Равоч — иштаҳаочар, серсув, фойдали ўсимлик

0
19

Равоч баҳорнинг дастлабки ойларида етилади. Уни кўпчилик севиб истеъмол қилади. 150 га яқин тури мавжуд. Ушбу маданийлашган ўсимлик Хитойнинг марказий қисмида полиз экини сифатида етиштирилади. Барглари сариқ-яшил ва қизил рангда, узунлиги 20–40 сантиметргача бўлади.

Равоч Ўзбекистоннинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ҳамда қир-адирларда ёввойи ҳолда ўсади. Ўсимликнинг ёш, қалин, серсув барглари хушхўр ва иштаҳаочар маҳсулот сифатида истеъмол қилинади. Баргларининг мазаси нордон, таркибида олма ва лимон кислотаси ҳам мавжуд.

Равоч — парҳез маҳсулот. Унда ёғ моддаси умуман йўқ. 100 грамм равоч танаси бор-йўғи 116 килокалориядан иборат. Мазкур ўсимлик таркибида жуда кўп миқдорда пектин, озиқ толалари, органик кислота, минерал моддалар, С, В витаминлари, калий, фосфор, магний тузлари бор. Равоч меъда-ичак фаолияти ва ҳазм жараёнини яхшилайди. Ундан сафро ҳайдовчи восита сифатида ҳам фойдаланилади.

Мазкур ўсимликнинг илдизи ҳам шифобахш, барги серсув. Даво мақсадида илдизи ва илдизпоясидан фойдаланиш мумкин. Равочдан тиндирма ва шарбат ҳам тайёрланади.

Равоч камқонликнинг олдини олишда айни муддао. Ундан авитаминозни даволашда доривор восита сифатида фойдаланилади. Айниқса, ўпка касалликлари билан хасталанган беморлар учун равоч истеъмол қилиш фойдали. Бу маҳсулотни тери, тирноқ ва соч ҳолатини яхшилаш мақсадида ҳам қўллаш мумкин.

Халқ табобатида равочдан бир қанча хасталикни даволаш ва олдини олишда фойдаланилади. Масалан, қабзиятни даволашда равоч илдизи яхшилаб тўғралади. Бир стакан қайнаган сувга аралаштирилиб, худди чой сингари дамланади. Тайёр дамлама ухлашдан олдин стаканнинг учдан бир қисми миқдорида ичилади.

Равочнинг ўзидан тайёрланган дамлама қон босими кўтарилишида фойдали. Дамламани тайёрлаш учун икки ош қошиқ қуритилган равоч майдаланиб, 1,5 стакан қайноқ сувга солиб аралаштирилади. Ушбу аралашма 30 дақиқа давомида паст оловда қайнатилади. Тайёр бўлгач, оловдан олиб совутилади. 1,5 стакан дамламани истеъмол қилиш, кун давомида артериал қон босимини меъёрига келтириш учун етарли саналади.

Панкреатит (меъда ости бези яллиғланиши) ва гастрит (меъда шиллиқ қавати яллиғланиши) ҳамда меъда ҳамда ўн икки бармоқли ичак касаллик­ларидан азият чекаётган беморларга ушбу ўсимликни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Равоч таркибида жуда кўп миқдорда органик кислоталар мавжудлиги боис, у буйрак ва ўт пуфагида тошлар йиғилишига сабаб бўлади. Шу боис уни пешоб-тош ва ўт-тош касаллиги билан оғриган беморлар истеъмол қилмагани маъқул.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг