Биродарлик ришталарини боғлаган тарихий учрашув: Корея Республикаси ҳамда Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиларининг учрашуви икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очди

0
4

Шу йилнинг 27 апрель куни Шимолий ва Жанубий Корея етакчилари ҳарбий кучлардан ҳоли ҳудуд Пханмунжом чегара қисмида учрашди. 1953 йил — мамлакатлар ўртасида ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганидан буён бирорта КХДР раҳбари Жанубий Корея томони билан бундай руҳ, шакл ва мақсадда учрашмаган эди. Шимолий ҳамда Жанубий Корея етакчиларининг учрашувлари гарчи 2000 ҳамда 2007 йилда Пхеньян шаҳрида КХДРнинг ўша пайтдаги етакчиси Ким Чен Ир даврида бўлиб ўтган бўлса-да, ҳар икки мулоқот ҳам Корея Республикаси Президентлари Ким Дэ Жун, кейин эса Но Му Хён ташаббуси билан амалга ошган.

“Тинчлик ва фаровонликнинг экилиши”

Корея ярим оролида юзага келган кескин вазият кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Баъзан ички, баъзан ташқи таъсирлар туфайли тили, маданияти бир бўлган икки мамлакат узоқ йиллар бир-биридан узилиб, алоқа қилмай яшади. Шимолий ва Жанубий Корея етакчиларининг бу учрашуви муносабатларни қайта тиклаш ҳамда биродарлик ришталарини боғлаш йўлидаги дадил қадам бўлди.

Саммит олдидан Ким Чен Ин ҳарбий-демаркацион чизиқни англатувчи рамзий бетон тўсиқ устидан ўтиб, жанублик ҳамкасби билан сўрашди. Ким Чен Ин ҳам, ўз навбатида, ҳамкасбини чегаранинг бу томонига қадам босишни таклиф этди. Сўнгра икки етакчи тўсиқнинг у томони — Шимол томонга ўтишди. Бу ўзига хос рамзий маънога эга эди. Бир дақиқадан кейин иккала давлат етакчиси ҳам яна жануб томонга ўтиб, қизил гилам бўйлаб фахрий қоровул ёнидан саммит ўтадиган “Тинчлик уйи” томон йўл олишди.

КХДР етакчиси Ким Чен Ин ва Корея Респуб­ликаси Президенти Мун Чжэ Ин Пханмунжомда қарағай дарахтини экиш маросимида ҳам иштирок этди.

Хорижий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, давлат раҳбарлари уч йиллик Корея уруши тугаган пайт — 1953 йилда ўсишни бошлаган қарағайни экишган. Дарахт ёнида “Тинчлик ва фаровонликнинг экилиши” ёзувли тош ўрнатилди. Дарахт учун тупроқ Жанубий Кореянинг Чеджудо оролидаги Халласан тоғидан ва КХДРнинг Хитой билан чегарасидаги Пэктусан вулқонидан олиб келинди. Ким Чен Ин дарахтга Сеул орқали оқиб ўтувчи Ханган дарёсидан, Мун Чжэ Ин эса — Шимолий Корея ҳудудидан ўтувчи Тэдонган дарёсидан олиб келинган сувни қуйди.

Ядро дастури — минтақадаги кескинлик омили

КХДР 2005 йилнинг февралида ядро қуролига эга бўлганини маълум қилди. Ушбу қурол бир неча бор синовдан ўтказилиб, жаҳон жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлди. Ким Чен Ин 2011 йил декабрида ҳокимият тепасига келиши билан ядро ҳамда жанговар ракета дастурини кучайтиришга киришди. Бир неча бор ядро қуроли синови ўтказилди. 2015 йилда КХДР ҳукумати мамлакатнинг ядро дастурини тўхтатиб қўйишга қаратилган АҚШ, Россия, Хитой, Япония ҳамда Корея Республикасидан иборат олти мамлакат иштирокидаги музокараларда иштирок этишдан бош тортди ва кейинги йил яна икки бор ядро синовини амалга оширди. Шимолий Кореяда сўнгги олтинчи ядро қуроли синови 2017 йилнинг 3 сентябрида ўтказилди. Ядро қуроли билан бир қаторда КХДР узоқ масофага учириладиган ракеталарга ҳам эга бўлди ва қўллаб кўрди. Сўнгги бор бундай синовлар ўтган йилнинг 28 ноябрида ўтказилган эди. 2017 йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилган мунтазам синовлар туфайли Корея ярим оролида вазият ниҳоятда кескинлашди. Япония устидан баллистик ракета учирилди ва у мамлакат соҳилидан 210 километр узоқликка бориб тушди.

АҚШлик экспертларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, Пхеньян 20 та тайёр ядро зарядига эга. Бундан ташқари, КХДРда яна 60 та ана шундай каллакларни тайёрлаш учун хом-ашё ресурслари мавжуд.

Корея Халқ Демократик Республикасига нисбатан илк санкция 2006 йилда — мазкур мамлакат томонидан ядро қуроли илк бор муваффақиятли синовдан ўтказилгач қўлланилган. Шундан сўнг шимолликлар яна ўз ядро дастурини кенгайтириб, баллистик ракеталар ҳамда сунъий йўлдошини синовдан ўтказди. Бунинг натижасида унга нисбатан санкциялар қамрови янада кенгайди. Сўнгги маротаба ушбу мамлакатга нисбатан йирик чекловлар 2017 йилда қўлланилган. Ушбу санкциялар АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Япония, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан қўлланиб келинди. Муайян муддатда Шимолий Кореяга нефть ва авиация ёнилғиси импорти, қурол-яроғ савдоси, табиий ресурслар ва турли маҳсулотларни экспорт қилиш таъқиқлаб қў­йилди. Мамлакатнинг хориж банкларидаги ҳисоб рақамлари ва активларини музлатиб қўйиш, кредит олишга рухсат бермаслик сингари турли молиявий чекловлар ҳам ўрнатилди.

АҚШ ва КХДР муносабатлари

2018 йилнинг 1 январида Ким Чен Ин миллий ядро кучларини яратиш ишларини якунига етказганини маълум қилди. Шунга қарамай, жорий йилнинг март ойи бошларида КХДР агар мамлакат хавфсизлиги ташқи таъсирлардан тўлиқ таъминланган тақдирда ядро қуролидан воз кечишга қарши эмаслигини, АҚШ билан музокаралар ўтказишга розилигини, мазкур мамлакат билан муносабатларни тиклашга тайёрлигини билдирди. Шу йилнинг апрель ойида эса ядро синовларини тўхтатгани ҳамда ядро полигонини ёпиб қўйганини маълум қилди.

Дунё афкор оммаси томонидан узоқ кутилган мазкур саммит АҚШ ҳамда КХДР давлат раҳбарлари учрашувларидан олдинги тайёргарлик келишуви сифатида баҳоланяпти. Яқин орада Ким Чен Ин АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашиши кутилмоқда. Шимолий Корея етакчиси Трампнинг Пханмунжомда — икки Корея мамлакатларининг чегарасидаги демилитаризация қилинган (қуролсизлантирилган) ҳудудида кўришиш таклифини қабул қилган. Фақат КХДР ҳамда АҚШ давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтадиган сана ҳали аниқ эмас. Давлат раҳбарлари, эҳтимол, шу йилнинг май ойи охирларида учрашиши мумкин. Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар, Корея ярим оролидаги вазият муҳокама қилинади. Бундан аввал АҚШ Президенти Дональд Трамп Шимолий Кореянинг ядро синовларини “бир ёқли” қилишини, “мамлакатда ўрнатилган режим инсон ҳуқуқлари ва қадр-қиматига дахл қилаётганини” маълум қилиб, Ким Чен Инни эса “ракета-одам”, деб таърифлаганди. Шимолий Корея эса бунга жавобан ядро қуроли билан таҳдид қилиб, ҳатто, АҚШни инсон ҳуқуқларининг асосий бузғунчиси деб атади.

Экспертларнинг фикрича, мазкур учрашувда АҚШ КХДРни ядро қуролидан бутунлай воз кечишига кўндириши, бироқ Корея ярим ороли ядро қуролидан тўлиқ ҳоли қилинмас экан, мамлакатга нисбатан санкциялар бекор бўлмаслиги тахмин қилинмоқда.

Тинчлик ва ҳамкорликдан иккала томон ҳам манфаатдор

Ким Чен Ин янги йил муносабати билан сўзлаган нутқида миллий ядро кучларини яратиш ишларини якунига етказганини маълум қилиб, жануб корейслари билан муносабатларни яхшилаш, зиддиятларга барҳам бериш ҳамда Корея ярим оролида тинчлик муҳитини қарор топтириш лозимлигини қайд этганди. Жануб ва Шимол муносабатларининг илиқлашуви эса Пхёнчхандаги қишки Олимпиадада шимоллик спортчиларнинг иштироки ҳамда Ким Чен Иннинг синглиси Ким Е Чжоннинг Корея Рес­публикасига амалга оширган расмий ташрифи фонида юз берди.

“Муносабатларга таъсир кўрсатган асосий омил — бу Мун Чжэ Иннинг давлат маъмурияти, — дейди Санкт-Петербург давлат университети Америка тадқиқотлари кафедраси доценти, КХДР ҳамда Корея Республикаси бўйича мутахассис Ирина Ланцова. — У ўтган йилнинг май ойида Корея Республикаси Президенти этиб сайланган эди. Мун Чжэ Ин сўл либерал йўналишдаги сиёсатчи. У ўз вақтида Президент Но Му Хён маъмуриятига бошчилик қилган. Президентлар Но Му Хён ҳамда Ким Дэ Чжун эса шимолга нисбатан “юмшоқ” сиёсат юритиши билан ажралиб турган. Ким Дэ Чжун Шимолий Корея билан илиқ муносабатлар ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун ўз вақтида Нобель мукофоти билан ҳам тақдирланган эди. Бу билан Мун Чжэ Ин моҳиятан Ким Дэ Чжун ҳамда Но Му Хён олиб борган сиёсатни давом эттирмоқда. Бу биринчи омил”.

Экспертнинг фикрича, иккинчи омил Ким Чен Иннинг вазиятни ўнглашга уриниши билан боғлиқ. Гап шундаки, КХДР етакчиси сўнгги пайт­ларда мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Бундай шароитда у ўз ҳокимиятини кучайтиришни ўйлаяпти, бироқ мунтазамлик касб этаётган, ташқи томондан олиб борилаётган кучли босим барқарорликка ўз таъсирини ўтказмоқда. Сўнгги пайтларда мамлакатга нисбатан қўлланилган санкциялар мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётир. Бундай вазиятда Шимолий Кореянинг жанубликлар билан муносабатларини яхшилашга уринишини тўғри тушуниш мумкин.

Ихтилоф ва адоватлар ортда қолди

Олий даражадаги музокарадан сўнг икки давлат раҳбарлари — Мун Чжэ Ин ҳамда Ким Чен Ин томонидан саммит якунлари бўйича қўшма баёнот имзоланди. Ўзаро тинчлик, Корея ярим оролини бирлаштириш ва тараққий эттиришга бағишланган Пханмунжом декларацияси Корея ярим оролида тинчлик-осо­йишталик муҳитини қарор топтириш йўлидаги катта қадам бўлди, дейиш мумкин. Томонлар халқаро ҳамжамият кўмагида ярим оролни  ядро қуролидан ҳоли ҳудудга айлантириш ишларини бошлаш, минтақада “доимий ва мустаҳкам тинчлик” муҳитини қарор топтиришга эришиш, бир-бирига нисбатан ҳар қандай душманона ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олишди. Декларация қуролланишни босқима-босқич камайтириб бориш, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда бир-бирига қарши қуролли кучларни қўлламаслик ва якунда Корея ярим оролида тинч-тотув, осойишта муҳитни қарор топтириш ҳамда бошқа мамлакатлар билан кўп томонлама музокараларга киришини кўзда тутади. Бундан ташқари, Жануб ва Шимол ўртасида темир йўл қатновини йўлга қўйиш, Корея урушидан сўнг ажралиб қолган ҳамда икки мамлакат ҳудудида яшаб қолган оилаларнинг дийдорлашишига имкон яратилиши кутилмоқда. Декларацияда шу йилнинг кузида Корея Республикаси Президентининг КХДРга ташрифи ҳам назарда тутилган.

Учрашув доирасида КХДР ҳамда Корея Рес­публикаси давлат раҳбарлари Корея урушига жорий йилда якун ясашга келишиб олди. Шу билан бирга, ҳар икки етакчи амалдаги сулҳ режимидан тинчлик битимига ўтиш мақсадини эълон қилишни режалаштирмоқда. Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги уруш аслида 1950 йилдан бери давом этиб келган. 1953 йилда эса вақтинчалик сулҳ ҳақида битим имзоланган, холос.

Корея ярим оролидаги икки мамлакат раҳбарларининг мазкур қадамини яқин қўшни мамлакатлар, жумладан, Хитой, Россия ҳамда Япония илиқ кутиб олди. Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Пханмунжомда Корея давлатлари ўртасидаги саммит муваффақиятли ўтгани муносабати билан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инга табрик йўллади. Президентимиз табрикда музокаралар самимий ва дўстона муҳитда ўтгани, унинг якуни бўйича қабул қилинган, икки давлатни яқинлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш юзасидан ғоят муҳим келишувларни мустаҳкамлаб берган Корея ярим оролида тинчлик ва тараққиётга эришиш, уни бирлаштириш ҳақидаги Пханмунжом декларацияси Корея Республикаси ва КХДР ўртасида янги шериклик даври бошланганига умид, ишонч уйғотаётганини таъкидлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ташаббускори сифатида, ҳеч шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва минтақада интеграция жараёнларини илгари суришга хизмат қиладиган Корея ярим оролидаги денуклеаризация жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Milliy tiklanish” шарҳловчиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг