Халқ билан ҳамнафаслик: муаммолар ечимида долзарб аҳамиятга эга

0
18

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан парламент аъзоларининг жойларда ўрганишлари ташкил этилаётгани кўп муаммоларни бартараф этиш билан бирга, одамларнинг давлат идораларига ҳамда депутатларга ишончини мус­таҳкамламоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиши, давр билан ҳамнафас яшашида муҳим омил бўлаётир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатларнинг бу галги учрашувлари 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасига тўғри келгани боис фракция аъзолари ҳудудларда қарилик гаштини сураётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари хонадонига ҳам ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Уларнинг кўрсатган жасорати, матонати, она Ватан олдидаги буюк хизматлари бугунги ёш авлод учун намуна сифатида эътироф этилди.

Уруш ва меҳнат фахрийлари — доимий эътиборда

Ёшликнинг навқирон чоғларини жанг­гоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осо­йишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати биз учун намуна ва ибрат. Ана шу воқеалар, кечган оғир кунлар ёди бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки бутун авлодлар хотирасидан ҳали ҳамон ўчгани йўқ. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун ватандошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди.

Ҳозирги кунда Андижон вилоятида 64 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси умргузаронлик қилмоқда. ЎзМТДП фракцияси аъзоси Абдурашид Тўхтабоев ҳамда партия Андижон вилоят кенгаши раиси Ҳамиджон Омонов, “Ёшлар қаноти” фаоллари, “Айрилиш” маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари Андижон туманида истиқомат қилаётган Исоқжон Ибрагимов ҳолидан хабар олдилар. Пиру бадавлат отахон билан самимий суҳбат давомида парламент аъзоси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, бугун Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган эътибор хусусида гапирди. Отахон мазкур қарорга асосан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истаклари асосида Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юбориш каби имкониятлар яратилганидан, умуман, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан ниҳоятда мамнунлигини изҳор қилди.

— 93 ёшни қаршилаган Исоқжон ота суҳбат давомида Иккинчи жаҳон уруши келтирган даҳшатли оқибатлар, оловли жанггоҳлардаги кечинмаларини сўзлаб берди, дориломон кунларга шукрона келтирди, — дейди ЎзМТДП Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби Сардорбек Даминов. — Бу эса ёшларни ватанпарвар, меҳнатсевар қилиб тарбия­лаш, улар қалбида аждодларнинг Ватан озодлиги йўлидаги қаҳрамонликларидан фахрланиш, уларга муносиб ворис бўлиш туйғусини юксалтиришда беқиёс аҳамият касб этади.

Депутат Абдурашид Тўхтабоев ҳудуддаги фаолияти давомида аҳоли вакиллари билан ҳам юзма-юз мулоқот қилиб, мавжуд масала ва муаммоларга ечим топиш чораларини кўрди.

Касбида талай  муаммо жойида ҳал этилди

ЎзМТДП фракцияси аъзолари Ўрол Ҳайитов ва Дилфуза Жалилова халқ билан мулоқот қилиш ва ҳудудлардаги аҳволни яқиндан ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятининг Касби туманида бўлди. Ўрол Ҳайитов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ вакиллари туманнинг Қамаши қишлоғидаги “Хўжаки”, “Мушкоки”, “Нур­обод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ва Талишбе қишлоғида бўлиб, бу ерда суғориш ва ичимлик суви борасида муаммолар мавжудлигига гувоҳ бўлди. Мазкур масалалар тегишли мутасаддилар билан муҳокама қилиниб, уларни туман “йўл харитаси”га киритишга келишиб олинди. Шунингдек, ҳудуддаги намунали уйларда яшовчи аҳоли вакиллари трансформаторга эҳтиёж борлигини айтишди. Тўртинчи сектор раҳбари Шарофиддин Алибоев бу масалада кўрилаётган чоралар тўғрисида аҳолига батафсил маълумот берди.

Фуқаролар билан мулоқот чоғида кўтарилган бандлик, йўл, ижтимоий ёрдам ва газ борасидаги муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаатлар киритилиши режалаштирилди.

Парламент аъзоси Қамаши қишлоғида маданият ва аҳоли дам олиш масканларини қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш борасидаги дастур билан танишди. Ташландиқ ҳолга келиб қолган қишлоқ “Маданият уйи”ни капитал таъмирлаш ва фойдаланишга топшириш 2019 йилга режалаштирилгани ҳақидаги хабар аҳоли кайфиятига кўтаринкилик улашди.

Учрашувлар жараёнида қатор таълим муассасаларида ташкил этилган тўгараклар фаолияти яқиндан ўрганилди. Депутат турли йўналишларда билим ва кўникмаларни эгаллаётган ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг орзу-ўйлари билан қизиқди.

Депутат Дилфуза Жалилова “Қоратепа”, “Муғлон”, “Тинчлик”, “Таллиюлғун” ва “Пандирон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди аҳолиси билан мулоқот қилди, мавжуд муаммолар билан танишди. У дастлаб “Қоратепа” МФЙ ҳудудидаги 27-умумтаълим мактабида бўлиб, муассаса фаолиятини ўрганди. 600 ўринга мўлжалланган мазкур мактабда айни пайтда 2 сменада дарс ўтилаётгани бир қатор ноқулайликлар туғдираётгани ҳамда спорт зали ва зарур ўқув қуролларига эҳтиёж борлиги аниқланди. Муаммо бўйича туман ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими бошқармасига депутатлик сўрови билан мурожаат қилинадиган бўлди.

“Муғлон” МФЙ ҳудудидаги 1-умумтаълим мактабида бўлган депутат мазкур таълим муассасасини реконструкция қилиш ишлари 2017 йилги ҳудудни ободонлаштириш дастурига киритилиб, таъмирлаш ишларини Қарши шаҳридаги “Arena Kom” фирмаси ўз зиммасига олгани, лекин амалий иш пайсалга солинаётгани борасида муаммо мавжудлигига гувоҳ бўлди. Парламент аъзоси масалани ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилишини билдирди ҳамда аҳолига ушбу ҳудуднинг “Обод қишлоқ” дастурига киритилгани, амалга ошириладиган ишлар хусусида батафсил маълумот берди.

Шундан сўнг депутат “Пандирон” ва “Таллиюлғун” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 26, 30 ва 37-умумтаълим мактаблари ҳамда 24-мактабгача таълим муассасасида бўлди. 30-умумтаълим мактаби  ўқитувчилари ва Таллиюлғун қишлоғи аҳолиси билан учрашув чоғида улар мактаб биносининг талабга жавоб бермаслиги, болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зал мавжуд эмаслиги юзасидан мурожаат қилди. Бу борада соҳага масъул ташкилотлар билан келишилган ҳолда, мактабни таъмирлаш масаласи 2019 йилги давлат дастурига киритилишида амалий ёрдам бериладиган бўлди.

Шунингдек, Дилфуза Жалилова Касби туман ҳокими Нормўмин Холбоев билан биргаликда Таллиюлғун қишлоғидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқаролар ва ногиронлар ҳолидан хабар олди. Наврўз Бердиев хонадонида бўлишганида, фуқаро 21 ёшли ўғли Феруз Лутфуллаев 2-гуруҳ ногирони эканлигини билдирди. Унга ногиронлик аравачаси зарур, аммо хонадон соҳиблари шу вақтга қадар бу масала бўйича бирор жойга мурожаат қилмаган экан. Парламент
аъзоси ва туман ҳокими унинг муаммосини яқиндан ўрганиб, шу куннинг эртасигаёқ Ферузбекка ногиронлик аравачаси ҳамда моддий ёрдам кўрсатди.

Шу қишлоқда яшовчи яна бир фуқаро — боқувчисини йўқотган, қарамоғида 5 фарзанди бўлган Латофат Примова моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда яшаб турган уйи ҳовлисини девор билан ўраб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаатнинг эртасигаёқ ишчи гуруҳи кўмагида Латофат Примова хонадонига ун, ёғ, турли ширинликлар ва кийим-кечак олиб бориб берилди. Хонадон бекасининг тикувчилиги эътиборга олиниб, унга тикув машинаси етказиб бериладиган ва уй-жойи атрофи девор билан ўраб чиқилишига амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Депутат аралашувидан сўнг “Микрокредитбанк” кредит берди

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида бўлган ЎзМТДП аъзоси Азамат Пардаев ҳудуддаги муаммоларни жойига чиқиб ўрганди. Аҳолининг муаммоларини эшитиш ва уларга ечим топиш мақсадида сайёр қабул ўтказди. Жумладан, туманнинг Ислом шоир, Алишер Навоий номидаги ҳамда “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан бўлган учрашувларда аҳолининг муаммолари тингланиб, уларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Мурожаатларнинг асосий қисми бандлик, кредит, уй-жой, тоза ичимлик суви ва ички йўллар масалаларига оид бўлди.

“Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабулда фуқаролар нафақат ўзларини қийнаётган муаммолар, балки маҳалла ва туман ҳаётига дахлдор масалалар юзасидан ҳам мурожаат қилдилар.

— Ҳовлимиздаги томорқада иссиқхона ташкил қилиш мақсадида тумандаги бир неча банкга кредит сўраб бордим. Лекин ҳаракатларим бесамар кетди. Шу масалани ҳал қилишда амалий кўмак берилишини сўрайман, — дея мурожаат этди “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Шерзод Шопўлатов.

Депутат аралашуви билан ОАТБ “Мик­рокредитбанк” Нарпай туман филиали бошқарувчиси Акбар Муродқобилов мазкур мурожаатни шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилди.

Алишер Навоий номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Қизмон Эгамбердиева ушбу маҳаллада ичимлик суви учун асосий қувур тортилганлиги, аммо улар орқали келаётган сув истеъмолга яроқсизлигини айтиб, мазкур муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам сўради. Унинг айтишича, ичимлик сувида туз миқдори жуда кўп, бу эса инсонлар соғлигига салбий таъсир этиши мумкин. Муаммо ечимини топиш учун туман санитария-­эпидемиология назорати марказининг лаборатория таҳлилларини олиш мақсадида депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

— Тўрт фарзанднинг онасиман, бир ўғлим оиласидан ажрашган, — дейди фуқаро Маҳбуба Холмуродова. — Айни пайтда ўғлим Россияга кўчиб кетган, ўша ерда оила қуриб яшамоқда. Унинг икки фарзандини мен ўз қарамоғимга олганман. Набираларимни ёлғиз катта қилдим, турмуш ташвишлари билан бўлиб ўз соғлиғимга эътибор қарата олмадим. Оқибатда, нафас йўлларим шамоллаб, бронхиал астмага йўлиқдим. Даволанишга ҳаракат қилдим. Афсуски, натижа бўлмади. Шу боис марказий шифохоналарда имтиёзли равишда даволанишимга амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайман.

Депутат ушбу мурожаатни ўрганиб чиқиб, амалий кўмак берадиган бўлди.

Учрашувда Зуҳра Сувонова тиббиёт коллежини тамомлагани, лекин узоқ йиллардан буён иш топишда муаммоларга дуч келаётганлигини билдирди. Ушбу мурожаат депутатлик назоратига олиниб, фуқарога тез кунларда туман тиббиёт бирлашмасидан ўз мутахассислиги бўйича иш топишда кўмак бериладиган бўлди.

Сайёр қабулда депутат ўттизга яқин мурожаатни тинглади.  Аксарият масалалар шу жойнинг ўзида туман мутасаддилари билан ҳамкорликда ҳал қилинган бўлса, қолганлари депутатлик назоратига олинди.

Ўрганишлар юзасидан аниқ  вазифалар белгиланди

Парламент аъзолари Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги фаолияти давомида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, таълим, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар чоғида уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди.

Тумандаги ўрганишлар якуни халқ депутатлари Пахтачи туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов иштирок этди.

Сессияда туманда аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида ЎзМТДП фракцияси аъзоси Азамат Пардаев ахборот берди. Қайд этилганидек, тумандаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган ва ижобий натижаларга эришилган. Бироқ, соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан бирга, айрим масалалар, ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўзга ташланмоқда. Хусусан, патронаж хизматидан самарали фойдаланган ҳолда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга талаб даражасида эътибор қаратилмаяпти. Инсон саломатлиги билан бевосита боғлиқ бўлган ободонлаштириш, чиқиндиларни олиб чиқиш ва қайта ишлаш, туман санитария ҳолатини яхшилаш борасида ҳам камчиликлар мавжуд. Тумандаги бозор ва савдо мажмуалари, овқатланиш шахобчаларида санитария қоидаларига тўлиқ риоя этилмаяпти.

Сессияда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, соҳалар ривожини таъминлаш ҳамда фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ўртага ташланди. Билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида сессия қарори қабул қилиниб, унга кўра туман фаоллари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари олдига мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

Аҳоли муаммолари ўрганилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзоси Козим Тожиев Зарафшон шаҳри аҳолиси билан учрашиб, фуқаролар билдирган фикр ва таклифлар, мавжуд муаммоларни атроф­лича ўрганди, ҳудуддаги  ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижроси, фуқаролар манфаатларининг рўёбга чиқарилиши билан яқиндан танишди.

Депутат таълим муассасалари, шаҳар “Баркамол авлод” маркази, маҳаллалар, аҳоли хонадонларида бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганиш баробарида уларни ҳал этиш чораларини кўрди, юртимизда яратилган имконият ва қулайликлар тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, халқ вакили “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Дагустов” маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Шаҳардаги 13-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ташкил этилган учрашувда аҳоли ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилди. Долзарб ижтимоий муаммоларга тегишли соҳа вакиллари иштирокида ечим топилиб, амалий чоралар белгиланди.

Учрашувда 12-кичик туман 55-уйда истиқомат қилувчи Ойдин Эргашева ўғли Мансур Эргашевни мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш масаласида мурожаат қилди. Мурожаат тегишлилиги бўйича шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига йўналтирилиб, депутат назоратига олинди.

“Наврўз” маҳала фуқаролар йиғинида яшовчи Лола Фармонова тиббиёт коллежини тугатган, аммо ҳалигача ишсиз.  Депутат билан мулоқот чоғида фуқаронинг бандлик борасидаги мурожаати ижобий ечим топди — у шаҳар тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, депутат Козим Тожиевнинг ҳудуддаги ўрганишлари давомида ўттизга яқин муаммоли вазиятларга ойдинлик киритилди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳар бир фуқаронинг мурожаатини қонуний асосда ҳал этиш имкониятларини яратиш хусусида келишиб олинди.

Халқ манфаати — устувор вазифа

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шерзод Раҳимов Тошлоқ туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолининг яшаш шароити билан яқиндан танишди. Фуқароларнинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини ўрганиш ва уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида тумандаги “Тошлоқ” ҳамда “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳолининг мурожаатларини тинглади.

Депутат билан юзма-юз мулоқотлар чоғида фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, кредит олиш ва ундан фойдаланиш тартиби, томорқа хўжалиги ва чорвачилик, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, суюлтирилган газ балонларини етказиб бериш ва бандлик каби масалаларда мурожаат қилди. Айрим масалалар ўз жойида ҳал этилди. Масалан, “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Хадичахон Оқтоева М.Муродов кўчаси таъмирталаб аҳволга келиб қолганини айтиб, бу борада амалий ёрдам беришларини сўради. Депутатнинг саъй-ҳаракати билан ўша куннинг ўзида ушбу кўчага шағал ётқизилиб, таъмирланди.

— Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Тошлоқ маҳалласида яшовчи Одилжон Маматов. — Тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қў­йиш мақсадида кредит олиш учун банкка мурожаат қилган эдим. Бироқ, ушбу масала ўз вақтида ҳал этилмади. Шундан сўнг маҳалламизда бўлиб ўтган учрашув чоғида депутат Шерзод Раҳимовга юзландим. Парламент аъзосининг аралашуви билан менга кредит ажратиладиган бўлди. Халқ банкининг туман бўлими томонидан шу куни тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Анчадан буён пайсалга солинаётган иш ижобий ечим топганидан бениҳоя мамнунман.

Мулоқот чоғида “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Фаровон кўчасида яшовчи  Ўлмасхон Раҳматова набираси туғма имконияти чекланганлигини, шу боис ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам беришларини сўради. Мазкур масала юзасидан депутат туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилди. Натижада, фуқарога ногиронлик аравачаси етказиб берилди.

— Халқ вакилларининг маҳалламизга келиб, ҳаёт тарзимиз билан бевосита танишиши бизни беҳад қувонтирди,  — дейди Ўлмасхон Раҳматова. — Давлатимиз томонидан имконияти чекланган инсонларни ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлардан хабарим бор. Набирам туғма имконияти чекланган. Депутат аралашуви билан тез фурсатда унга ногиронлик аравачаси беришганидан мамнун бўлдик. Бунинг учун давлатимиздан, халқ вакилларидан жуда миннатдорман.

— Тумандаги “Тошлоқ” ҳамда “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, ҳудуд аҳолисининг қизиқишлари, мурожаатлари ва муаммоларини ўргандик, — дейди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шерзод Раҳимов. — Мулоқот чоғида кўтарилган кўплаб масалалар ўша жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Аҳоли билан ўтказилаётган бу каби мулоқотлар ҳудудларда ўз ечимини кутаётган мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни қонуний тарзда ижобий ҳал қилиш имконини яратмоқда. Шунингдек, очиқ мулоқот чоғида фуқаролар манфаати йўлида қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти юзасидан ҳам тушунчалар бердик.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзМТДП Қашқадарё  вилоят кенгаши бош мутахассиси, Жасур КАРИМОВ, ЎзМТДП Нарпай туман кенгаши ижрочи котиби,  Абдували БЎРИЕВ, ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши етакчи мутахассиси, Ойдин АЛИМАРДОНОВА, Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг