Ёшлар фаол тадбиркорликка жалб этилди

0
9

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес янада равнақ топиши учун тўлиқ эркинлик бериш, амалиётда “Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, деган ҳаётий тамойилни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар юртимизда қулай ишбилармонлик муҳитини мус­таҳкамлашга хизмат қилаётир.

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида бизнес-тренер Меҳринисо Абдураззоқова иштирокида ўтказилган бизнес-семинар ёшларни кенг тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, соҳага доир янгилик ва  маълумотларни етказишга бағишланди.

Маълумки, бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шу маънода, ёшларни фаол тадбиркорликка жалб этиш, замонавий иш жойлари яратиш, бандлик масаласига ечим топиш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлмоқда. Ушбу муҳим масаланинг ечими эса бевосита юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очиш, инвестицион ва бизнес муҳитнинг ривожланиб бориши билан боғлиқ жараёндир.

— Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарор ва фармон замирида, албатта, халқимиз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратиш масаласи мужассам, — дейди бизнес-тренер Меҳринисо Абдураззоқова. — Шундай экан халқимиз турмуш даражасини яхшилаш, ҳар томонлама қулай меҳнат шароитлари яратиш, бандлик масаласини таъминлаш бугуннинг ёшлари, фаол тадбиркорлар олдида турган муҳим вазифалардан саналади. Бизнес-семинарда айнан ёш тадбиркорлар учун муҳим бўлган маълумот, тавсия ва кўникмалар берилди.

Бизнес-семинарда ўз бизнесини бошламоқчи бўлганлар учун маҳсулот ишлаб чиқариш, муваффақиятли логотип, бренд яратиш ва тарғиб қилиш, шунингдек, мижоз билан муносабатга киришиш, рақобатчиларга нисбатан устун бўлиш йўл-йўриқларига алоҳида эътибор қаратилди.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган семинарда тадбиркорликнинг ўзига хос жиҳатлари, ноёб савдо таклифи, маҳсулот яшаш даврининг 4 босқичи бўйича иштирокчилар билан ўзаро фикр алмашилди.

Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг