Треви — мўъжизакор фаввора

0
14

“Чинор остида дуэль” фильми ёдингиздами? Фильм бош қаҳрамони Нортой Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри олдидаги фавворада суратга тушар экан, “аъло баҳо олиб, ўқишга кирганларгина бу ерда расмга тушиши мумкин”, дея бунга “изоҳ” беради…

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Фавворалар сайли кенг нишонланмоқда. Ҳар йили 1 май пойтахт ва вилоятлар фавворалари атрофи ҳар кунгидан-да гавжумлашади. Айниқса, мусиқали фавворалар сувнинг мусиқага уйғун ҳолда юқорига нафис отилиши ва уни турли рангдаги чироқ ҳамда лазер нурлари билан ёритилиши орқали гўзал манзара ҳосил қилиб, инсонга ўзгача кайфият, фикрий тиниқлик ва сокинлик ҳадя этади. Бу турдаги фаввораларнинг ҳам ўз тарихи бор. Биринчи мусиқали фаввора 1939 йилда Нью-Йоркда ўтказилган жаҳон саноат кўргазмасида намойиш қилинган. Шундан сўнг турли кўринишдаги фавворалар бутун дунё мамлакатлари бўйлаб бирин-кетин барпо этила бошланган.

Рим шаҳрида жойлашган Треви (“Fontana di Trevi”) фаввораси ҳам ана шундай мўъжизакор иншоотлардан бири саналади. Треви фаввораси кўп йиллардан бери Римнинг “ташриф қоғози” ҳисобланади. “Тре виа” — “уч кўча” деган маънони англатади. Чунки фаввора уч кўча бирлашган нуқтада барпо этилган.

Бу ерга келган ҳар бир хорижлик сайёҳ фавворага танга ташлаб, Римга яна бир бор келишни ният қилади. Италия пойтахтидаги бу фаввора шунчалик машҳурки, унга боғлиқ турли иримлар вужудга келган. Улардан бирига кўра, сайёҳлар фавворага орқа ўгириб, ўнг қўли билан иккита танга ташласа, муҳаббатини учратади. Тангалар сони учта бўлса, оила қуришни ният қилган саналади. Тўртта танга ташлаш эса бойиб кетиш истагини англатади.

Фавворага танга ташлаш одати ўтган асрнинг 50-йилларидан пайдо бўлган. Ўшанда  Голливуд томонидан ишланган бахт излаб Римга келган уч нафар америкалик ҳаётига бағишланган “Фавворадаги уч танга” номли фильм катта экранларда намойиш этилади. Шундан бошлаб фавворага танга ташлаш урф бўлган.

Фавворага ташланган тангалар унинг тубига тушиши билан шаҳар мулкига айланиши қонун билан белгилаб қўйилган. Бироқ бу мулкни ўзлаштиришга интилувчилар ҳам топилиб туради. Шу сабаб баъзида Рим полицияси эрта тонг ва ярим кечаси фаввора тубига тушиб, тангаларга эгалик қилмоқчи бўлганларга қарши  курашишга мажбур бўлмоқда.

Ўтган йили фавворага 1,4 миллион еврога тенг танга ташланган. “La Repubblica” газетасининг ёзишича, бу маб­лағ хайрия мақсадларига йўналтирилади. Пуллар халқаро “Caritas” хайрия ташкилотига берилади ва камбағаллар учун бепул озиқ-овқат тарқатиш, бошпана бериш ва бош­қа мақсадлар учун сарфланади. Мақолада айтилишича, фавворага нафақат евро, балки бошқа давлатлар пул бирликлари ҳам ташланмоқда.  “Caritas” ташкилоти баёнотига кўра, фавворага нафақат танга пуллар, балки медальон, қулф-калит, билагузук, кўзойнаклар ҳам ташланаётган экан. Фавворадан олиб чиқилаётган пуллар қиймати сўнгги бор 2013 йилда эълон қилинган. Аниқланишича, фавворага ташланаётган тангалар қиймати Римдаги музейлар даромадидан ҳам ортиқ. Масалан, Рим миллий музейи бир йилда ўртача 1,1 миллион евро фойда  кўради.

Треви — Италиядаги энг катта фаввора. “Мангу шаҳар” рамзларидан бири бўлган бу фаввора таъмирланганидан сўнг 2015 йилнинг ноябрь ойида қайта ишга туширилди. Таъмирлаш ишларига “Fendi” модалар уйи 2,2 миллион евро сарфлаган. 17 ой давомида 26 мутахассис ҳайкалтарош Николо Сальви яратган шоҳ асарни асл ҳолига келтириш учун машаққатли меҳнат қилди. Таъмирлаш давомида мармарни яхши сақлаш мақсадида Треви фавворасини  сув билан таъминлашнинг янги тизими, қушларни ҳуркитиб турувчи ускуна ва видеокузатув қурилмалари ўрнатилди. Бундан ташқари, фавворага тунда сувни ёритиб турувчи 100 дона чироқ ўрнатилди.

Аслида фавворани 1732-1762 йилларда архитектор Николо Сальви  яратган бўлиб, у Палаццо Поли саройи  билан ўзаро уйғунлашиб кетган. Николо Сальви ўз ишини тугата олмаган: фаввора очилишидан 10 йил аввал вафот этган. Унинг ишини Иосиф Панини давом эттирган.

Бу фаввора “Рим таътиллари” каби машҳур фильмлар  орқали ҳам тарихга муҳрланган. Қолаверса, фаввора кўплаб италиялик бастакорларнинг илҳом манбаи бўлиб келаётир. Унга сув Римдан 13 километр узоқликда жойлашган чашмадан қувурларда олиб келинади. Тревини томоша қилиш ва баҳра олиш мақсадида ҳар куни минглаб сайёҳ келади. Фаввора ҳафтада бир марта тозалаб турилади.

Ш. ТЎЛАГАНОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг