“Париж манхэттени” : ёхуд замонавий ва кўркам Дефанс мавзесига саёҳат

0
10

Париж деганда, аввало, машҳур Эйфель минораси, Лувр музейи, Ғалаба аркаси, Версаль саройи сингари тарихий иншоотлар кўз олдимизда гавдаланади. Чиндан ҳам Париж ўзининг тарихий қиёфасини сақлай олган Европадаги камсонли шаҳарлардан саналади. Бироқ шаҳарда диққатга сазовор замонавий ва муҳташам иншоотлар ҳам кам эмас. Ана шундай иншоотларнинг аксарияти Парижнинг Дефанс мавзесида жойлашган.

Дефанс мавзеси Париж шаҳридаги О-де-Сен округида жойлашган бўлиб, нафақат Франция, балки Европадаги энг замонавий бизнес марказларидан биридир. Шу боис уни “Париж Манхэттени”, деб ҳам аташади. Мазкур даҳада қарийб 20 минг киши истиқомат қилади. Даҳада жойлашган фирма ва компанияларда тахминан 150 минг ходим фаолият юритади.

Мавзени қуриш ташаббуси Франциянинг ўша вақтдаги Президенти Шарль де Голль томонидан илгари сурилган. Қурилиш ишлари 1955 йилда бошланган. Мавзедаги илк иншоот 1958 йилда бунёд этилади. Ҳозирги кунда мавзе ҳудудида кўплаб банк, суғурта компанияларнинг қароргоҳлари ўрин олган. Бу ерда “Tour Areva”, “Manhattan”, “Gan”, “CNIT” (Янги саноат ва технология маркази) каби машҳур иншоотлар жойлашган. Мавзе 1870 йилда бўлиб ўтган Франция-Пруссия урушида қаҳрамонлик кўрсатган зобит шарафига таниқли ҳайкалтарош Луи-Эрнест Барриа томонидан бронзадан бунёд этилган ҳамда унинг ҳудудида ўрнатилган “La Dеfense de Paris” (“Париж мудофаси”) ёдгорлигининг номидан олинган.

1970 йилда мавзеда “Esso”, “Nobel”, “Aquitaine”, “Europe” ҳамда “Aurore” деб номланган замонавий осмонўпар иншоотлар ҳам бунёд этилди. 1973 йилда юз берган нефть инқирози туфайли мавзедаги қурилиш ишлари вақтинчалик тўхтатиб қўйилади. 1978 йилдан бошлаб яна давом эттирилди, бироқ осмонўпар эмас, бироз пастроқ иншоотлар қуришга киришилади. 1981 йилда замонавий савдо маркази биноси ишга туширилди.

Мавзедаги энг машҳур иншоотлардан бири — “TourAreva”. У таниқли меъморлар Рожер Саубот, Франсуа Жуллиен томонидан 1974 йилда бунёд этилган. Баландлиги 184 метрли иншоот 44 қаватдан иборат. Квадратли призма шаклида қурилган иншоот ташқи томондан қора ойналар билан қопланган.

Даҳадаги энг машҳур иншоот шубҳасиз, Дефанс аркаси. Бугун мазкур мавзени ушбу иншоотсиз тасаввур қилиш мушкул. Бино 1983–1989 йилларда даниялик меъмор Йохан Отто фон Спрекельсен лойиҳаси асосида бунёд этилган. Меъморнинг ғоясига кўра, иншоот шаҳарнинг Шарль де Голль майдонида жойлашган машҳур “Ғалаба аркаси”нинг XX асрдаги нусхаси бўлиши керак эди. Маълумки, мазкур арка 1806–1836 йилларда Париж шаҳрида Наполеон Бонапарт фармонига биноан унинг ғалабалари шарафига бунёд этилган. Шу боис у ғалаба тимсоли ҳисобланган. Даниялик меъморнинг ғоясига биноан, унинг лойиҳаси ғалаба эмас, балки тинчлик, инсонпарварлик ҳамда дўстлик рамзи сифатида одамларни мудом яхшиликка чорлаши, дилларда эзгу туйғулар уйғотиши жоиз эди. Аркасифат иншоот куб шаклида қурилгани ва ўртаси очиқ бўлгани учун уни  “Париж ойнаси” деб ҳам аташади. Иншоот ўн икки бетон устунга, улар эса, ўз навбатида, “Савояр” компанияси томондан ишлаб чиқарилган гидравлик кўтаргичларга таяниб туради. Йўқса, бундай мосламаларсиз тупроқ умумий оғирлиги 300 минг тонна келадиган мажмуани кўтара олмаслиги мумкин. Бинонинг баландлиги — 110, эни — 112 метр. Унинг ҳар бир горизонтал томонида узунлиги 75 метр келадиган тўрттадан тўсин ўрнатилган. Арка ёруғлик ва шамол таъсирига чидамли, қалинлиги 5 сантиметр бўлган ойнаванд қопламалар билан безалган. Арканинг ички қисмидан пўлат арқонга осиғлиқ турган “булут” ўзига хос рамзий маъно касб этади. У оқ рангли пластмассадан ишланган бўлиб, чодирни эслатади. “Булут” иншоотнинг мувозанатини сақлаб, кучли шамол таъсиридан ҳимоя қилади.

“Дефанс катта аркаси” бугун Парижнинг диққатга сазовор иншоотларидан бирига айланган. Уни томоша қилиш учун бу ерга ҳар куни юзлаб сайёҳ келади.

Фотима СУЛТОНМУРОДОВА,
ЎзДЖТУ талабаси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг