Таълим тизимида сифат ва самарадорлик

0
12

Миллий матбуот марказида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тизимда амалга оширилаётган туб ислоҳотларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнини такомиллаштиришга илғор хорижий технологияларни кенг жалб этиш, олий таълим муассасаларида илмий салоҳиятни юксалтириш, ёш олимларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш каби мавзулар муҳокама этилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини ташкилий-методик таъминлаш бош­қармаси бошлиғи Абдували Холиқов олий таълим муассаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш борасида маълумот берди.

— Айни пайтда республикадаги мавжуд 68 лицей тегишли олий таълим муассасаларига бириктирилган, — деди А. Холиқов. — Академик лицейда ўқиш истаги бўлган умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларини ўқишга қабул қилиш, саралаш имтиҳонларини ўтказиш ва яна бир қатор тартиблар ишлаб чиқилди. Академик лицейда таълим олаётган ўқувчининг яшаш шароити, овқатланиш харажати ҳам ҳисоблаб чиқилиб, таълим муассасасига моддий маблағ йўналтирилади. Бу моддий маблағларнинг энг кам иш ҳақи миқдоридаги қисми ўқувчининг ота-онаси ҳисобидан ундирилади. Шунингдек, лицей битирувчиларига 25 номдаги мутахассислик бериш ҳам белгиланган.

Анжуманда таъкидланганидек, бугунги кунда педагог кадрларни қайта тайёрлаш, улар малакасини оширишни тизимли ташкил этиш ва назорат қилиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширалаётир. Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тегишли ҳукумат қарорларига асосан тизимдаги Бош илмий-методик марказ, минтақавий ҳамда тармоқ марказларида амалга оширилмоқда. Амалдаги тартибга кўра, олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари 3 йилда камида бир марта 2 ой давомида ишдан ажралган ҳолда 288 соат ҳажмда таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги минтақавий тармоқ марказларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиши белгилаб қўйилган. Бугунги кунда мамлакатимизда ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси асосида йилига 8 мингга яқин педагог кадрлар ўз малакасини оширади. Ҳозирда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан муваффақиятли ўта олмаган 10–15 фоиз педагог кадрлар асосий ишидан ажралмаган ҳолда курсларни қайта ўзлаштириши учун масофавий таълим шакли жорий этилди.

Илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча жамғарма ташкил этилган бўлиб, улар олий таълим тизимида илмий салоҳиятни ошириш, таълим сифати ва мазмунини янада юксалтиришда кўмак­лашмоқда.

Матбуот анжуманида таълим тизимида ечимини кутаётган муаммоларга ҳам атрофлича тўхталинди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоб олди.

Ислом ИБОДУЛЛАЕВ,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг