“Ҳамон ўланлар тўқиб, ўқимоқда ўлмас зот…”

0
20

Шу йил 13 март куни қабул қилинган “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги Президент қарорини кенг адабий жамоатчилик, икки халқ вакиллари зўр қувонч билан қарши олди. Бу, албатта, юртимизда нафақат адабиётга қаратилаётган, балки қўшни, қон-қардош халқ ва унинг маданияти ҳамда санъатига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин  намунасидир. Хўш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида қандай ишларни амалга оширмоқда? Бугунги ўзбек-қозоқ адабий алоқалари қай даражада?

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат МАЖИД билан суҳбатимиз ана шу саволлар теграсида кечди.

— Адабиётни Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасига ўхшатиш мумкин: у инсониятни жаҳолатдан омон сақлаб, маънавият, маърифат манзилига етказади, — дейди Ғайрат Мажид. — Шу маънода адибу шоир қайси миллатга мансуб бўлмасин, унинг мақсади бани башарга холис хизмат қилиш бўлиши керак. Шу қутлуғ мақсад, улкан туйғу қайси ижодкор қалбида яшаса, у барча учун севимли бўлади.

Нега Навоийни севиб ўқиймиз? Уни бошқа миллат вакиллари ҳам нима учун катта ҳурмат ва иштиёқ билан мутолаа қилади? Мавлоно Жомий, Ҳазрати Фузулий, Гарсиа Лорка, Стендаль, Александр Пушкин, Жек Лондон, Сергей Есенин, Ўрхон Помуқ, Чингиз Айтматов, Абай Қўнонбоев каби адабиёт аталмиш муҳташам оламнинг сўнмас сиймолари нега барча элу халққа бирдек тегишли? Ўқувчи асар мутолаасига киришган пайт унинг миллати ҳақида ўйламайди. Чунки ундан олинадиган ибрат, ҳаётбахш ўгит муҳим.

Айни шу маънода, давлатимиз раҳбарининг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори ижод аҳлини беҳад қувонтиргани табиий. Бу шодликдан халқимиз ҳам насибадор. Ушбу қарор қабул қилиниши арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Ўтембоев билан ўзбек адиблари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуслари ва амалий ишлари тимсолида ўзбек ва қозоқ халқларининг ҳамдўстлик алоқалари ривожида янги давр бошлангани алоҳида таъкидланди. Ўзаро адабий алоқаларни янада ривожлантириш, адиб ва таржимонларнинг ижодий ҳамкорлигини кучайтириш, икки халқнинг мумтоз ва ҳозирги замон адабиёти намуналарини ҳар икки тилга таржима қилиш масалалари ҳақида фикр алмашилди.

Тили, дини, келиб чиқиш тарихи бир бўлган ўзбек ва қозоқ халқларининг маданий-адабий алоқалари Навоий ва Абай каби мутафаккир шоирлар ижодий мероси, Ойбек ва Мухтор Авезов, Миртемир ва Абдулла Тожибоев, Абдулла Орипов ва Ўлжас Сулаймоновнинг жонажон дўстлиги ва қадрдонлиги билан мустаҳкам боғланганини, бугунги глобаллашув замонида бу дўстликнинг янада ривож топиши халқларимиз фаровонлиги ва олам тинчлиги учун ниҳоятда муҳим эканини асло унутмаслик керак.

Бугун мамлакатимизда миллатлараро тинч­лик ва тотувликни, пухта ўйланган ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат амалга оширилишини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилганлиги натижасида қўшни давлатлар билан ишончли муносабатлар йўлга қўйилди. Марказий Осиё ҳудудида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилди.

2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида бу улкан тарихий сана танатанали равишда  очилгани, шу муносабат билан ўзбек маданияти, санъати ва адабиётини тарғиб этишга катта эътибор қаратилгани ҳар икки халқ қалбига улкан қувонч бағишлаганига бутун дунё гувоҳ бўлди.  Президентимизнинг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори эса икки қардош халқ ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлаши шубхасиз.

Қарор эълон қилинганидан кўп вақт ўтмай Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишни ташкил қилиш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди. Келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар режалаштирилди.

— Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида келгусида қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилган?

— Абайнинг ижоди халқона ҳикматларга бой ҳамда халқ жонли тилида жозибали ифодалангани билан бошқа туркий халқлар қатори ўзбек китобхонларининг ҳам эътиборини тезда жалб этади. Ўзбекистон халқ шоири Миртемир “Кўз устига, қош устига” номли мақоласида: “улуғ Алишерга қўл берган Абай Қўнонбой ўғли, ўз навбатида, қозоқ ёзма адабиётининг бобоси, қозоқ халқининг даҳо фарзанди, улуғ шоири, асл ўғли даражасига кўтарила олди”, — деб ёзган. Миртемир домланинг тўрт жилдлик асаридан ўрин олган Абай ҳақидаги шеърида ўзбек ижодкорининг қозоқ халқининг улуғ шоирига меҳри ва эҳтироми ифодаланган:

Олатов чўққисига қўнгандай  ота бургут,
Олмаота ўртасида турибди у барҳаёт.
Гўё ҳамон элига сўйлар ҳикмат ва ўгит,
Ҳамон ўланлар тўқиб, ўқимоқда ўлмас зот…

Бугун Тошкентдаги энг катта шоҳкўчалардан бирига Абай номи берилган. Абай кўчасининг Алишер Навоий кўчасига туташганида ҳам теран рамзий маъно бор. Улуғ шоирлар элларни элларга бирлаштиради, дилларни дилларга туташтиради. 2013 йили Тошкентда Қозоғистон элчихонасининг янги биноси олдида Абайнинг муҳташам ҳайкали бунёд этилди.

Абайшунос олимларнинг таъкидлашича, шоир асарлари ўтган асрнинг 20-йиллари бошидан бошлаб Ўзбекистонда чоп этила бошланган. Аввал газета-журналларда шеърларидан намуналар ўзбек тилида, шу билан биргаликда 1922 йилда Тошкентда шеърлар тўплами қозоқ тилида нашр этилган.

1945 йилда Қозоғистонда Абай таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланиб, ушбу тантанали тадбирда Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Абдураҳмон Саъдий, Ҳоди Зариф ва бошқа ижодкорлар иштирок этган.

Улуғ қозоқ оқини таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан  ЮНЕСКО қарорига кўра 1995 йил — Абай йили, деб эълон қилинди. Ушбу улуғ айём бизнинг она диёримизда ҳам кенг нишонланди. Тошкентда Абай шеърлари, достонлари ва “Қора сўз” номли рисоласини ўз ичига олган катта китоб нашр этилди. Китоб дебочасида устоз адиб ва таржимон Носир Фозиловнинг “Қозоқ адабиётининг фахри” сарлавҳали мақоласида ўзбек зиёлиларининг қозоқ халқи ва унинг адабиётига бўлган меҳри акс этган. Уйғун ва Миртемир домладан бош­ланган Абай асарларини ўзбек тилига таржима қилиш анъанасини Раззоқ Абдурашидов, Носир Фозилов, Ғулом Шоди, Абдулла Рустамов, Муҳаммад Али, Музаффар Аҳмад каби шоирлар давом эттирди. Ўз ўрнида, бугунги ёш ижодкорлар ҳам Абай асарларини теран ўрганмоқда.

Президент қароридан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан янги таржималар амалга оширилиб, Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” китоби, “Абай ва ўзбек адабиёти” номли мақолалар тўплами нашрга тайёрланмоқда.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” доимий экспозициясини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва мушоира ўтказиш режалаштирилди. Қардош халқлар дўстлиги ва адабий алоқалар ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу қутлуғ санани тантанали равишда нишонлашга тараддуд кўрилаётир. Ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида “Абай асарларининг билимдони” иншолар кўрик-танлови эълон қилинмоқда. Оммавий ахборот воситаларида Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар мунтазам равишда бериб борилмоқда. Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этиш йўлга қўйиляпти. Мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар бошлаб юборилди.

— Президентимизнинг мазкур қарори ўз навбатида азалдан қардош бўлган икки халқ маданий алоқалари мустаҳкамланишида ҳам муҳим рол ўйнайди. Шундай эмасми?

— Албатта, адабиёт элчидан ҳам кучли, чунки, элчи элларнинг сўзини элларга етказса, адабиёт дилларнинг туйғуси, меҳри ва муҳаббатини дилларга олиб киради, адиблар эса, ўз халқининг бадиий тафаккури билан бошқа халқнинг билими, фикри, онггу шуурини бойитади. Адабий алоқаларнинг ривожи адабиёт, маданият, дўстлик ва тотувликнинг мустаҳкамланишига асос бўлади. Шу маънода Президентимизнинг қарори замирида теран ҳикмат ва оламшумул фалсафа мужассам. Яқин келажакда қозоқ адабиётининг мумтоз намояндалари ҳамда ҳозирги замон ижодкорлари асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, шу билан биргаликда ўзбек адабиётининг энг яхши намуналарини, асосан, Алишер Навоий асарларини қозоқ тилида нашр этиш режалаштирилган. Ўзбек ва қозоқ ёзувчилари ўртасидаги алоқа ва ижодий ҳамкорликни янада кучайтириш ижод аҳлининг эзгу ниятларидан биридир.

Устоз Носир Фозиловнинг “Топдиму йўқотмадим” номли хотиралар, воқеий ҳикоялар тўпламида ўзбек ва қозоқ адиблари, шоирларининг адабий алоқалари, дўстона муносабатлари ҳақида ибратли воқеалар ҳикоя қилинган. Ғафур Ғулом ва Мухтор Авезов, Ойбек ва Собит Муқонов каби улуғ адиблар ҳаётидаги қизиқарли, шу билан биргаликда икки халқ дўстлиги тарихида унутилмас хотирага айланган воқеалар мутолааси бугунги ёш авлод учун ҳам ибрат, ҳам намуна бўлиши, шубҳасиз.

Китобнинг бир ўрнида Олатов этакларидаги Медеу деб аталган сўлим гўшадаги шарқироқ сой ичидаги улкан харсангтошни Собит Муқонов Ойбек домлага совға қилгани ва ўша тошга Собит оға сангтарош устага буюриб: “Бул жумир тасти баурим Муса Айбекка сийға тартам. Сабит МУҚАН улы. 3. VI. 1962 жыл”, деб ёздириб қўйгани воқеаси замирида ҳам улкан ибрат ва маъно мужассам. Айни пайтда бу икки адибнинг муносабатлари нақадар беғубор ва самимий эканидан ҳайратга тушасиз.

Биз устозларнинг ана шундай ижодий ҳамкорлик ва дўстлик анъаналарини муносиб давом эттиришимиз, маълум бир муддат узилиб қолган алоқаларни тиклашимиз керак. Бу йўлда бизга ўзбек-қозоқ адабий алоқалари тарихидаги муҳим ва ибратли ҳодисалар, таржима китоблар, устозлар битган рисолалар дастурил­амал бўлади. Ўзбек китобхонлари ҳозирги қозоқ адабиёти янгиликларидан доимо хабардор бўлиб туриши,  қозоқ тилида битилган энг яхши асарларни она тилимизга таржима қилишимиз лозим. Бунинг учун эса ёшлар орасидан таржимонларнинг янги авлодини тарбиялашимиз зарур. Зеро, давлатимиз раҳбарининг бугунги саъй-ҳаракатлари замирида ҳам ана шундай мақсад-муддао мужассам.

“Milliy tiklanish” мухбири
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг