“Марварид” жаҳон кезади

0
44

Туркияда миллий мустақиллик ва болалар байрами арафасида ўтказиладиган халқаро болалар фес­тивали анъана тусини олган. Туркия телерадиокомпанияси қирқинчи бор ўтказган мазкур фестивалда дунёнинг қирқдан зиёд мамлакатидан 800 дан ортиқ қатнашчилар ўз миллий санъати намуналари билан иштирок этди.

1929 йилдан буён ўтказилаётган фестивалда мамлакатимиздан “Марварид” болалар студияси вакиллари ҳам иштирок этиб, ўзбек миллий санъати намуналари намойиши билан фестиваль қатнашчиларига қувонч улашди. Жажжи санъаткорларнинг, айниқса, ўзбек миллий кийимларида ижро этган рақси иштирокчиларнинг давомли олқишига сазовор бўлди.

2005 йилда пойтахтимизда ташкил этилган “Марварид” болалар студияси миллий ва замонавий қўшиқ ҳамда рақслари билан давлат тадбирлари ва турли концерт дастурларида мунтазам қатнашиб келмокда.

— Нафақат мамлакат миқёсидаги тадбирлар, балки халқаро фестиваль ва танловларда ҳам муваффақиятли иштирок этишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди “Марварид” болалар студияси раҳбари Гулчеҳра Эргашева. — Туркияда бўлиб ўтган фестиваль ҳам болажонларимизнинг миллий санъатимиз довруғини дунёга ёйиш, унинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш учун хизмат қилади. Қачон, қаерда халқаро танлов ва фес­тивалларда иштирок этмайлик, ўзбек миллий санъати бутун дунё аҳлини оҳанрабодек ўзига маҳлиё этаётганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, “Лазги” ва “Тановар” ижро этилганида гарчи ўзбек тилига тушунмаса-да, унинг куйи ва оҳангига маст бўлиб, мусиқага ҳамоҳанг тарзда чайқалаётган томошабинларни кўрганимда қалбимни ғурур ва ифтихор туйғулари эгаллайди. Мана шундай маданий мероси бой замин фарзанди эканлигимиздан фахрланиб кетаман.

“Марварид” болалар студияси 2017-2018 йилларда Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Зажги свою звезду” халқаро болалар фестивалида хореография йўналиши бўйича 1-ўринни, эстрада хонандалиги, театр модаси, “Бастакорлик болаларга” йўналишида эса 3-ўринни эгаллади.

Санъатга ошуфта болаларни бир жойга жамлаб, уларга санъат сирларини қунт билан ўргатиб келаётган “Марварид” болалар студияси бугун ўзбек миллий санъатини кенг тарғиб қилишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётир.

— Айни шу даргоҳда беш йилдан бери устозларимдан санъат сирларини ўрганаяпман, — дейди “Марварид” болалар студияси қатнашчиси Хонзода Эркинова. — Мактабдан бўш вақтим асосан студияда ўтади. Халқаро танловларда иштирок этиб, миллий санъатимизни намойиш этиш баробарида бошқа давлатлардан дўстлар орттиряпмиз, улар санъати билан ҳам танишиб боряпмиз.

Ҳа, санъат ҳамма даврда халқлар дўстлигига хизмат қилиб келган. У инсонни чексиз орзу-мақсадлар сари чорлайдиган, қалб ва вужудига сўнмас иродани жо айлайдиган буюк мўъжиза бўлиб қолаверади. Меҳр-муҳаббат, дўстлик, инсонийлик каби фазилатларни ўзида ифода этгани учун ҳам санъат ҳамиша халқлар ардоғида яшайди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
 “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг