Ўзбекистон-Туркия: стратегик шерикликнинг янги босқичи

0
15

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон шу йил 29 апрель — 1 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Расмий сафар доирасида Президент Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрди.

Жаҳон парламентаризм амалиётида давлат бошлиқларининг парламент аъзолари олдида чиқишлари анъанага айланган. Яқинда Франция Президенти Эммануэль Макрон АҚШ Конгрессида сўзга чиққани бунга янги ва яққол мисолдир.

Ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Буюк миллат мажлисида нутқ сўзлади. Бу гал мазкур анъанани Туркия раҳбари давом эттириб, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлади. Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик нақадар юқори даражага кўтарилганининг ёрқин ва амалий ифодасидир.

Мамлакатимиз Туркия давлати билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларга таянган стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни пайтда алоқалар ижтимоий-сиёсий йўналишларда ҳам янги босқичда ривожланиб бормоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихи узоқ асрларга бориб тақалишини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистон 1991 йилда давлат мустақиллигига эришгач, бу қадимий дўстона алоқалар тубдан янги босқичга кўтарилди ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорликнинг барча, шу жумладан, парламентлараро йўналишларини қамраб олди.

Кейинги йилларда давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси, азму шижоати ва қатъияти туфайли ўзаро ҳамкорлик алоқаларини тубдан ривожлантириш борасида янги саҳифа очилди. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада юксак даражага олиб чиқди.

Мазкур ташриф чоғида Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Жаҳонда кузатилаётган тезкор ўзгаришлар ва тараққиётга ҳамоҳанг ривож­ланишни таъминлаш, парламентимизнинг Туркия парламенти билан алоқаларини мус­таҳкамлаш мақсадида ўшанда “Ўзбекистон — Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳига ҳам асос солинди.

Бугунги кунда икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланмоқда. Парламентлараро алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, албатта, ўзаро муносабатларимизнинг янада кенгайишига хизмат қилмоқда. Биргина мисол: жорий йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида Туркия парламентининг “Туркия — Ўзбекис­тон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Туркия парламенти делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Рес­публикаси Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг “Туркия — Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳининг илк қўшма мажлиси ўтказилди. Музокара якунида улар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бў­йича 2018 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси, яъни “Йўл харитаси” имзоланди.

Шу ўринда Туркия Республикаси фуқаролари учун виза тартиби соддалаштирилгани халқларимиз ўртасидаги азалий қардошлик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамламоқда, десак, бу ҳам айни ҳақиқатдир. Тадбиркорлик ва сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга келаётган турк биродарларимиз таъбири билан айтганда, “ота юрт”ни зиёрат қилган қардошларимизнинг хурсандчилиги бизни ҳам мамнун этмоқда. Ўз навбатида, Туркия Президенти бу борада жуда мақбул қарор қабул қилгани учун Ўзбекистон Президентига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Туркия Республикаси билан барча соҳалардаги ҳамкорлик, жумладан, парламентлараро муносабатларнинг ривожлантирилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътироф этганидек, Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг Ўзбекис­тон билан Туркия ўртасидаги қардошлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривож­лантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссаси эътиборга сазовордир.

Миллий парламент минбаридан сўзлаган нутқида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланганидан мамнун эканини қайд этди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсатига юксак баҳо берди. Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ҳақиқатан ҳам, халқларимиз кўп асрлик тарихи, тили, дини, қадриятлари ва муштарак урф-одатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган маданий-гуманитар алоқалар ҳам Ўзбекистон — Туркия муносабатларининг ажралмас қисми ҳисобланади. 2016 йил июнь ойида Анқарада Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Турк санъат усталарининг Самарқандда ўтказилиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиши, Туркия давлат телерадиокомпанияси (ТРТ) Ўзбекистонда ўтказиладиган расмий тантаналарни хорижий мамлакатларга ретрансляция қилиши анъанага айланди.

Туркия Президенти ўтган йили 25 октябрда, Анқарада Ўзбекистон Президенти билан ўзаро музокараларидан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган учрашув пайтида атоқли ўзбек шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов шеърларидан намуна ўқиб бериб, бизларни ҳам қувонтирган, ҳам ҳайратга солган эди. Бу гал олий мартабали меҳмон севимли шоирларимиз Абдулҳамид Чўлпон ва Эркин Воҳидов ижодига мурожаат қилиб, ўзбек шеъриятининг содиқ мухлиси сифатида бизни яна бир бор қойил қолдирди.

Фурсатдан фойдаланиб, бизга дўст ва ҳамкор мамлакат бўлган Туркияда қандай севиб ўқилса, Ўзбекистонда ҳам шундай юксак ҳурмат ва эъзоз топган, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Занги ота Ҳимматий, Бобораҳим Машраб каби улуғ аждодларимиз қаторида турадиган буюк турк сўфий шоири Юнус Эмро ҳазратларининг ушбу шеърий сатрларини келтирмоқчимиз:

Менинг тилим қуш тилидур,
Менинг қўлим дўст қўлидур.
Мен булбулман, дўст гулимдур,
Билинг, гулим сўлмас менинг.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон музокаралар якунида имзолаган Қўшма баёнот кенг кўламли стратегик ҳамкорлигимизни янги, янада юксак босқичга кўтаришга қаратилган бўлиб, ўз мазмун-моҳияти билан катта аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатларимиз ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24 та ҳужжат имзоланди. Пойтахтимизда ўтказилган Бизнес-форум доирасида умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг 50 дан ортиқ янги инвестициявий қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Яна бир муҳим йўналиш — Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази инфратузилмаларини ривожлантириш ва уларнинг фаолиятини шакллантиришда туркиялик қардошлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Ҳар иккала давлат раҳбарлари маърифий ва бағрикенг ислом динини тарғиб этиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш борасида ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар. Зеро, ислом дини доимо эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президентининг ўтган йили Туркияга олий даражадаги ташрифи чоғида имзоланган Қўшма баёнот ўзаро ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишда энг муҳим ҳужжат вазифасини ўтаётган бўлса, Туркия Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи асносида икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик олий кенгаши тузиш бўйича келишувга эришилди. Мамлакатимиз раҳбари қайд этганидек, Ўзбекистон — Туркия давлат раҳбарларининг олий даражадаги навбатдаги музокаралари натижалари халқларимиз манфаатига хизмат қилаётган эзгу ишлар суръатини янада оширишга қаратилгандир.

Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Демократик институтлар,
нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи
бошқариш органлари қўмитаси раиси,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг