Арш ҳам ларзага келадиган лаҳза: ёхуд оилавий ажримларнинг дунё миқёсида аҳволига бир назар

0
33

Таҳлилчилар фикрича, дунёнинг ривожланган мамлакатларида оиланинг дарз кетиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Жуфтликлар моддий ва маънавий келишмовчиликлар оқибатида ажралиб кетмоқда. Энг ёмони, дунё бўйлаб анъанавий оила қадриятларига путур етмоқда. Никоҳдан ўтмай бирга яшаб, кейин ажрашаётганлар ҳам кам эмас.

Шунга қарамай айрим давлатларда ажримларга қарши жиддий чоралар кўрилади. Бир қатор мамлакатларда эр-хотин тинч йўл билан ажралишга қарор қилган бўлишларига қарамай, улар қатор расмий жараёнлар билан тўқнаш келишга мажбур. Дейлик, Венгрия аҳолисига нисбатан таққослаганда оилавий ажримлар бўйича дунёда 3-ўринда туради: 67 фоиз никоҳ ажралиш билан якунланади, ҳар ўнинчи венгриялик эркак ажрашса, 12,4 фоиз аёллар омадсиз турмушни бошдан кечиради.

Скандинавия мамлакатлари оилавий ажримлар бўйича доимо юқори кўрсаткични қайд этади. Швецияда 2013 йилда рекорд кўрсаткич — 100 никоҳга 25 ажралиш тўғри келган. Уларнинг кўпчилиги бир йилдан кам вақт бирга яшаган жуфтликлардир. Бугунги статистик маълумотларга кўра, бу мамлакатда никоҳларнинг 47 фоизи ажралиш билан тугайди. Португалияда ажримлар сони ортиши туғилишнинг камайишига сабаб бўлмоқда. Бу кўрсаткич бўйича Португалия Евроиттифоқда 2-ўринда туради. Мазкур мамлакатда ҳар куни 70 дан ортиқ оила таназзулга юз тутади.

АҚШда ҳам ажрашишлар кўрсаткичи йил сайин ўсиб бормоқда. Бунга жисмоний ва руҳий зуғум, эр-хотинларнинг бир-бирига бўлган ҳурмати сўниши, хиёнат ва бошқаларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Россияда ажрашиш коэффициенти 51 фоизга тенг. Ўн йил олдин ҳар учинчи оила барбод бўлган бўлса, бугун ҳар иккинчи жуфтлик ажрашиб кетяпти. Турар-жой йўқлиги, молиявий қийинчиликлар ва алкоголли ичимликларга ружу қўйиш бунинг асосий сабабларидир. Евроиттифоқ давлатлари ичида бельгияликлар энг бой саналади. Яшаш шароити бўйича муаммолари кам бўлса-да, улар ҳам ажримлар бў­йича юқори ўринда турибди. Аҳоли сонига кўра Мальдив давлати дунёда 175-ўринда туради. Бироқ ажримлар сони бўйича биринчиликни эгаллаган. Айниқса, ҳозир оилалар бузилиб кетиши ҳар қачонгидан-да юқори.

Индонезиянинг Ява оролида нафақат жамият, балки табиат муҳофазасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу масала никоҳ ва ажримда ҳам ўз аксини топган. Маҳаллий ҳукумат қабул қилган қарорга кўра, турмуши бузилган ва ажрашишга қарор қилган оила бешта дарахт ўтқазишга мажбур. Шуниси эътиборга моликки, никоҳдан ўтаётган ёш келин-куёвлар ҳам албатта, дарахт ўтқазишлари керак. Агар никоҳдан энди ўтилаётган бўлса, у ҳолда битта дарахт ўтқазилади. Агарда иккинчи никоҳ бўлса, у ҳолда куёв учта кўчат экиши шарт. Бу анъана аввалига Ғарбий Яванинг Серанге минтақасида пайдо бўлган эди. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бу анъананинг пайдо бўлишига минтақадаги иқлим сабаб бўлган. Қуруқ иқлим бўлгани боис мевали дарахтларнинг илдиз отиши қийин бўлади. Шу сабабли ҳам ёш келин-куёвлар турмуш қуришдан ёки ажралишдан аввал жамият ва табиатга фойда келтиришлари — яъни, дарахт ўтқазиб, унинг илдиз отишини кутишлари керак бўлади. Ажрим пайтида ҳар икки томон ўзаро келишувга эришиши лозим. Агар аёл фарзанд кутмаётган бўлса, томонларга ўйлаб кўриш учун юз кун муддат берилади. Шу давр ичида аёлда ҳомиладорлик кузатилмаса ҳамда эр-хотин фикридан қайтмаган бўлса, улар бир зумда ажратиб юборилади.

Индонезияда қайта никоҳдан ўтиш муаммо эмас. Эркаклар бир нечта фарзандли аёлларга ҳам уйланишлари мумкин. Улар қариган чоғида фарзандлардан кўмак олиш мақсадида шу йўлни танлашади.

Бирлашган Араб Амирликларида ажрашмоқчи бўлган эр-хотин йиллаб суд қарорини кутмайди. Эр уч марта талоқ сўзини тилга олса бўлди, хотин бу уйни тарк этади. Ажралиш жараёни узоқ давом этмайди. Лекин унда мол-мулкни тақсимлашга алоҳида эътибор қаратилади. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, амирликда никоҳдан аввал келин-куёв ўртасида шартнома имзоланади. Ажрим вақтида мана шу шартнома ҳар икки томонга қўл келади. Кўп ҳолларда турмуши бузилган хотин эрига тегишли уйни, катта миқдордаги маблағни олиш имкониятига эга бўлади. Никоҳ шартномасига кўра, нафақат эркак, балки аёл ҳам эр узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бедарак йўқолган, фарзандсизлик ёки бошқа оғир касалликка чалинган тақдирда ажрашиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Италияда ажрашмоқчи бўлган эр-хотинлар узоқ жараённи бошдан кечириши керак бўлади. Яъни уларнинг ҳар иккиси бир-биридан кўнгли совиган, фарзандсиз бўлса ҳам ажримни тўрт йил кутишга мажбур. Аввалига уларга уч йил муддат берилади. Шу давр ичида эр-хотин алоҳида-алоҳида яшашлари, ўз қарорларини обдон ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўришларига имконият яратилади. Агар баҳсли муаммолар (бола ким билан қолади, мол-мулк тақсимланиши) ҳал қилинмайдиган бўлса, у ҳолда бу жараён ўнлаб йилга чўзилиши ҳам мумкин.

Германияликлар аниқ ҳисоб-китобга одатланган халқ. Бу мамлакатда ажрашмоқчи бўлган эр-хотин бир йил алоҳида яшаши шарт. Тўғри, бунинг учун улар бошқа-бош­қа хонадонларда яшашга мажбур эмас. Бир хонадонда яшашда давом этишлари, аммо ётоқхона ҳамда музлатгич алоҳида бўлиши керак, яъни рўзғорини мустақил юритишга мажбур. Ана шундан кейин улар судга ариза бериши мумкин. Бу мамлакатда баҳсли масалалар чиқиб қолса, ажрим жараёни уч йилдан беш йилгача давом этади. Лекин, кўп ҳолларда бу жараён бир йилда якунланади.

Японияда ажрашмоқчи бўлган эр-хотиннинг бир-бирига эътирози бўлмаса, бу жараён бир неча кун давом этади, холос. Аммо муаммоли томони шундаки, уларнинг ҳар иккиси адвокат хизматидан фойдаланиши шарт. Агар фарзандлари бўлса, ажрашиш жараёни андак қимматга тушади. Суд ота алимент тўлаши кераклигини айтса-да, лекин кунчиқар мамлакатда бу масала отанинг виждонига ҳавола қилинади. У ўз хоҳиши билан фарзандига алимент тўлайди. Агар оилага хиёнат аралашса, у ҳолда эр маънавий товон сифатида хотинидан 40 минг долларгача пул ундириши белгиланган.

Статистик маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда никоҳлар сони камайиб, ажримлар сони кўпаймоқда. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2016 йилнинг январь-июнь ойларида ФҲДЁ идоралари 92,4 мингта никоҳ ва 14,8 мингта ажрим ҳолатини рўйхатга олган. Ўтган йиллар билан қиёсланганда, никоҳлар сони бирмунча камайган. Юртимизда оилаларнинг бузилишига ўзаро носоғлом муносабат, дабдабали тўйлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги низолар сабаб бўлаётгани бот-бот айтилади. Кўпни кўрган, нуроний қайноналарнинг тажрибасини оммалаштириш, уларнинг оила тутуми, келин ва фарзандларга муомала муносабатлардаги ҳаётий сабоқларини ёш қайноналар ўртасида кенг тарғиб этиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш мақсадида 8 мингдан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинларида “Қайноналар кенгаши” жамоат тузилмаси ташкил этилган бўлиб, улар фаолияти, амалга ошираётган ишларини Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ўрганиб бормоқда. Ажралаётган томонлар обдон ўйлаб кўришлари учун маълум муддат имкон берилади.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳадисларда талоқ сўзи айтилган вақтда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши айтилган. Халқимизда “бир кун жанжал чиққан хонадондан қирқ кун файз-барака кетади”, деган нақл ҳам бор. Демоқчи бўлганимиз, оила — жамиятнинг бир бўлаги. Агар бир оила бузилса ҳам, жамиятга катта таъсир ўтказади. Оилаларимиз мустаҳкам бўлиши эса ҳар жиҳатдан ўзимизга боғлиқ.

Шарофиддин   ТЎЛАГАНОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг