Тошкент яна бир халқаро фестивалга мезбонлик қилади

0
19

Истеъдодли ва иқтидорли ёшлар ҳамиша давлатимиз эътиборида. Улар учун кенг шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилаётир. Бунинг натижаси ўлароқ бугунги ўзбек ёшлари дунё ареналарида муносиб иштирок этиб мамлакатимиз довруғини жаҳонга ёймоқда. Шу  йилнинг 2-7 май кунлари юртимизда ўтказиладиган “Шарқ атиргули” халқаро болалар ва ёшлар ижодий фестиваль — кўрик-танлови ҳам истеъдодли ёшларимиз учун яна бир имконият.

Бу ҳақда Маданият вазирлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида хабар берилди.

Фестиваль ёш истеъдодларни аниқлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш мақсадида ташкил этилмоқда. Кўрик-танловнинг халқаро миқёсда ташкил этилиши унинг нуфузи ва салмоғи юқорилигидан далолат беради.

— Иқтидорсиз фарзанднинг ўзи бўлмайди. Фақат биз уни вақтида илғашимиз ва эътибор қаратишимиз талаб этилади, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Шарқ атиргули” халқаро кўрик-танлови ҳайъ­ат аъзоси Кумуш Раззоқова. — Ўтказилаётган кўрик-танлов ўз иқтидорига ишонган ҳар бир ўғил-қиз учун синов майдони бўлиб хизмат қилади. Фестиваль юртимизнинг салоҳияти, дунё саҳнидаги мавқеини ошириш, халқлар дўстлигининг янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, кўрик-танлов вокал ва хореография йўналишлари бўйича 4 ёшдан 17 ёшгача ҳамда 18 ёшдан 28 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида ўтказилади. Ҳар икки йўналишда ҳам иштирокчининг саҳнада ўзини тутиши, либослари, рақс композицияси каби меъёрларга амал қилиши талаб этилади.

Тадбирда таъкидланганидек, кўрик-танловда Қозоғис­тон, Қирғизистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Тожикистон, Россия каби давлатлардан иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда.

Дўстлик, биродарлик руҳида ўтиши кутилаётган фестиваль доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари бўйлаб саёҳат ҳам режалаштирилган.

Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

 

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг