Бойсун — моддий ва номоддий маданият бешиги

0
16

Пурвиқор тоғлар бағридаги мўъжизакор Бойсун нафақат гўзал табиати, балки қадим тарихи, ўзига хос халқ амалий санъати ва оғзаки ижоди намуналари билан ҳам маълум ва машҳур. Шу боис Бойсун ЮНЕСКО томонидан 2001 йил “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” сифатида эътироф этилди. 2008 йилда  Инсониятнинг номоддий маданияти мероси репрезентатив рўйхатига киритилди, уни муҳофаза этиш тадбирлари белгиланди. “Бойсун баҳори” фестивали айни шу мақсадда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётир.

Бундан 16 йил аввал асос солинган “Бойсун баҳори” фестивали Бойсун мўъжизаларини ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлганлар учун кенг имконият яратди. Ўтган йилдан бошлаб мазкур фестиваль қайта ташкил этилди, унинг юқори савияда ўтказилиши учун Сурхондарё вилояти ҳокимлиги барча ташкилий чора-тадбирларни кўрди.

28-29-апрель кунлари Бойсун туманининг тоғлар этагидаги Паданг қишлоғи фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларини яна ўз бағрига чорлади. Алпомиш дос­тонида таърифланган “минг уйли Бойсун-Қўнғирот эли”нинг ўтовлари тикланган ялангликда фестивалнинг асосий тантаналари бўлиб ўтди. Бош саҳнада вилоятлардан келган фольклор-этнографик жамоалар ўз санъатини намойиш этди, бир томонда миллий кураш мусобақаси ўтказилди, бошқа томонда дорбоз­ларнинг чиқишлари, тош кўтариш, арқон тортиш, варрак учириш, хўроз ва қўчқор уриштириш каби халқ ўйинлари ташкил этилди.

Бойсунлик ҳунармандлар ўзларининг қадимий услубда яратган алифи, жанда, олача матолари ва улардан тикилган кийимлар, ғажари номли гиламларини намойиш қилишган бўлса, қўли гул ошпазлар эса турли хил миллий ва баҳорий таомларни шу ернинг ўзида тайёрлаб, меҳмонларга улашди. Шунингдек, қадимийлик ва замонавийлик уйғунлигидаги миллий либослар кўргазмаси, ёш рассомлар ва дизайнерларнинг ишлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Фестиваль доирасида намойиш қилинган Термиз давлат университети олимларининг этнографик тадқиқотлари акс этган кўргазма, талабаларнинг ижодий ишлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари томонидан ўтказилган ранг-баранг акциялар, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаларининг миллий халқ ўйинлари ва рақслари байрам иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди. Бойсун осмони узра парвоз қилган улкан ҳаво шарлари эса йиғилганларнинг ҳайратини оширди. Фестивалнинг иккинчи саҳнасида эса воҳада фаолият юритаётган халқ бадиий жамоаларининг чиқишлари намойиш қилинди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган бахшиларнинг айтишувлари кенгликлар узра жаранг сочди.

— Фестивалда 9 нафар Ўзбекис­тон халқ бахшиси иштирок этяпти, — дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Абдимурод Раҳимов. — Бу, айниқса, ёш бахши-шоирлар, оқин ва жировларимиз учун ўзига хос мактаб ва синов ҳамдир. Биз уларнинг ижро маҳорати, бадиҳагўйлиги ва санъаткор одобини қай даражада эгаллаганига эътибор қаратяпмиз. Албатта, улардан умидимиз катта.

Энг қизиқарли ва ҳаяжонли томоша бу миллий кураш мусобақаси бўлди. Унда мамлакатимизнинг номдор полвонлари қаторида қўшни давлатлардан келган курашчилар ҳам иштирок этди. Кучи, чаққонлиги ва эпчиллиги билан рақибларидан устун келган полвонлар турли совринлар билан тақдирланди. Якуний натижаларга кўра, сурхондарёлик полвон Самижон Убайдуллаев фестивалнинг олий соврини — янги русумдаги “Нексия” автомашинасини қўлга киритди.

Ушбу миллий фестиваль милллий қадриятлар кенг тараннум этилган, тинчлик ва миллатлараро дўстлик улуғланган санъат байрами сифатида хорижлик меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирди.

— Шарқона баҳорнинг кириб келишига рамзий ишора — “Бойсун баҳори ” фестивалини кузатиш мен учун жуда мароқли кечмоқда, —дейди хитойлик сайёҳ Жоу Жоу. — Ҳозиргина кураш мусобақасида ғолиб бўлган ўзбек паҳлавонининг маҳорати мени ҳайратда қолдирди. Юртингизда курашни жуда севишар экан. Фестивалда янграган қўшиқлар, урф-одатларингиздаги ранг-баранглик ва ажойиб меҳмондўстликни бир умр ёдимдан чиқармасам керак. Биз “Бойсун баҳори”га албатта, яна келамиз.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Эркин Турдимов, Ўзбекистон Респуб­ликаси маданият вазири Баҳодир Сайфуллаев сўзга чиқиб, юртимизда қадим маданий меросимизни асраб-авайлашда ушбу фестивалнинг тутган ўрни ва аҳамияти, хусусан, халқ ижодий анъаналарини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бундай эзгу ишлар аждодлардан мерос бўлиб келаётган халқ амалий санъати, халқ оғзаки ижоди сингари номоддий маданий мерос дурдоналарининг ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллашида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ёш авлодни Ватанга муҳаб­бат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Фестивалда фольклор-этнографик жамоаларнинг ҳам концерт дастурлари намойиш қилинди. 250 дан ортиқ иштирокчиларнинг маҳоратлари нуфузли санъатшунос олимлар томонидан баҳоланди. “Бойсун баҳори” фестивалида Сурхондарё вилоятининг “Бойсун” фольклор-этнографик жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Қорақалпоғистон Республикасининг “Бес перде”, Жиззах вилоятининг “Боғдон гуллари” ва Хоразм вилоятининг “Хоразм” бадиий жамоалари иккинчи, Тошкент вилоятининг “Қурама”,  Фарғона вилоятининг “Сўх чашмаси” ва Сирдарё вилоятининг “Сирдарё наволари” жамоалари учинчи ўринга муносиб кўрилди. Халқ оғзаки меросимизни асраб-
авайлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган энг чечан бахши шоир, оқин ва жировлар, шунингдек қадим ўтовларни маҳорат билан ўрнатиб, унда миллийлигимизни намойиш этган иштирокчилар ҳам дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

— Бу йилги фестиваль ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилди, — дейди фольклоршунос олим, филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев. — Унда халқ оғзаки ижодиётимизнинг дурдона асарлари ижро этилди, боқий қадриятларимиз намойиш қилинди. Айниқса, фестиваль арафасида Термиз давлат университетида ўтказилган “Бойсун — моддий ва номоддий маданият бешиги” номли халқаро илмий-амалий конференция олимлар ва дунё аҳлининг эътиборини яна бир карра шу маданий гўшага қаратди. Германияда ўзбек, инглиз, немис ва бошқа тилларда чоп этиладиган “Анор” этнографик альманахида воҳа тарихи, хусусан, Бойсун маданий муҳити, бунда асрлар оша сақланиб келинаётган мерос ҳақида мақолалар берилаётгани ҳам эътироф, ҳам тарғиб вазифасини ўтамоқда.

…Икки кун давом этган “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалининг таассуротлари ва шукуҳи узоқ йилларга татийдиган бўлди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг