Ногиронлиги бўлган ёшлар учун: олий ўқув юртига кириш квотаси оширилиши назарда тутилмоқда

0
17

Дунё аҳолиси жадал суръатларда кўпайиб бораётгани давлат ва жамият олдига қатор вазифалар қўймоқда. Маълумотларга кўра, 2025 йилга бориб 60 ёш ва ундан катталар сони 1 миллиард 100 миллиондан ошиб кетар экан. Бу, ўз-ўзидан, аҳоли орасида ногиронлик кўрсаткичининг ўсиши, ижтимоий муҳофазани кучайтиришни тақозо этади.

Бугунги кунда юртимизда 670 мингдан ортиқ ногиронлиги бор шахслар истиқомат қилади. Шу боис аҳолининг эҳтиёжманд қисмини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган, кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга тиббий-ижтимоий ёрдам беришнинг барқарор тизими жорий этилган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти, мақсад ва моҳияти мавзуида бўлиб ўтган конференцияда хабар берилди.

Унда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқалар ушбу фармон жамиятимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, улар учун қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда аҳолининг ушбу қатламига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 11 та реабилитация қилиш ва протезлаш маркази, 8 та санаторий хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, 33 та Мурувват ва Саховат уйлари фаолият юритяпти. Ушбу тиббий-ижтимоий муассасалар ҳозирда қарийб 70 мингга яқин эҳтиёжманд инсонларни қамраб олган. Бироқ аҳолининг тиббий-ижтимоий ёрдамга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун мавжуд имкониятлар билан чекланиб қолмаслик керак. Бунинг учун тиббий-ижтимоий муассасалар тузилмасини модернизациялаш, қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш, ўринлар сонини кўпайтириш, соҳага илғор техника ва технологиялар, илм-фан ютуқларини кенг тадбиқ этиш лозим.

— Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги 16 та касб-ҳунар коллежида, ногиронлиги бўлган ўсмир йигит-қизларни қисқа муддатда касбга йўналтириш, уларга талаб юқори бўлган касбларни янада чуқурроқ ўргатиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Низомов. — Иш берувчи уларни иш билан таъминлашда ногиронлик даражасидан келиб чиққан ҳолда ёндашиши, шарт-шароитни ҳисобга олиши, ҳатто молиявий масалаларигача эътибор қаратилганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Бухгалтерия, дастурлаш каби йўналишларда масофавий бандликни изчил йўлга қўйиш галдаги вазифаларимиз ҳисобланади.

Конференцияда ногиронлиги бўлган йигит-қизларни олий ўқув юртларида таҳсил олиши масаласи атрофлича муҳокама этилди. Таъкидланишича, олий таълимда улар учун 2 фоиз квота ажратилган бўлиб, ҳозирги кунда 805 нафар талаба ана шундай имтиёздан фойдаланган ҳолда таҳсил олмоқда. Уларнинг 781 нафари олий таълимнинг бакалавр, 24 нафари эса магистратура босқичида ўқияпти. 331 талаба ётоқхона билан таъминланган. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириши зарурлиги таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда 2018–2019 ўқув йилида ногиронлиги бўлган шахслар учун қабул квоталари бир неча баробарга оширилиши мумкин.

Конференцияда мактабгача таълим тизимида олиб борилаётган ишлар ва вазифалар, Мурувват, Саховат уйларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш ишларини тўлақонли ташкиллаштириш, уруш, меҳнат фронти қатнашчилари, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерларни соғломлаштириш кўлами, савиясини янада ошириш масалалари юзасидан маърузалар тингланди.

Дилфуза МАҲКАМОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг