Уч авлод учрашуви

0
20

Навоий вилоятида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига эҳтиром кўрсатиш, уларни рағбатлантиришга қаратилган тадбирлар ташкил этмоқда. Уларда партия дастурий мақсад-вазифаларига мос ва уйғун бўлган халқимизнинг маънавияти ривожи ва жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мурувват, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик, яхшилик ва саховатпешалик, кексаларга ҳурмат кўрсатиш каби миллий қадриятларимиз кенг тарғиб қилинмоқда.

ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов партия Навоий вилоят кенгаши фаоллари ҳамда Кармана туман ҳокими Фахриддин Умаров ҳамроҳлигида “Уйрот” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ялла бобо Равшанов хонадонида бўлди. Уч авлод учрашувида Ялла бобо йиғилганларга урушнинг оғир кунларини матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримиз жасорати ҳақида сўзлаб берди. Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлигини уқтирди.

— Бугун юртимизда биз каби кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромдан жуда мамнунмиз, — дейди Ялла бобо Равшанов. — Уруш етказган талафотларни ҳали ҳамон эсласам, сесканиб кетаман. Биз кўрган уруш даҳшатларини фарзандларимиз асло кўрмасин. Бугун юртимиздаги тинч-осуда ҳаётни, ривожланиш ва тараққиётни кўриб шукроналар айтаман. Бу кунларни кўзингизга суртинг, юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, Ватан тараққиёти учун ўз ҳиссангизни қўшиб яшанг.

Партия фаоллари тумандаги Дўрмон маҳалласида истиқомат қилаётган 98 ёшли Пирназар ота Турдиев хонадонида ҳам бўлишди. Озод ва обод Ватанда эмин-эркин, дориломон кунлар гаштини сураётган Пирназар ота йўқлаб келганларга ўз миннатдорчилигини билдирди ва уруш йиллари хотиралари ҳақида сўзлаб берди.

— 1941 йили айни 21 ёшимда фронтга кетиб, тўрт йил жангу жадаллар орасида юрдим, — дейди Пирназар ота. — 25 ёшимда урушдан қайтгач, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилдим: арпа, буғдой, жўхори етиштириб, ҳар йили мўл ҳосил олинишига ҳисса қўшдим. Табелчилик қилдим. Сўнгра қурилиш бригадасида ишладим. Истиқлол йилларидаги ҳаётим эса умримнинг энг мазмунли даври бўлди. Давлатимизнинг кексаларга юксак эътибори ва ғамхўрлигидан, фарзандларимиз камолини кўраётганимиздан беҳад мамнунмиз. Маҳалладош­лар доимо йўқлаб туришади. Улар билан суҳбатлашиб, руҳим тетиклашади, куч-ғайратим ошади. Бизга эҳтиром ва эътибор кўрсатаётган инсонларнинг ўзлари ҳам улуғ ёшларга кириб, доимо элимиз ардоғида бўлсин, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин.

Учрашувда нуроний отахонларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги  “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, давлатимиз раҳбари номидан 5 миллион сўм пул мукофоти ва ЎзМТДП Навоий вилоят кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Хуршид ТОШЕВ,
ЎзМТДП Кармана туман кенгаши раиси:

— Инсон қадр-қимматини улуғлаш, хотирасини ёд этиш — халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар замирида ҳам, аввало, инсон манфаатлари мужассам. Бу сана ҳар бир юртдошимизни, ўсиб келаётган ёш авлодни бугунги тинч-осуда кунлар, бахтли ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб яшашга даъват этади. Бундай юзма-юз учрашув ва давра суҳбатлари навқирон авлодни ватанпарвар, фидойи, меҳнатсевар, аждодлардан фахрланиш, уларга муносиб ворис бўлиш руҳида тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Абдували БЎРИЕВ,
ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши
етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг