қон босими меъёрида бўлишини ва томирлар мустаҳкамланишини таъминлайди. Чунки унда калий ва бошқа моддалар кўп. Унинг таркибидаги фолий кислотаси мия фаолиятини меъёрга солади. Бундан ташқари, унинг сийдик ҳайдаш хусусияти юқорилиги сабаб, диетологлар озишни истовчиларга кўп миқдорда кашнич истеъмол қилишни тавсия қилади.

Отқулоқ япроқлари янтар кислотасига тў­йинган. Шу боис инсон организми овқатдан заҳарланса ёки ёғли таомни ортиқча тановул қилса ёрдам беради. Таркибидаги юқори концентирацияли олма кислотаси эса организмда моддалар алмашинувини яхшилайди. Отқулоқ озишни мақсад қилганлар учун ҳам фойдали саналади.

Кўкатлар иштаҳа очувчи сифатида деёрли барча салатга қўшилади: салатни уларсиз тасаввур қилиш қийин. Шундай бўлса-да, кўкатларни меъёридан ортиқ истемол қилиш зарарли. Шу боис уларни истеъмол қилишдан аввал мутахассис билан маслаҳатлашиб олиш зарур.

М.АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг