Кутубхоналар — маънавият маскани: аммо ҳудудларда улардан фойдаланиш имконияти талаб даражасидами?

0
22

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши партия сайловолди Платформаси ижросини таъминлаш мақсадида Бўка туманидаги 1-умумтаълим мактаби қошидаги туман ахборот-ресурс маркази (АРМ) ва Бўстон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ҳамда Оққўрғон туманидаги қишлоқ хўжалиги ва коммунал касб-ҳунар коллежи ахборот-ресурс марказлари фаолиятини ўрганди. Ўрганишлар давомида бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Биринчи Президентимизнинг 2006 йил 20 июндаги “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги кутубхоналар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги ихтиёрига ўтказилган, улар негизида олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳузурида ахборот-ресурс марказлари тузилган эди. Мазкур қарорда барча кутубхона Интернет тармоғига уланиши, аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириши белгиланган. Бироқ ўрганиш­лар жараёнида аҳолининг кутубхоналардан эмин-эркин фойдаланиш имконияти чеклангани, аксарият кутубхоналар таълим муассасаларида жойлашгани учун аҳоли ахборот-ресурс марказларини фақат таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари учун деб тушунаётгани, кўпчилик фуқаролар уларнинг кенг аҳолига хизмат кўрсатишидан бехабарлиги маълум бўлди. Хабардорлар эса таълим муассасасига келганда қўриқлаш хизмати масъуллари кўп ҳолларда хавфсизлик нуқтаи назардан уларни киритмаяпти. Бу ҳолат албатта, китобхонга ноқулайлик туғдиради.

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида камол топиб келаётган авлодни, биринчи навбатда, китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, таълим муассасаларининг ахборот-кутубхона фондини кўпайтириб боришга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган, — дейди ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Маҳмуд Назаров. — Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори китобхонлик маданиятини ошириш ва соҳада олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу қарор ижросини ўрганиш мақсадида ҳамда партия дастурий вазифалардан келиб чиқиб, Бўка ва Оққўрғон туманидаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятини яқиндан ўргандик.

Бўка туманида 2006 йилга қадар туман марказлаштирилган кутубхонаси ва унинг жойларда 45 филиали, бундан ташқари, болалар кутубхонаси фаолият юритган экан. 2006 йилдаги Президент қарори билан туман марказлаштирилган кутубхонаси Ангрен давлат педагогика институтига, унинг филиаллари тумандаги касб-ҳунар коллежларига, болалар кутубхонаси туман халқ таълими бўлими тасарруфига ўтказилган. Бўка туман марказий кутубхонасининг 50-60 километр олисда жойлашган Ангрен шаҳридаги институт тасарруфига ўтказилиши мантиқан нотўғри бўлган. Мазкур институт 2016 йилда тугатилгач, кутубхона Бўка тумани Бўстон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи тасарруфига ўтказилган. Бугунги кунда мазкур коллеж ахборот-ресурс маркази китоб фонди 12 минг 467 тани, шундан 9 мингдан зиёди рус тилидаги адабиётларни ташкил қилади. Марказга охирги етти йил давомида 300, 2017 йилда атиги 42 та бадиий китоб берилган, холос. Бу ерда бор-йўғи битта компьютер мавжуд, у ҳам эски, хизмат вазифасини ўтаб бўлган, Интернет тармоғига уланмаган. Икки нафар ходим фаолият кўрсатадиган марказда фақат “Халқ сўзи” ва “Тошкент ҳақиқати” газеталари мавжуд, обуна учун маблағ ажратилмайди, канцелярия маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланмаган. Кутубхонанинг моддий-техник базаси етарли эмас, китоб жавонлари, шкаф, стол-стуллари эскирган. Бино таъмирталаб аҳволда.

Партия вакиллари Бўка туманидаги 1-умумтаълим мактаби қошидаги туман ахборот-ресурс маркази (собиқ болалар кутубхонаси) фаолиятини ўрганиш давомида унинг умумий китоб фонди атиги 3 минг 580 донани ташкил этиши маълум бўлди. Ваҳоланки, кутубхонада 8 та штат бирлиги мавжуд. Китобхонлар мингга яқин, шундан 100 нафарини ёши улуғ китобхонлар ташкил қилади.

— Марказга 2017 йилда туман молия бўлими томонидан 10 миллион сўм маблағ ажратилган ва унга 833 дона китоб сотиб олинган эди, — дейди марказ раҳбари Вазира Умрзоқова. — 2006 йилги қарор доирасида 2 та компьютер берилган, аммо айни пайтда улар ҳам таъмирталаб ҳолда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидан 2015 йилда 5 та шкаф, 2017 йилда битта компьютер ва 4 дона компьютер столи ва китобхонлар учун 10 та стол ва 20 та стул берилган. Кутубхона балансида бундан ташқари эски ёғочдан ясалган 26 та китоб жавони, 2 дона янги китоб жавони, телевизор, кондиционер мавжуд. Ҳозирда Интернет учун ўз ёнимдан маблағ тўлаб келяпман. Электрон китоблар атиги 47 донани ташкил қилади, 13 номдаги газета ва журнал бор, бироқ “Ёшлик”, “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур”, “Шарқ юлдузи” журналлари обунаси учун маблағ ажратилмаган.

Ўрганишлар давомида Бўка туманидаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятидаги бу каби камчилик ва муаммолар бошқа шаҳар ва туманларга ҳам хос экани маълум бўлди. Хусусан, Оққўрғон туманида 2006 йил 20 июнга қадар туман марказлаштирилган кутубхонаси ва унинг жойларда 43 та филиали ҳамда болалар кутубхонаси фаолият юритган. 2006 йилдаги Президент қароридан сўнг марказлаштирилган кутубхона Ангрен давлат педагогика институтига, филиаллари эса касб-ҳунар коллежларига, болалар кутубхонаси туман халқ таълими бўлими тасарруфига ўтказилган. Институт тугатилгач, марказлаштирилган кутубхона Оққўрғон туман қишлоқ хўжалиги ва коммунал касб-ҳунар коллежи тасарруфига ўтган.

Бир вақтлар туман марказлаштирилган кутубхонаси бўлган мазкур ахборот-кутубхонанинг китоб фонди 16 минг 505 тани ташкил қилади.

— Ахборот-кутубхонамиздаги мавжуд китоб фондидан 13 минг 840 таси, яъни қарийб 84 фоизи рус тилида, 2 минг 665 таси ўзбек тилидаги адабиётлар, лотин алифбосига асосланган ўзбек тилидаги китоблар атиги 20 тани ташкил қилади, — дейди муассаса раҳбари Мастура Мирзакаримова. — Мавжуд бир дона компьютер талабга жавоб бермайди, Интернет тармоғига уланмаган. Китоб фондини кўпайтириш мақсадида туман ҳокими ва турли идораларга мунтазам мурожаат қиламиз, аммо натижа йўқ. Китоб фондини яхшилаш учун ўз ёнимиздан йигирмадан зиёд китоб сотиб олганмиз. Ахборот кутубхонани реконструкция қилиш, китоб фондини бойитиш зарур.

Дарҳақиқат, партия вакилларининг ҳудуддаги ўрганишлари давомида аниқланган камчилик ва муаммолар соҳада тизимли саъй-ҳаракатларни амалга оширишни тақозо этади. Айниқса, мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда бундай муаммоларга ҳанузгача ечим топилмагани соҳа мутасаддилари билан бирга ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Ҳудудлардаги ахборот-кутубхоналар фаолиятини тубдан яхшилаш, уларнинг китоб фондини янги адабиётлар билан бойитиш аҳолининг китоб мутолаасига бўлган интилиши ва қизиқишларини оширишга хизмат қилади.

Шуҳрат НАСИМОВ,
ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши
Ижроия қўмитаси девони раҳбари:

— Партиямиз дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, ҳар иккала тумандаги партия ташкилотлари ва депутатларимиз билан биргаликда мавжуд ахборот-ресурс марказлари фаолиятини ўрганганимизда, 2006 йил 20 июндаги “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори ижросига доир ишлар талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Яъни кутубхоналар ахборот-ресурс маркази сифатида ташкил этилганидан кейин бунинг учун етарли комьпютер жамланмалари, электрон китоблар билан таъминланган бўлиши керак. Аммо бу борадаги таъминот ҳанузгача қониқарсиз аҳволда. Бундан ташқари, туман марказий ахборот-кутубхоналари таълим масканларида жойлаштирилгани аҳолининг ундан фойдаланиш имкониятларини чеклайди.

Ўрганиш натижалари таҳлил қилиниб, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши сессиясига киритиш режалаштирилган. Аммо бу борадаги муаммолар фақат бизнинг вилоятда эмас, балки барча ҳудудга хос эканлигини инобатга олиб, республикамиздаги барча кутубхоналарни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфига қайтариш ёки Алишер Навоий номидаги Ўзбекис­тон Миллий кутубхонаси тармоғида марказлаштириш лозим. Агар бу борадаги таклифларимиз амалга ошса, ахборот-ресурс марказларининг моддий-техник базасини кучайтиришда оқилона ечим топилган бўларди, назаримизда.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг