Мамлакатимиз халкаро озиқ-овқат хавфсизлиги рейтингида 11 поғона кўтарилди

0
27

Мамлакатимизда озиқовқат маҳсулотларига тегишли халқаро стандартлар ўрганилиб, уларни тадбиқ этиш тизимли равишда олиб борилмоқда. Ҳозиргача жами 3,5 мингдан зиёд халқаро стандартлар қабул қилинди.

Бу ҳақда “Ўзстандарт” агентлиги Миллий матбуот марказида мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларига бағишлаб ўтказган матбуот анжуманида маълум қилинди. Тадбирда Ҳаракатлар стратегиясида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириш устувор вазифа сифатида белгилангани алоҳида таъкидланди.

— Озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган самарали ишлар натижасида мамлакатимиз йилдан-йилга дунё рейтингида юқорилаб бормоқда, — дейди “Ўзстандарт” матбуот хизмати раҳбари Рауф Расулов. — АҚШнинг изланишлар маркази ўтказган тадқиқотга кўра, Ўзбекистон дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги рейтингида бир йил ичида 75-ўриндан 64-ўринга кўтарилган.

Анжуманда таъкидланишича, “Ўзстандарт” агентлиги қошидаги халқаро талабларга жавоб берадиган, замонавий жиҳозланган кимёбиология лабораторияси озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синаш ҳамда уларнинг сифат кўрсаткичларини аниқлашга ихтисослаштирилди. Лабораториянинг аккредитация доираси, маҳсулотларни синаш бўйича 770 (шундан 30 та халқаро ИСО стандартлари) синов услубига кенгайтирилди. Шу йилнинг биринчи чорагида Кореянинг КОIСА дастури орқали грант маблағлари ҳисобига 540 минг АҚШ доллари қийматига тенг 3 дона замонавий синов ускунаси ўзлаштирилди. Улар ёрдамида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлик кўрсаткичлари аниқланмоқда.

Халқаро услубларни амалиётга жорий этиш, олиб борилган синовларнинг халқаро даражада тан олинишига эришиш мақсадида ушбу лаборатория 2016 йилда Туркиянинг халқаро аккредитация идораси (ТурАК) томонидан аккредитациядан ўтказилди. Республикамизда етиштирилаётган ўрик маҳсулоти эталон сифатида халқаро стандартларга киритилди. ИСО 22000 ва “Ҳалол”, “Global” G.A.P” ҳамда ОРГАНИК стандартлар жорий этилди.

Тадбирда иштирокчилар мавзу доирасидаги саволларига мутахассислардан жавоб олди.

Гулҳаё НУРМЕТОВА,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг