Адабиёт бу — инсоншуносликдир

0
32

Адабиёт маънавиятнинг асоси, миллатнинг кўзгуси, овозидир.  У ҳамиша ҳар бир миллатнинг миллий хусусиятларини, унинг ўзига хослигини, менталитетини, инсонлар маънавий қиёфасини намоён этиб, одамларни маънавий камолот, тафаккурий ўсиш, юксалиш сари етаклайди. Ана шу бўс­тон гултожлари бўлмиш ёзувчи ва адиблар миллатнинг юзи, жамият тафаккурининг эгалари сифатида бугун юртимизнинг эъзоз ва эътиборидадир.

Ёниқ қалбли ижодкор, ёзувчи Зулфия Қуролбой қизи (Йўлдошева) ўзининг қатор ҳикоя, қисса, роман ҳамда бадиий фильм, сериал ва саҳна асарлари билан китобсеварлар ҳамда томошабинлар қалбидан жой олган адиба. Унинг “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Қадимий қўшиқ” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари ўзига хос руҳияти, турли қиёфалар тақдири қаламга олингани билан ўз ўқувчисининг кўнглига етиб борган. Унинг ҳикоялари асосида Ўзбекистон давлат драма театрида “Аёл”, Сирдарё вилоят театрида “Тафаккур” спектакл­лари саҳналаштирилган, “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил”, “Ер тафти” бадиий фильмларининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи бўлган адиба айни пайтда “Ўзбекфильм” киностудиясида муҳаррир бўлиб ишлайди.

Зулфия Қуролбой қизи бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ижодкор зиёлиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлардан янада руҳланиб, жўшқин ижод оғушида фаолият олиб бормоқда. Газетамизнинг “Хиёбон”ида адиба билан суҳбатимиз ана шу жараёнлар хусусида кечди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашувда миллий маданиятимиз, адабиёт ва санъатдаги ижодий муҳитга баҳо берди, ижод аҳли учун кенг имкониятлар яратиш, уларга эътиборни янада кучайтириш масалаларини илгари сурди. Юртимизнинг бир ижодкор зиёлиси сифатида бугун ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан нималарни туймоқдасиз? 

— Чўлпоннинг ўсмир ёшида ёзган буюк ҳикмати бор: “Адабиёт яшаса — миллат яшайди”. Дарҳақиқат, адабиётсиз миллат истеъмолчига айланади, юксакликка кўтарила олмайди. Фақат ҳақиқий адабиётгина эл улуғворлигининг, тараққиётининг, комиллигининг мустаҳкам пойдевори бўла олади. Адабиётсиз эл шахсларсиз оломонга эврилади, маънавий қашшоқлашади. Бундай элнинг манқуртларга айланиши осон кечади.

Азалдан аён яна бир ҳақиқат бор: тарих ҳақида илмий рисолалар эмас, балки бадиий адабиёт, хусусан, наср, адабий қаҳрамонлар кўпроқ маълумот беради. Зеро, уларда инсон ва унинг тақдири акс этади. Бани башар кечмиши эса инсоний қисматлар жамланмасидир.

Бугун адабиёт аҳли ҳар қанча шукрона айтса арзийди — соҳамизга давлат миқёсида, мамлакатимиз етакчиси даражасида эътибор қаратилмоқда, ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Бу жараёнда биз яна бир бор қалам аҳлининг “инсон руҳияти муҳандиси”, “халқ виждони” қабилидаги таърифларни ёдга оламиз. Бу тушунчалар асл ижодкорни асло ҳаволантирмайди, аксинча, битикларига нисбатан масъулиятини ўн чандон, юз чандон оширади.

— Мана шу учрашувда давлатимиз раҳбари улкан қурилиш майдонига айланган Ўзбекис­тондаги бунёдкорлик ишлари ҳар қандай ижодкор учун илҳом манбаи бўлишини таъкидлаб, ижод аҳлига қарата шундай деган эди: “Замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлган мана шундай қурувчи ва муҳандислар, дала заҳматкашлари ҳақида, жонкуяр муаллим ва шифокорларимиз, жасур ҳарбийларимиз, навқирон ёшларимиз эришаётган ютуқ ва марралар ҳақида сизлар ёзмасангиз, Ватанимиз тарихининг бадиий солномасини сизлар яратмасангиз, ким яратади?” Шунинг­дек, бугунги кунда кўзга кўринган ижодкор аёллардан ёш ўзбек қизлари ҳаёти, уларнинг орзу-интилишлари ҳақидаги асарлар кутилаётгани айтилиб, улар қаторида Зулфия Қуролбой қизининг ҳам номи тилга олинди. Юрт йўлбошчисининг ушбу ҳам даъват, ҳам эътирофи ижодкор сифатида сизни янги ғоя ва ташаббусларга ундаши, илҳом бахш этиши шубҳасиз…

— Камтарин меҳнатимга нисбатан бундай юксак даражадаги эътироф кўнгилни тўлқинлантириб юборди, албатта. Айни пайтда мен бу даъватни бизга нисбатан билдирилган ишонч, деб тушундим. Асосий гап энди бу ишончни ўз асарларимиз билан оқлай билишимизда. Саломга яраша алик бўлиши керак, деган гап бор-ку ахир. Албатта, бугунги мураккаб даврда янги замоннинг янги одамини яратиш, унинг орзу-ўйларини, интилишларини, дунёқарашини, энг муҳими — қалбини тасвирлаш истаги бизнинг мақсад маёғимиз бўлиб қолаверади. Зеро адабиёт бу — инсоншуносликдир.

Учрашувда Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтганидек, “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”. Бу эзгу ният ҳар бир ижодкорни илҳомлантириши шубҳасиз. Насиб этса, балки биз Абдулла Қаҳҳор орзу қилган “буюк ўзбек адабиёти” яратилишининг ҳам шоҳиди, ҳам иштирокчиси бўлармиз…

Ижод аҳлига эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир юксак намунаси эса Президентимизнинг шу йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўлди. Умуман, адабиётга, ижод аҳлига қаратилган эътибор, ғамхўрлик ҳар бир ижодкорга ўзгача руҳ ва албатта, жўшқин илҳом туҳфа этади.

— “Танқид бу — сараламоқдур”, деган эди Беҳбудий. Ҳақиқатан ҳам сара асарларнинг ярқ этиб, дунё юзини кўриши учун танқиднинг ўрни муҳим.  Сизнингча, бугунги адабий танқид жараёнлари етарли даражадами?

— Танқидчи, энг аввало, ўқувчи таъбини тарбия­лайди. Айниқса, бугунги замонамизга “оммавий маданият”, “оммавий адабиёт” каби тушунчалар қуюндай бостириб кираётган, савиясиз, бўш асарлар кўпайиб кетаётган, нашриётлар мўмай даромад илинжида минг-минглаб тиражларда бундай китобларни босиб чиқараётган бир вақтда танқидчилик олдидаги вазифага талаб янада ортди. Шунинг учун Беҳбудий бобомиз айтганларидек,
с а р а л а м о қ жараёнида танқидчининг ўрни ва бурчи салмоқлидир. Аммо айни кунларда адабиётда бўлгани каби адабий танқидчилигимизда ҳам бир мунча мудроқлик сезилади. Балки улар яхши асарлар пайдо бўлишини кутишаётгандир? Лекин яхши асар ҳар куни яратилавермайди-ку! Қолаверса, танқидчига ундай ёзма, фалончини танқид қилма, деган замонлар ўтиб кетди. Танқидчи саёз, хом-хатала асарларнинг миллионлаб ўқувчилар онгини, бадиий савиясини заҳарлашининг олдини олишдек муҳим вазифасини сидқидилдан адо этмаса, қуруқ воқеалар йиғиндисидан иборат асарлар бозори чаққон бўлиши турган гап. Бундай асарларни ўқиб ўсиб келаётган авлод эса адабиёт шу экан, ижод шундай бўлиши керак экан-да, деб ўзига нотўғри хулоса чиқариб олади. Натижада уларнинг бадиий диди бузилади, ўтмаслашади… Бу кечириб бўлмас ҳолга айланади. Чунки ёшликда шаклланган фикрни кейинчалик тўғри йўлга солиш қийин кечади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, танқидчининг бурчи янада масъулият касб этади. Бу ўринда давлатимиз адабиёт ва санъатимиз учун керак  бўлган ҳамма нарсани аямай турган бир пайтда танқидчиларимиз ҳам шунга яраша иш қилишлари лозим.

— Кўп ҳолларда режиссёрлар, актёр ва актрисалар бугун ўзбек кино ва театр санъати ривожи учун сара сценарийлар етишмаётганини таъкидлашади. Қатор бадиий фильм, сериал ва саҳна асарлари сценарийлари муаллифи сифатида бу борада нима дея оласиз?

— Бугунги кунда ўзбек киносида нафақат сара сценарийлар, балки истеъдодли режиссёр, бир қолипга тушиб қолмаган актёр ва актрисалар ҳам етишмаётгани рост гап. Ҳозирги томошабин жаҳон кино санъатидан яхшигина хабардор. Уни қойил қолдириш осон эмас. Кундан-кун, йилдан-йилга томошабиннинг талаби ортиб бормоқда. Чунки ижтимоий ҳаёт  ўзгарди, замон ўзгарди, янгича тафаккурли, янги одамлар пайдо бўлди. Шу маънода бугунги томошабин юксак идеаллар билан яшаётган, шу йўлда тинмай курашаётган, қийинчиликларни енгиб ўтган ёки ўтаётган, бугунимиз ва эртамизга ишонч билан қарайдиган шижоатли замондошларни экран орқали кўришни исташи табиий. Шунинг учун бугунги ўзбек киносига нафақат томошабинлар, балки киноижодкорларнинг ўзлари ҳам бирмунча танқидий кўз билан қарашмоқда. Яхши кино яратилиши учун яхши сценарий бўлишининг ўзи камлик қилади. Бунинг учун билим ва тажрибаси жаҳон кино санъати андозалари билан бўйлашадиган режиссёр, оператор, рассом, либосчи, гримчи каби бир қанча керакли касб эгалари ҳам бўлиши даркор. Бу эса бадиий фильмлар устида ишловчи ана шу касб эгаларини тарбиялаб етиштириш масаласини ҳам ўртага ташлайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий  кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Санъат ва маданият инс­титути ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида кинога тегишли махсус ихтисосликларнинг очилиши айни муддао бўлди, деб ўйлайман. Бундан ташқари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан бир неча тарихий фильмларни яратиш ишлари йўлга қўйилди. Хуллас, бугунги кунда ўзбек кино санъати бир жойда тўхтаб қолгани йўқ, у интилишда, изланишда. Мавжуд муаммолар аста-секинлик билан бўлса ҳам ҳал этилмоқда. Муҳими ҳам шу!

— Умарали Норматов “Қалбдаги беназир зиё” мақоласида Зулфия Қуролбой қизи ижоди ҳақида сўз юритар экан, шундай ёзади: Адибанинг “Ёзсиз йил”, шунингдек, “Қуёш нега чиқаверади?”, “Бахтсизлик  маликаси” ҳикояларида персонажлар тушиб қолган чигал вазият, ўша кезлари улар қисмати, табиати, руҳиятида юз берган эврилишлар, қабоҳат ва эзгу туйғулар маҳорабаси ифодаси “Машаққатлар гирдоби”, “Армон асираси” романларидагидан бутунлай ўзгача. Романларда инсон қисмати, табиати, руҳиятидаги жараёнлар ҳаётдаги ижтимоий силсилалар билан алоқадорликда содир бўлса, ҳикоялардаги бу ҳолат тушуниш ва тушунтириш мушкул бўлган, қисман, “илми ғайб”га дахлдор қисмат жумбоғи, тақдири азалнинг “шева”лари, қолаверса, шахс тафаккури, “онг оқими” нағмалари, инсон табиатидаги туғма фазилат ва иллат, улуғворлик ва тубанлик, даҳолик ва ожизлик, нафосат ва дағаллик орасидаги азалий зиддиятларнинг ҳосиласи тарзида талқин этилади…” Асарларингизда қаламга олинган инсонлар тақдири, уларнинг ҳаёти ва характеридаги турфа хил ранглар ўқувчини унинг бевосита ўз шахсига дахлдор манзара сифатида ром этади. Инсон шаънини ҳимоя қилиш ва улуғлашдек мўътабар мавзуни қаламга олиш қийин эмасми?

— Қийин, албатта. Сабаби бадиий асар, у хоҳ кичик бир ҳикоя ёки кенг қамровли роман бўлсин, ўқувчига қуруқ ахборот берадиган сўзлар йиғиндиси эмас. Айниқса, бугун миллат шахслашиш босқичига кирган бир пайтда ҳар қандай ижодкор қўлига қаламни чуқур масъулият билан олади. Чунки кўп йиллар давомида кўнгил дардлари, хоҳиш-истаклари йиғилиб қолган инсонларнинг, юқорида устоз Умарали Норматов айтганидек, “…персонажлар тушиб қолган чигал вазият, улар қисмати, табиати, руҳиятида юз берган эврилишлар, қабоҳат ва эзгу туйғулар маҳорабаси ифодаси”ни қаламга олишнинг ўзи бўлмайди. Зеро, инсон деб аталмиш мавжудот ҳамма вақт қоришиқ ранглар, оҳанглар ва шакллар, иллат ва улуғворлик, тубанлик ва даҳолик, ожизлик ва нафосат ичида яшайди. Ижодкорман, дегани қўлига қалам олдими, ана шу камалак ранглари каби товланаётган, турланаётган оламнинг барча рангларини кўриши, оҳангларини эшитиши лозим. Ижодкор олам симфониясини турли ранглар орқали тасвирлар экан, у ўз асарлари орқали ўқувчини комил инсон бўлишга чақирмоғи керак.

— Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башарият эртанги кунини ўйлаб одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан-да муҳим. Ана шу йўлда яна қандай янги асарлар устида иш олиб боряпсиз?

— Ҳақиқатан ҳам бугунги замон ижод аҳли зиммасига катта масъулият юклайдики, ҳар бир ижодкор давр талабидан келиб чиққан ҳолда янги ғоялар билан яшаши, ижод қилиши лозим. Шу маънода доимий изланиш ва ҳаракатдаман. Яқинда янги ҳикоялардан иборат бир тўплам тайёрладим. Насиб қилса, бирорта нашриётда босилиб қолар. Яна бадиий ва мультсценарийлар устида ишлаяпман. Булардан ташқари бир роман бошлаб қўйдим. Бу асарда шўро даври воқеалари, мустақиллик арафасида ўзгаришлар босқичида турган мамлакатдаги ғоят оғир аҳвол, ишга, айниқса, савдо аҳлига бўлган муносабат, ўзаро курашлар, мағлубият ва ғалабалар бир аёл тақдири воситасида қаламга олиняпти.

— Абдулла Қаҳҳор “Адабиёт дарёси қуриб-қақшаб ётгандан кўра, лойқа бўлса ҳам тўлиб оққани маъқул, бўтана сув ҳам, охир-оқибат, тинади-да, ахир”, деган эди. Миллий адабиётимиз дарёси тўлиб-тошиб оқаётган ҳозирги даврда дидли китобхонларга туҳфа этилаётган сара асарлар, ўз услуби ва йўлига эга истеъдод соҳиблари бор, албатта. Адабиётимизнинг эртанги гултожи бўла оладиган ана шундай ёш ижодкорлар сафини кенгайтириш учун нима қилмоқ керак, деб ўйлайсиз?

— Адабиётимизнинг гултожи бўла оладиган ёш ижодкорлар сафини кенгайтириш учун ҳозирнинг ўзида анча-мунча ишлар қилиняпти деб ўйлайман. Бир-икки йилнинг нари-берисида бир қанча адабий танловлар ўтказилмоқда. Бир қатор ёш ижодкорлар ўз асарлари билан бу танловларда фаол иштирок этиб, ғолиб бўлмоқда, тақдирланмоқда, уларнинг китоблари катта-катта ададларда чоп этилаётир. Танловдан кейин уларнинг асарлари қанча вақт яшайди, бу ёғи номаълум, аммо умид бор… Бироқ озми-кўпми ишлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳозирги ёшларнинг адабиётга, умуман, китобга бўлган муносабати масаласи одамни  бир­оз ташвишлантиради, ўйлантиради. Яқинда бир учрашувда олий ўқув юртининг тўртинчи курс талабалари “қайси китобларни ўқисак бўлади?” деб сўрашди. Саволга жавоб берилди, албатта. Лекин мен ҳайрон бўлдим. Тўртинчи курс битирувчилари (беш дақиқаси кам олий маълумотли филологлар!) ҳалигача қандай китобни ўқиш керагу қайсиларини ўқимаслик кераклигини билишмаса, бу ҳайрон қолдирмайдими? Тўрт йилдан буён Тошкентда, ижодий муҳит анча юксалган азим шаҳарда яшаб ҳам шу нарсани билмадиларми? “Сариқ матбуот” билан жиддий адабиётнинг фарқига бормадиларми?.. Айни кунларда оммавий китобхонлик борасида олиб борилаётган ишлар яхши, албатта. Аммо китобхонлик, адабиётга ҳавас, ҳар куни бўлмаса ҳам тез-тез бирор яхши асар ўқиш, яхши журнал ёки газета саҳифаларини қараб чиқиш табиий ҳолга айланиши учун инсоннинг ўзида ички бир интилиш бўлиши лозим деб ўйлайман. Инсон ўзини ўзи юксалтириши зарур! Мутолаадек кўнгил эҳтиёжини мудроқликдан уйғотишга дейлик, қандайдир чора-тадбирлар воситасида эришиш мушкулдир. Бунинг устига, аслида йўқ туйғуни шакллантириш ҳам осон эмасдир. Дарвоқе, яна бир гап: ўтган асрнинг 70-80-йилларида адабиёт майдонига гуррос солиб кириб келган истеъдодлар каби ёзувчилар нега бугун пайдо бўлмаяпти? Нега “Дашту далаларда”, “Онамнинг юрти”, “Анойининг жайдари олмаси” каби асарлар йўқ?…

— Адабиётимизда ёзувчи аёллар бармоқ билан санарли. Ҳам ёзувчи, ҳам ёзувчининг умр йўлдоши бўлиш… оғир эмасми?

—  Ижод, айниқса, наср деганининг турган-битгани заҳмат, қора меҳнат! Бундай заҳматга ҳамма ҳам чидайвермайди. Шу боис адабиётда аёл ёзувчилар саноқли бўлса керак. Аммо адабиётни икки бўлакка бўлиб бўлмайди, деган фикрдаман. Яъни аёллар ва эркаклар адабиёти дегандай. Менимча, адабиёт бир бутун, яхлит олам, унда аёл, эркак деган тушунчалар бўлмаслиги керак. Ёзувчи-
ижодкор бор, тамом-вассалом. Энди… ҳам ёзувчи, ҳам ёзувчининг турмуш ўртоғи бўлиш оғир ёки оғир эмаслиги ҳақидаги гапга келсак…  Менимча, бу саволга ҳам ёзувчи, ҳам ёзувчининг турмуш ўртоғи бўлиш оғир, десам, бу аввало, оилага ва адабиётга миннат қилиш бўлади! Биз яшаяпмиз ва ишлаяпмиз. Фарзандларни камолга етказяпмиз. Улар ҳаётдан ўзларининг муносиб ўрнини топишса, биз учун энг муҳими шу!

— Кўп ёзувчилар аввал шеър ёзишган. Лекин шу пайтгача сизнинг на шеър ёзганингиз, на бирор жойда шеърингиз чиққанини эшитмаганман…

— Тўғриси, шеър ўқишни ёқтираман. Абдулла Орипов, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф каби забардаст шоирларнинг шеърларини ёд олганман. Гоҳида юрган йўлимда ичимда уларни ўқиб ҳам юраман. Лекин шеър ёзмаганман. Ёзолмасам ҳам керак. Болалигимда бир нималарни қоралагандирман, лекин кейинчалик буни эсимдан чиқарганман.

— Мазмунли суҳбат учун ташаккур. Фаол замондошларимиз қиёфасини акс эттиришингизда ижодий парвоз тилаб, сиздан янада сара асарлар кутиб қоламиз.

  “Milliy tiklanish” мухбири
Муҳтарама КОМИЛОВА суҳбатлашди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг